11 1 Ахазийаҳнинг онаси Аталйаҳ ўғлининг ўлганини кўрганида, туриб, бутун подшоҳ уруғини қириб ташлади. 2 Ахазийаҳнинг опаси, Йеҳорамнинг қизи Йеҳошеба эса Ахазийаҳнинг ўғли Йоашни олиб, ўлдирилиши керак бўлган подшоҳнинг ўғиллари орасидан уни яширинча олиб кетди. Шундай қилиб, у Аталйаҳдан уни ва унинг энагасини тўшаклар хонасига яширди, ва у ўлдирилмади. 3 У Йоашни Раббийнинг уйида олти йил яширди. Бу пайтда Аталйаҳ ерда ҳукмронлик қилар эди. 4 Еттинчи йили руҳоний Йеҳойада одам юборди ва юзбошиларни, тез чопарларнинг бошлиқларини олиб, уларни ўзининг олдига, Раббийнинг уйига келтирди. Улар билан битим тузиб, уларга Раббий уйида қасам ичирди ва уларга подшоҳнинг ўғлини кўрсатди. 5 У уларга буюриб деди: “Мана, сизлар нима иш қилишингиз керак: шаббат куни келадиган сизларларнинг учдан бир қисмингиз подшоҳнинг уйида қоровуллик қилсин; 6 учдан бир қисмингиз Сур дарвоза ёнида турсин ва учдан бир қисмингиз дарвоза ёнида, қўриқчиларнинг орқасида турсин. Шндай қилиб, уйга зиён етказилмаслиги учун уни қўриқланглар. 7 Шаббат куни чиқадиган сизларнинг икки қисмингиз подшоҳ учун Раббий уйини қўриқласин. 8 Сизларнинг ҳар бирингиз қўлингизда қуролингиз билан подшоҳни ҳар томонидан ўраб олинглар, бирор киши қаторга кирса, ўша ўлдирилсин. Подшоҳ кириб-чиқаётганида, унинг ёнида бўлинглар”. 9 Юзбошилар руҳоний Йеҳойада буюрганларининг барчасини бажардилар. Уларнинг ҳар бири шаббат куни келаётганлардан ва шаббатдан кетаётганлардан ўз одамларини олиб, руҳоний Йеҳойаданинг олдига келдилар. 10 Руҳоний юзбошиларга Раббийнинг уйидаги подшоҳ Довуднинг найзаларини ҳамда қалқонларини тарқатди. 11 Тез чопарларнинг ҳар бири қўлларида ўз қуроллари билан маъбаднинг ўнг бурчагидан то маъбаднинг чап бурчагигача, қурбонгоҳнинг ва маъбаднинг ёнида подшоҳнинг атрофида турдилар. 12 Шунда Йеҳойада подшоҳнинг ўғлини чиқариб, унга шоҳона тож ва безаклар кийдирди. Улар уни подшоҳ қилдилар ва уни мойладилар. Сўнг улар чапак чалиб: “Яшасин подшоҳ!”- деб ҳайқирдилар. 13 Аталйаҳ югураётган халқнинг овозини эшитиб, Раббийнинг уйига, халқнинг олдига борди. 14 У кўрдики, мана, подшоҳ одат бўйича супачада турар, ҳокимлар ва карнайчилар подшоҳнинг ёнида турар, ернинг бутун халқи шодланар ҳамда карнай чалар эди. Шунда Аталйаҳ ўз кийимларини йиртиб: “Хиёнат, хиёнат!”- деб қичқирди. 15 Руҳоний Йеҳойада эса қўшин устидан бошчилик қилаётган юзбошиларга буюриб, уларга: “Уни қатордан чиқаринглар, агар бирор киши унинг ортидан борса, қилич билан ўлдиринглар”,- деди. Руҳоний: “Уни Раббийнинг уйида ўлдирманглар”,- деди. 16 Улар унга йўл бердилар, у отлар кирадиган йўл орқали подшоҳнинг уйига борди ва ўша жойда ўлдирилди. 17 Йеҳойада эса Раббий, подшоҳ ва халқ орасида аҳд тузди, токи улар Раббийнинг халқи бўлсинлар. Сўнгра подшоҳ ва халқ орасида ҳам аҳд тузди. 18 Ернинг бутун халқи Баал уйига бориб, уни барбод қилдилар. Улар унинг қурбонгоҳларини ва унинг бутларини парчалаб ташладилар ва Баалнинг руҳонийси Маттанни қурбонгоҳ ёнида ўлдирдилар. Сўнг руҳоний Раббийнинг уйига назоратчиларни тайинлади. 19 У юзбошиларни, қўриқчиларни, тез чопарларни ва ернинг бутун халқини олиб, биргаликда подшоҳни Раббий уйидан кузатдилар ва қўриқчиларнинг дарвозаси йўли орқали подшоҳнинг уйига келдилар. Шунда у подшоҳнинг тахтига ўтирди. 20 Ернинг бутун халқи шодланар эди ва шаҳар тинчланди. Аталйаҳни эса улар қилич билан ўлдирдилар. 21 Йоаш подшоҳ бўлганида, етти ёшда эди.