14 1 Исроил подшоҳи Йеҳоахаз ўғли Йоаш ҳукмронлигининг иккинчи йилида Яҳудиянинг подшоҳи Йоашнинг ўғли Амазийаҳ подшоҳ бўлди. 2 У подшоҳ бўлганида йигирма беш ёшда эди. У Йерусалимда йигирма тўққиз йил ҳукмронлик қилди. Унинг онасининг исми Йеҳоадден бўлиб, у йерусалимлик эди. 3 У Раббийнинг нигоҳида тўғри ишларни қилар эди, фақат унинг отаси Довуд каби эмас эди. У барча нарсада отаси Йоаш каби йўл тутар эди. 4 Фақат тепаликлар йўқ қилинмаган эди. Халқ ҳамон тепаликларда қурбонликлар келтирар ва тутатқи тутатар эди. 5 Унинг подшоҳлиги унинг қўлида мустаҳкамланганида, у подшоҳни – унинг отасини ўлдирган хизматкорларни ўлдирди. 6 Лекин Амазийаҳ қотилларнинг фарзандларини ўлдирмади, чунки Раббий амр этган Мусонинг қонуни китобида: “Оталар фарзандлари учун ўлим билан жазоланишлари керак эмас ва фарзандлар ҳам оталари учун ўлим билан жазоланишлари керак эмас, лекин ҳар бир киши ўзининг жинояти учун ўлим билан жазоланиши керак”,- деб ёзилган эди. 7 У ўн мингта эдўмликни Туз водийсида ўлдирди. У уруш қилиб, Селани қўлга киритди ва унинг номини Йоктеил, деб атади. Бу ҳозирги кунгача шундайдир. 8 Сўнг Амазийаҳ Исроил подшоҳи Йеҳунинг ўғли, Йеҳоахаз ўғли Йоашнинг олдига: “Чиқ, юзма‑юз учрашайлик”,- дейиш учун элчиларни юборди. 9 Исроил подшоҳи Йоаш Яҳудия подшоҳи Амазийаҳнинг олдига бундай дейиш учун одам юборди: “Лебанондаги тикан Лебанондаги кедрнинг олдига: Ўз қизингни менинг ўғлимга хотинликка бергин, деб хабар юборди. Лекин Лебанондаги йиртқич ҳайвонлар ўтиб, бу тиканни топтаб ташдилар. 10 Сен Эдўмни мағлуб қилдинг ва сенинг юрагинг мағрурланди. Бундан шарафлангин ва ўз уйингда ўтиргин. Ўзингга кулфат орттиришнинг нима кераги бор? Сен ва сен билан бирга Яҳудо ҳам қулайди”. 11 Лекин Амазийаҳ қулоқ солмади. Шунинг учун Исроил подшоҳи Йоаш борди. У ҳамда Яҳудиянинг подшоҳи Амазийаҳ Яҳудиядаги Бейт-Шемешда юзма‑юз учрашдилар. 12 Исроил Яҳудони мағлуб этди ва улар ўз чодирларига тарқаб кетдилар. 13 Шунда Исроилнинг подшоҳи Йоаш Яҳудиянинг подшоҳи Ахазийаҳ ўғли, Йоаш ўғли Амазийаҳни Бейт-Шемешда тутиб олди ва Йерусалимга бориб, Йерусалимнинг деворини Эфрайим дарвозасидан то бурчак дарвозасигача тўрт юз тирсак жойни вайрон қилди. 14 У Раббийнинг уйида, подшоҳнинг уйидаги хазиналардан топилган барча олтинларни, кумушларни ва барча идишларни, шунингдек, асирларни олиб, Самарияга қайтиб кетди. 15 Йоашнинг бошқа фаолияти, унинг қилган ишлари, унинг куч-қудрати, у Яҳудиянинг подшоҳи Амазийаҳ билан қандай жанг қилгани ҳақида Исроил подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 16 Йоаш кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва Самарияда Исроилнинг подшоҳлари билан бирга дафн этилди. Унинг ўрнига унинг ўғли Йеробоам подшоҳ бўлди. 17 Яҳудиянинг подшоҳи Йоаш ўғли Амазийаҳ Исроилнинг подшоҳи Йеҳохаз ўғли Йоашнинг ўлимидан сўнг ўн беш йил яшади. 18 Амазийаҳнинг бошқа ишлари Яҳудиянинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 19 Унга қарши Йерусалимда фитна уюштирдилар ва у Лақишга қочиб кетди. Лекин унинг ортидан Лақишга одамларни юбордилар ва уни ўша ерда ўлдирдилар. 20 Сўнг уни отларда олиб келдилар ва уни Йерусалимда, оталари ёнида Довуднинг шаҳрида дафн этдилар. 21 Яҳудиянинг бутун халқи ўн олти ёшли Азарийаҳни олиб, унинг отаси Амазийаҳнинг ўрнига подшоҳ қилдилар. 22 У Элатни қурди ва уни Яҳудияга қайтарди. Сўнг подшоҳ кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди. 23 Яҳудиянинг подшоҳи Йоаш ўғли Амазийаҳ ҳукмронлигининг ўн бешинчи йилида, Исроилнинг подшоҳи Йоашнинг ўғли Йеробоам Самарияда подшоҳ бўлди ва қирқ бир йил ҳукмронлик қилди. 24 У Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди. У Исроилни гуноҳга ботирган Небат ўғли Йеробоамнинг барча гуноҳларидан чекинмас эди. 25 Исроилнинг Раббий Худоси, Ўз қули Амиттай ўғли Йонаҳ, гиттаҳ-ҳеферлик пайғамбар орқали айтган сўзи бўйича у Исроилнинг чегараларини Ҳаматга кириш қисмидан саҳро денгизигача қайта тиклади. 26 Чунки Раббий Исроилнинг ўта аччиқ кулфатини кўрди, зеро Исроилга ёрдам беришга қодир на қул, на озод қолган эди. 27 Раббий само остидан Исроилнинг номини ўчириб ташлашни истамади ва уларни Йоаш ўғли Йеробоамнинг қўли билан қутқарди. 28 Йеробоамнинг бошқа фаолияти, унинг қилган барча ишлари, унинг куч-қудрати, у қандай жанг қилиб, Яҳудияга тегишли Дамашқ ва Ҳаматни Исроилга қайтаргани ҳақида Исроилнинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 29 Йеробоам кўз юмиб, ўз оталарига, Исроилнинг подшоҳларига қўшилди. Унинг ўрнига унинг ўғли Закарийаҳ подшоҳ бўлди.