12 1 Йеҳу ҳукмронлигининг еттинчи йилида Йоаш подшоҳ бўлди ва у Йерусалимда қирқ йил ҳукмронлик қилди. Унинг онасининг исми Зибиаҳ бўлиб, у Беир-Шебадан эди. 2 Йоаш эса руҳоний Йеҳойада унга насиҳат қилган барча кунларида Раббийнинг нигоҳида тўғри ишларни қилар эди. 3 Фақат тепаликлар йўқ қилинмаган эди. Халқ ҳануз тепаликларда қурбонликлар олиб келар ва тутатқилар тутатар эди. 4 Йоаш руҳонийларга деди: “Раббийнинг уйига бағишлов сифатида берилган кумушни, эҳсон сифатида олиб келинган кумушни, ҳар бир жон учун солиқ сифатида берилган кумушни ва ихтиёрий ҳадя сифатида олиб келинган кумушни Раббийнинг уйига тўпланглар. 5 Руҳонийларнинг ҳар бири олиб келувчилардан кумушни олсин ва улар маъбаднинг ёриқларини, ёриқ топилган барча жойни таъмирласинлар”. 6 Лекин подшоҳ Йоаш ҳукмронлигининг йигирма учинчи йилигача руҳонийлар маъбаднинг ёриқларини таъмирламадилар. 7 Шунда подшоҳ Йоаш Йеҳойада ва руҳонийларни чақириб, уларга: “Нима учун сизлар маъбаднинг ёриқларини таъмирламаяпсизлар? Энди олиб келувчилардан кумуш олманглар, бироқ уни маъбаднинг ёриқларини таъмирлаш учун топширинглар”,- деди. 8 Руҳонийлар маъбаднинг ёриқларини таъмирлаш учун халқдан кумуш олмасликка рози бўлишди. 9 Руҳоний Йеҳойада бир қути олиб, унинг усти томонидан туйнук очди ва уни Раббийнинг уйига кириладиган эшикнинг ўнг томонидаги қурбонгоҳнинг ёнига қўйди. Бўсағада қўриқчилик қиладиган руҳонийлар Раббийнинг уйига келтириладиган барча кумушларни унга солар эдилар. 10 Улар қутидаги кумушнинг кўплигини кўрганларида, подшоҳнинг котиби ва руҳонийлар келиб, уларни халталарга солар ва Раббийнинг уйида йиғилган кумушларни қайтадан санар эдилар. 11 Улар саналган кумушларни Раббийнинг уйига бириктирилган иш юритувчи одамларга топширар эдилар. Улар эса кумушни Раббий уйида ишлаётган дурадгорларга, қурувчиларга, 12 деворларни таъмирловчиларга, тош йўнувчиларга берар эдилар. Шунингдек, Раббий уйининг ёриқларини таъмири учун, дарахтлар ва йўнилган тошларни сотиб олишга ҳамда маъбаднинг таъмирига ишлатиладиган барча нарсалар учун кумушни сарфлар эдилар. 13 Лекин Раббийнинг уйига келтирилган кумушдан Раббийнинг уйида фойдаланиш учун кумуш тоғоралар, пичоқлар, косалар, карнайлар, ҳар хил олтин ва кумуш идишлар ясалмас эди. 14 Фақатгина кумушни иш юритувчиларга берар эдилар, улар эса Раббийнинг уйини таъмирлар эдилар. 15 Раббийнинг уйида ишловчиларга пул тақсимлайдиган одамлардан ҳисобот талаб қилмас эдилар, чунки улар ростгўйлик билан ҳаракат қилдилар. 16 Айбдорлик қурбонлиги учун кумуш ва гуноҳ қурбонлиги учун кумуш Раббийнинг уйига олиб кирилмас эди. Булар руҳонийларга тегишли эди. 17 Ўша кунларда Суриянинг подшоҳи Ҳазаэл жанг сафарига чиқди ва Гатга қарши уруш қилиб, уни қўлга киритди. Сўнг Ҳазаэл Йерусалимга боришни ният қилди. 18 Яҳудиянинг подшоҳи Йоаш эса унинг оталари – Яҳудиянинг подшоҳлари Йеҳошафат, Йеҳорам, Ахазийаҳ маъбадга қурбонлик қилган барча олтинларни, унинг ўзи қурбонлик қилган олтинларни, Раббий уйининг ҳамда подшоҳ уйининг хазинасидан топилган барча олтинларни олиб, Суриянинг подшоҳи Ҳазаэлга жўнатди. Шунда у Йерусалимдан чекинди. 19 Йоашнинг бошқа фаолияти ва унинг қилган барча ишлари Яҳудия подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 20 Унинг хизматкорлари кўтарилиб, фитна уюштирдилар ва уни Силла йўлидаги Миллонинг уйида ўлдирдилар. 21 Уни қуйидаги хизматкорлари ўлдирдилар: Шимеатнинг ўғли Йозақар ва Шомернинг ўғли Йеҳозабад. Подшоҳ ўлди ва уни Довуднинг шаҳрида, оталарининг ёнида дафн этдилар. Унинг ўрнига унинг ўғли Амазийаҳ подшоҳ бўлди.