13 1 Яҳудиянинг подшоҳи Ахазийаҳнинг ўғли Йоаш ҳукмронлигининг йигирма учинчи йилида Самарияда Исроил устидан Йеҳунинг ўғли Йеҳоахаз подшоҳ бўлди ва у ўн етти йил ҳукмронлик қилди. 2 У Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди. У Небат ўғли Йеробоамнинг Исроилни гуноҳга ботирган гуноҳларида юриб, улардан чекинмас эди. 3 Шунда Раббийнинг ғазаби Исроилга алангаланди ва У уларнинг барча кунларида уларни Суриянинг подшоҳи Ҳазаэлнинг қўлига ва Ҳазаэлнинг ўғли Бен-Ҳададнинг қўлига топширди. 4 Сўнг Йеҳоахаз Раббийнинг юзига ибодат қилди ва Раббий уни эшитди, чунки У Исроилнинг эзилишини ва Суриянинг подшоҳи уларни қандай эзаётганини кўрди. 5 Раббий исроилликларга қутқарувчини берди ва улар Суриянинг қўл остидан чиқди. Исроил ўғиллари худди олдингидек ўз чодирларида яшай бошладилар. 6 Бироқ улар Исроилни гуноҳга ботирган Йеробоам хонадонининг гуноҳларидан чекинмас, уларда юрар эдилар. Бунинг устига, Самарияда Аштарот бути турар эди. 7 Йеҳоахазнинг қўшинларидан фақат элликта отлиқ, ўнта арава ва ўн мингта яёв жангчи қолди, чунки Суриянинг подшоҳи уларни қириб ташлади ва уларни топталадиган тупроққа айлантирди. 8 Йеҳоахазнинг қолган фаолияти, унинг қилган барча ишлари ва куч-қудрати ҳақида Исроил подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 9 Йеҳоахаз кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва уни Самарияда дафн этдилар. Унинг ўрнига унинг ўғли Йоаш подшоҳ бўлди. 10 Яҳудиянинг подшоҳи Йоаш ҳукмронлигининг еттинчи йилида Самарияда Исроил устидан Йеҳоахазнинг ўғли Йоаш подшоҳ бўлди ва ўн олти йил подшоҳлик қилди. 11 У Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди. У Исроилни гуноҳга ботирган Небат ўғли Йеробоамнинг барча гуноҳларидан чекинмас, уларда юрар эди. 12 Йоашнинг қолган фаолияти, унинг қилган барча ишлари ва унинг куч-қудрати, унинг Яҳудия подшоҳи Амазийаҳ билан қандай жанг қилгани ҳақида Исроил подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 13 Йоаш кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва Йеробоам унинг тахтига ўтирди. Йоаш Самарияда Исроил подшоҳлари билан бирга дафн этилди. 14 Элиша касал бўлиб қолди ва шу касалликдан ўлди. Исроилнинг подшоҳи Йоаш унинг олдига келди ва унинг олдида йиғлаб: “Менинг отам, менинг отам, Исроилнинг араваси ва унинг отлиқлари!”- дер эди. 15 Элиша унга: “Камон ва камон ўқи ол”,- деди. У камон ва камон ўқларини олди. 16 Шунда у Исроил подшоҳига: “Қўлингни камонга қўй”,- деди. У қўлини қўйди ва Элиша ўз қўлини подшоҳ қўлининг устига қўйди. 17 Сўнг у: “Деразани шарқ томонга оч”,- деди. У очди. Шунда Элиша: “Ўқ от”,- деди. У ўқ отди. У: “Бу ўқ – Раббийнинг нажоти ва Суриядан қутулиш ўқидир, чунки сен сурияликларни тор-мор бўлгунларича, Афоқ шаҳрида қирғин қиласан”,- деди. 18 Элиша яна: “Ўқларни ол”,- деди. У олди. У Исроил подшоҳига: “Ерга ур”,- деди. У уч марта ерга урди ва тўхтади. 19 Худонинг одами ундан ғазабланиб: “Сен беш ёки олти марта уришинг керак эди, шунда сен сурияликларни буткул қириб ташлаган бўлар эдинг, энди эса сурияликларни фақат уч марта енгасан”,- деди. 20 Элиша ўлди ва уни дафн этдилар. Кейинги йили ерга мўабликларнинг бир тўдаси келишди. 21 Шундай бўлдики, бир кишини дафн этаётганларида, бу бир тўда одамни кўриб, дафн этувчилар ўша кишини Элишанинг қабрига тушуриб юбордилар. У тушиб кетиб, Элишанинг суякларига тегиб кетди ва у тирилиб, ўз оёқларига турди. 22 Суриянинг подшоҳи Йеҳоахазнинг барча кунларида исроилликларни эзар эди. 23 Лекин Раббийнинг уларга раҳми келиб, уларга шафқат қилди ва Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб билан тузган аҳди ҳақи уларга ўгирилди. Раббий уларни қириб ташлашни истамади ва улардан Ўз юзини ҳозиргача ўгирмади. 24 Суриянинг подшоҳи Ҳазаэл ўлди ва унинг ўрнига унинг ўғли Бен-Ҳадад подшоҳ бўлди. 25 Йеҳоахазнинг ўғли Йоаш эса ўз отасининг қўлидан уруш пайтида Ҳазаэлнинг ўғли Бен-Ҳадад томонидан тортиб олинган шаҳарларни Бен-Ҳададнинг қўлидан қайтариб олди. Йоаш уни уч марта мағлуб қилиб, Исроилнинг шаҳарларини қайтариб олди.