10 1 Ахабнинг Самарияда етмиш нафар ўғли бор эди. Йеҳу мактублар ёзиб, Самарияга Йезреэл бошлиқларига, оқсоқолларига ва Ахаб ўғилларининг тарбиячиларига юборди. Унда шундай дейилган эди: 2 “Бу мактуб сизларга етиб борганида, мана, ҳукмдорингизнинг ўғиллари сизларда, аравалар, отлар, мустаҳкамланган шаҳар ва қуроллар ҳам сизларда, 3 шунинг учун ўз ҳукмдорингизнинг ўғилларидан энг яхшисини ва маъқулини танланглар, уни отасининг тахтига ўтқизинглар ва ўз ҳукмдорингизнинг хонадони билан бирга жанг қилинглар”. 4 Улар эса жуда қўрқиб: “Мана, унинг қаршисида иккита подшоҳ тура олмади, биз қандай тура оламиз?”- дедилар. 5 Подшоҳ уйи устидан бошлиқ, шаҳар бошлиғи, оқсоқоллар ва тарбиячилар Йеҳуга: “Биз сизнинг қулларингизмиз, бизга нима буюрсангиз, шуни бажарамиз. Биз ҳеч кимни подшоҳ қилмаймиз, сизга нима маъқул бўлса, ўшани қилинг”,- дейиш учун одам юбордилар. 6 Шунда у уларга иккинчи марта шундай мактуб юборди: “Агар сизлар мен тарафда бўлсангизлар ва менинг сўзимга итоат қилсангизлар, унда ўз ҳукмдорингиз ўғилларининг бошларини олиб, эртага мана шу вақтда Йезреэлга, менинг олдимга келинглар”. (Подшоҳнинг ўғиллари етмиш киши эди. Шаҳарнинг энг атоқлилари уларни тарбия қилар эдилар). 7 Уларга мактуб етиб келганида, улар подшоҳнинг ўғилларини олиб, ҳаммаларини – етмиш кишини сўйдилар. Сўнг уларнинг бошларини саватга солиб, Йеҳунинг олдига Йезреэлга юбордилар. 8 Элчи келганида, унга хабар етказиб: “Подшоҳ ўғилларининг бошларини келтиришди”,- деди. У: “Уларни эрталабгача дарвоза ёнига икки уюм қилиб қўйинглар”,- деди. 9 У эрталаб туриб, чиқди ва бутун халққа деди: “Сизлар айбдор эмассизлар! Мана, мен ўз ҳукмдоримга қарши фитна қилдим ва уни ўлдирдим, аммо буларнинг барчасини ким ўлдирди? 10 Энди эса билиб олинглар, Раббий Ахабнинг хонадони ҳақида айтган Унинг бирор сўзи ерга тушмайди. Раббий Ўз қули Элийаҳ орқали айтган сўзини амалга оширди”. 11 Йеҳу Йезреэлда Ахабнинг хонадонидан қолганларнинг барчасини: унинг барча амалдорларини, унинг яқинларини ва унинг руҳонийларини ўлдирди. Ундан ҳеч бир тирик жон қолмади. 12 Шунда у туриб, Самарияга келди. Йеҳу йўл бўйи Бейт‑Экедидаги чўпонларнинг жойида бўлиб, 13 Яҳудия подшоҳи Ахазийаҳнинг биродарларига дуч келди ва уларга деди: “Сизлар кимсизлар?” Улар: “Биз Ахазийаҳнинг биродарларимиз, биз подшоҳ ва маликанинг ўғилларининг соғлиғи ҳақида билиш учун бормоқдамиз”,- дедилар. 14 У: “Уларни тириклайин тутинглар”,- деди. Уларни тириклайин тутиб, ҳаммаларини – қирқ икки кишини Бейт‑Экеддаги қудуқ ёнида сўйдилар. Улардан бирортаси ҳам тирик қолмади. 15 Сўнг у ердан жўнаб кетаётганида, унга пешвоз келаётган Реқаб ўғли Йонадаб билан учрашди ва у билан саломлашиб, унга: “Менинг юрагим сенинг юрагингга мойил бўлгани каби, сенинг юрагинг ҳам менга мойилми?”- деди. Йонадаб: “Ҳа, шундай”,- деб жавоб берди. Йеҳу: “Агар шундай бўлса, унда қўлингни бер”,- деди. У унга ўз қўлини узатди ва у уни ўзининг олдига аравага чиқариб олди. 16 У: “Мен билан бирга юргин ва менинг Раббийга бўлган рашкимни кўргин”,- деб айтиб, уни ўз аравасига миндириб кетди. 17 У Самарияга келганида, у Ахабнинг Самарияда қолган барча одамларини ўлдирди. Шундай қилиб, Раббийнинг Элишага айтган Унинг сўзи бўйича Ахабнинг хонадонини буткул қириб ташлади. 18 Йеҳу бутун халқни йиғиб, уларга деди: “Ахаб Баалга кам хизмат қилди, Йеҳу унга кўпроқ хизмат қилади. 19 Шунинг учун, менинг олдимга Баалнинг барча пайғамбарларини, унинг барча хизматчилару руҳонийларини чақиринглар, токи ҳеч ким қолмасин. Зеро мен Баалга буюк қурбонлик келтирмоқчиман. Агар кимки келмаса, тирик қолмайди”. Йеҳу Баалнинг хизматчиларини қириб ташлаш ниятида буни айёрлик билан қилди. 20 Йеҳу: “Баал учун тантанали йиғин эълон қилинглар”,- деди. Улар буни эълон қилдилар. 21 Йеҳу бутун Исроил бўйлаб элчиларни юборди ва Баалнинг барча хизматчилари келишди. Келмаган бирор киши ҳам қолмади. Улар Баалнинг уйига кирдилар ва Баалнинг уйи бошидан охиригача лиқ тўлди. 22 У кийимларнинг қоровулига: “Баалнинг барча хизматчилари учун махсус кийим олиб кел”,- деди. У уларга кийим олиб келди. 23 Йеҳу Реқаб ўғли Йонадаб билан бирга Баалнинг уйига кирди ва Баалнинг хизматчиларига: “Суриштиринглар ва қаранглар, сизларнинг орангизда Йаҳвеҳнинг хизматчиларидан бирор киши йўқми, бу ерда фақат Баалнинг хизматчилари бўлиши керак”,- деди. 24 Улар қурбонликлар ва тамоман ёндириш қурбонликлари келтиришга киришдилар. Йеҳу эса саксонта одамни уйнинг ташқарисига қўйиб: “Мен сизларнинг қўлларингга топширган одамлардан бирортаси қочиб кетса, уни қочириб юборган одамнинг жони унинг жони ўрнига бўлади”,- деди. 25 Тамоман ёндириш қурбонлиги тугатилганида, Йеҳу тез чопар одамларга ҳамда бошлиқларга: “Киринглар, уларни ўлдиринглар. Уларнинг бирортаси чиқиб кетмасин”,- деди. Уларни қиличнинг тиғи билан қириб ташлаганидан сўнг тез чопарлар ва бошлиқлар уларни улоқтириб юбориб, шаҳарда бўлган Баалнинг бутхонасига бордилар. 26 Улар Баалнинг бутхонасидан бутларни чиқариб, уларни куйдирдилар. 27 Улар Баалнинг бутини синдирдилар ва Баалнинг бутхонасини вайрон қилдилар. Уни ахлатхонага айлантирдилар, бу ҳозирги кунларгача шундайдир. 28 Шундай қилиб, Йеҳу Баални Исроил еридан қириб ташлади. 29 Бироқ Йеҳу Исроилни гуноҳга ботирган Небатнинг ўғли Йеробоамнинг гуноҳларидан – Бейт-Эл ва Дандаги олтин буқалардан чекинмас эди. 30 Раббий Йеҳуга: “Сен Менинг нигоҳимда тўғри ишни иштиёқ билан амалга оширганинг учун ва Менинг юрагимда бўлган ҳамма нарсани Ахабнинг хонадони устидан амалга оширганинг учун сенинг ўғилларинг тўртинчи авлодгача Исроил тахтида ўтиради”,- деди. 31 Лекин Йеҳу бор юраги билан Исроилнинг Раббий Худосининг қонунида юришга ҳаракат қилмас эди. У Исроилни гуноҳга ботирган Йеробоамнинг гуноҳларидан чекинмас эди. 32 Ўша вақтларда Раббий исроилликларнинг улушларини кесишни бошлади. Ҳазаэл Исроилнинг барча ҳудудларида: 33 Йордандан шарққа қараб Гилъаднинг бутун ерида, Гад, Рубен ва Манашеҳ қабилаларининг ерларида, Арнон дарёси ёнидаги Ароэрдан бошлаб, то Гилъад ва Башангача уларни шикастлади. 34 Йеҳунинг қолган фаолияти, унинг қилган барча ишлари ва унинг бор қудрати ҳақида Исроилнинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 35 Йеҳу кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва уни Самарияда дафн этишди. Унинг ўрнига унинг ўғли Йеҳоахаз подшоҳ бўлди. 36 Йеҳунинг Самарияда Исроил устидан ҳукмронлигининг вақти йигирма саккиз йил эди.