9 1 Элиша эса пайғамбарларнинг ўғилларидан бирини чақириб, унга деди: “Белингни боғлаб, қўлингга мой идишини олгин ва Гилъаддаги Рамўтга боргин. 2 У ерга келганингда, ўша жойда Нимши ўғли Йеҳошафатнинг ўғли Йеҳуни топиб, унинг олдига боргин ва унга ўз биродарларининг орасидан чиқишини буюриб, уни ичкари хонага олиб киргин. 3 Кейин мой идишни олиб, уни унинг бошига қуйгин ва дегин: Раббий шундай дейди: Мен сени Исроил устидан подшоҳликка мойладим. Шундан сўнг эшикни очиб, қочгин ва кутмагин”. 4 Шунда пайғамбарнинг хизматкори бўлмиш шу ўспирин Гилъаддаги Рамўтга борди. 5 У келганида, мана, лашкарбошилар бирга ўтирар эдилар. У: “Эй, лашкарбоши, сенга гапим бор”,- деди. Йеҳу: “Биздан қайси биримизга?”- деди. У: “Сенга, эй, лашкарбоши”,- деди. 6 У туриб, уйга кирди. Ўспирин унинг бошига мой қуйди ва унга деди: “Исроилнинг Раббий Худоси шундай дейди: Мен сени Раббийнинг халқи устидан, Исроил устидан подшоҳликка мойладим. 7 Йезебелнинг қўлидан қулаган Менинг қулларим пайғамбарларнинг қони ва Раббийнинг барча қулларининг қони учун Мен қасос олишим учун сен ўз ҳукмдоринг Ахабнинг хонадонини қириб ташлайсан 8 ва Ахабнинг бутун хонадони ҳалок бўлади. Ахабнинг авлодидан деворга сиядиганларни – асирдагиларни ҳам, Исроилда қолганларни ҳам қириб ташлайман. 9 Мен Ахабнинг хонадонини Небат ўғли Йеробоамнинг хонадони ва Ахийаҳ ўғли Баашанинг хонадони каби қиламан. 10 Йезебелни эса Йезреэл даласида итлар ейди ва ҳеч ким уни дафн этмайди”. Сўнг у эшикни очиб, қочиб кетди. 11 Йеҳу ҳукмдорининг хизматкорларининг олдига чиқди ва улардан бири унга: “Тинчликми? Бу телба сенинг олдингга нима учун келибди?”- деди. У уларга: “Сизлар бу кишини ва унинг нима деганини биласизлар”,- деди. 12 Улар: “Бу ёлғон, бизга ҳозироқ айтгин”,- дедилар. У деди: “У менга: Раббий шундай дейди: Мен сени Исроил устидан подшоҳликка мойладим, деб бундай-бундай деди”. 13 Шунда улар шошилиб, ҳар бири ўз кийимларини олди‑да, зинапояларнинг устига тўшадилар ва бурғу чалиб: “Йеҳу подшоҳ бўлди!”- дедилар. 14 Нимши ўғли Йеҳошафатнинг ўғли Йеҳу Йеҳорамга қарши фитна уюштирди. Йеҳорам барча исроилликлар билан бирга Гилъаддаги Рамўтни Суриянинг подшоҳи Ҳазаэлдан қўриқлаб турар эди. 15 Лекин подшоҳ Йеҳорам Суриянинг подшоҳи Ҳазаэл билан жанг қилаётганида, сурияликлар яралаган жароҳатдан даволаниш учун Йезреэлга қайтиб келган эди. 16 Шунда Йеҳу отга ўтириб, Йезреэлга жўнаб кетди, чунки Йеҳорам ўша ерда ётган эди. Яҳудиянинг подшоҳи Ахазийаҳ Йеҳорамни кўргани келган эди. 17 Йезреэлнинг минорасида қоровул турган эди, у келаётган Йеҳунинг қўшинини кўриб: “Мен қўшин кўряпман”,- деди. Йеҳорам деди: “Отлиқни олиб, уларнинг олдига одамни юбор. У: Тинчлик биланми?- деб сўрасин”. 18 Бир отлиқ отда чиқиб борди ва унга пешвоз чиқиб: “Подшоҳ шундай дейди: Тинчлик биланми?”- деди. Йеҳу: “Тинчлик билан нима ишинг бор? Менинг ортимдан юр”,- деди. Қоровул хабар бериб: “Хабарчи уларнинг олдига борди, лекин у ортига қайтмади”,- деди. 19 Шунда бошқа отлиқни юборди. У уларнинг олдига келиб: “Подшоҳ шундай дейди: Тинчлик биланми?”- деди. Йеҳу: “Тинчлик билан нима ишинг бор? Менинг ортимдан юр”,- деб жавоб берди. 20 Қоровул хабар бериб: “У ҳам уларнинг олдига борди ва ортига қайтмаяпти, лекин келаётганнинг юриши худди Нимши ўғли Йеҳуникига ўхшайди, чунки у шиддат билан келмоқда”,- деди. 21 Шунда Йеҳорам: “Тайёрла”,- деди ва улар унинг аравасини тайёрладилар. Исроилнинг подшоҳи Йеҳорам ва Яҳудиянинг подшоҳи Ахазийаҳ ҳар бири ўзининг аравасига чиқди. Улар Йеҳунинг қаршисига чиқдилар ва у билан йезреэллик Наботнинг даласида учрашдилар. 22 Йеҳорам Йеҳуни кўрганида, у: “Эй, Йеҳу, тинчлик биланми?”- деди. У: “Сенинг онанг Йезебелнинг зинолари ва унинг кўп жодугарликлари билан қанақа тинчлик бўлиши мумкин?”- деди. 23 Шунда Йеҳорам қўлини буриб, югуриб кетди ва Ахазийаҳга: “Ҳой, Ахазийаҳ, бу хиёнат!”- деди. 24 Йеҳу бор кучи билан камонни тортиб, Йеҳорамнинг елкалари орасига ўқ отди. Камон ўқи унинг юрагини тешиб ўтди ва у ўз аравасига йиқилди. 25 Шунда Йеҳу ўзининг саркардаси Бидкарга деди: “Уни олиб, йезреэллик Наботнинг даласига ташла. Эсингда борми – биз иккаламиз унинг отаси Ахабнинг ортидан кетаётганимизда, Раббий унга қарши шундай башорат қилган эди: 26 Мен кеча Наботнинг ва унинг ўғилларининг қонини кўрдим,- дейди Раббий. Мен сендан шу далада қасос оламан,- дейди Раббий. Шундай қилиб, Раббийнинг сўзи бўйича уни далага ташлагин”. 27 Яҳудиянинг подшоҳи Ахазийаҳ буни кўриб, боғдаги йўлдан уйи томон қочди. Йеҳу унинг ортидан қувиб: “Уни ҳам аравада ўлдиринглар!”- деди. Бу Иблеамдаги Гур тепалигида содир бўлди. У Мегиддонга қочиб кетди ва ўша ерда ўлди. 28 Сўнгра унинг қуллари уни аравада Йерусалимга олиб боришди ва уни оталари ёнида, Довуднинг шаҳрида дафн этишди. 29 Ахаб ўғли Йеҳорам ҳукмронлигининг ўн биринчи йилида Яҳудияда Ахазийаҳ подшоҳ бўлди. 30 Йеҳу Йезреэлга келди. Йезебел бу ҳақида эшитганида, юзини пардозлаб, бошини безади ва деразадан қараб турди. 31 Йеҳу дарвозадан кирганида, у: “Эй, ўз ҳукмдорининг қотили Зимри, тинчлик биланми?”- деди. 32 Йеҳу эса юзини деразага қаратиб: “Ким мен тарафда, ким?”- деди. Унга икки‑уч нафар бичилган қуллар эгилиб қарадилар. 33 У: “Уни улоқтириб юборинглар”,- деди. Улар уни улоқтириб юбордилар. Унинг қони деворга, отларга сачраб кетди ва уни топтаб ташладилар. 34 Йеҳу ичкарига киргач, еб-ичди ва деди: “Боринглар, бу лаънати аёлни дафн этинглар, чунки у подшоҳнинг қизи”,- деди. 35 Улар уни дафн этиш учун бордилар, лекин улар унинг бош суяги, товонлари ва қўлларининг бармоқларидан бўлак ҳеч нимани топа олмадилар. 36 Улар қайтиб келиб, буни унга айтдилар. У деди: “Раббий Ўз қули тишбитлик Элийаҳ орқали айтган сўзи шундай эди: Йезебелнинг танасини Йезреэл даласида итлар ейди. 37 Йезебелнинг мурдаси Йезреэл майдонида даладаги гўнг каби бўлади, шунинг учун ҳеч ким: Бу Йезебел, деб айта олмайди”.