15 1 Исроилнинг подшоҳи Йеробоам ҳукмронлигининг йигирма еттинчи йилида, Яҳудиянинг подшоҳи Амазийаҳнинг ўғли Азарийаҳ подшоҳ бўлди. 2 У подшоҳ бўлганида ўн олти ёшда эди. У Йерусалимда эллик икки йил ҳукмронлик қилди. Унинг онасининг исми Йехолийаҳ бўлиб, у Йерусалимдан эди. 3 У ўз отаси Амазийаҳ каби барча нарсада Раббийнинг нигоҳида тўғри ишларни қилар эди. 4 Фақат тепаликлар йўқ қилинмаган эди. Халқ ҳамон тепаликларда қурбонликлар келтирар ва тутатқилар тутатар эди. 5 Раббий подшоҳни урди ва у ўлими кунларигача мохов бўлиб қолди, шунинг учун алоҳида уйда яшар эди. Подшоҳнинг ўғли Йотам сарой устидан ҳукмронлик қилар ва ернинг халқини бошқарар эди. 6 Азарийаҳнинг бошқа фаолияти ва унинг қилган барча ишлари Яҳудиянинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 7 Азарийаҳ кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва уни оталари ёнига, Довуднинг шаҳрида дафн этишди. Унинг ўрнига унинг ўғли Йотам подшоҳ бўлди. 8 Яҳудиянинг подшоҳи Азарийаҳ ҳукмронлигининг ўттиз саккизинчи йилида, Йеробоамнинг ўғли Закарийаҳ Самарияда Исроил устидан подшоҳ бўлди ва олти ой ҳукмронлик қилди. 9 Унинг оталари қилгани каби у Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди. У Исроилни гуноҳга ботирган Небат ўғли Йеробоамнинг гуноҳларидан чекинмас эди. 10 Шунда Йобэш ўғли Шаллум унга қарши фитна уюштирди, уни халқнинг олдида яралаб ўлдирди ва унинг ўрнига подшоҳ бўлди. 11 Закарийаҳнинг бошқа ишлари Исроилнинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 12 Раббийнинг Йеҳуга: “Сенинг ўғилларинг тўртинчи авлодгача Исроилнинг тахтида ўтиради”,- деб айтган сўзи шундай эди. Бу амалга ошди. 13 Яҳудия подшоҳи Азарийаҳ ҳукмронлигининг ўттиз тўққизинчи йилида Йобэшнинг ўғли Шаллум подшоҳ бўлди ва у Самарияда бир ой ҳукмронлик қилди. 14 Чунки Гадининг ўғли Менаҳим Тирзаҳдан чиқиб, Самарияга келди ва Йобэшнинг ўғли Шаллумни Самарияда яралаб ўлдирди. Шундай қилиб, у унинг ўрнига подшоҳ бўлди. 15 Шаллумнинг бошқа ишлари ва у тузган фитнаси ҳақида Исроил подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 16 Сўнг Менаҳим Тирзаҳдан бошлаб, то Типсах шаҳригача унинг чегараларида бўлган барча одамларни қириб ташлади, чунки улар унга дарвозани очмаган эдилар. Шунинг учун ҳам у шаҳарни вайрон қилди ва ундаги ҳомиладор хотинларни ёриб ташлади. 17 Яҳудиянинг подшоҳи Азарийаҳ ҳукмронлигининг ўттиз тўққизинчи йилида Гадининг ўғли Менаҳим Исроил устидан подшоҳ бўлди ва Самарияда ўн йил ҳукмронлик қилди. 18 У Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди: Исроилни гуноҳга ботирган Небат ўғли Йеробоамнинг гуноҳларидан ўз ҳаётининг барча кунларида чекинмас эди. 19 Шунда Ашурнинг подшоҳи Пул Исроил ерига келди. Менаҳим эса Пулга бир минг талант кумуш берди, токи унинг қўли у томонда бўлсин ва у шоҳликни ўз қўлида мустаҳкамласин. 20 Менаҳим Ашурнинг подшоҳига бериш учун бу кумушни исроилликлардан, барча бой кишилардан, ҳар бир кишидан эллик шеқел кумушдан олди. Ашурнинг подшоҳи ортига қайтди ва у Исроилда қолмади. 21 Менаҳимнинг бошқа фаолияти ва унинг қилган барча ишлари Исроилнинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 22 Менаҳим кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва унинг ўрнига унинг ўғли Пекаҳийаҳ подшоҳ бўлди. 23 Яҳудиянинг подшоҳи Азарийаҳ ҳукмронлигининг эллигинчи йилида Менаҳимнинг ўғли Пекаҳийаҳ Самарияда Исроил устидан подшоҳ бўлди ва икки йил ҳукмронлик қилди. 24 У Раббий нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди. У Исроилни гуноҳга ботирган Небат ўғли Йеробоамнинг гуноҳларидан чекинмас эди. 25 Шунда унинг амалдори Ремалийаҳнинг ўғли Пекаҳ унга қарши фитна уюштирди. У эллик нафар гилъадлик кишини олиб, Самарияда, подшоҳ уйининг саройида Аргоб ва Орий билан бирга подшоҳни шикастлаб ўлдириб, унинг ўрнига подшоҳ бўлди. 26 Пекаҳнинг бошқа фаолияти ва унинг қилган барча ишлари Исроилнинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 27 Яҳудиянинг подшоҳи Азарийаҳ ҳукмронлигининг эллик иккинчи йилида Ремалийаҳнинг ўғли Пекаҳ Самарияда Исроил устидан подшоҳ бўлди ва йигирма йил ҳукмронлик қилди. 28 У Раббий нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди. У Исроилни гуноҳга ботирган Небат ўғли Йеробоамнинг гуноҳларидан чекинмас эди. 29 Исроилнинг подшоҳи Пекаҳнинг кунларида Ашурнинг подшоҳи Тиглатпилазар келиб, Ижонни, Абел‑Бей‑Маақаҳни, Йанохаҳни, Қедешни, Ҳазорни, Гилъадни, Галилени, Нафталининг бутун ерини босиб олди ва исроилликларни Ашурга кўчириб кетди. 30 Элаҳнинг ўғли Ҳўшейаҳ эса Ремалийаҳнинг ўғли Пекаҳга қарши фитна уюштирди ва уни яралаб ўлдириб, унинг ўрнига подшоҳ бўлди. Бу воқеа Яҳудиянинг подшоҳи Ўззийаҳ ўғли Йотам ҳукмронлигининг йигирманчи йилида содир бўлди. 31 Пекаҳнинг бошқа фаолияти ва унинг барча қилган ишлари Исроилнинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 32 Исроилнинг подшоҳи Ремалийаҳнинг ўғли Пекаҳ ҳукмронлигининг иккинчи йилида Яҳудиянинг подшоҳи Ўззийаҳнинг ўғли Йотам подшоҳ бўлди. 33 У подшоҳ бўлганида, йигирма беш ёшда эди. У Йерусалимда ўн олти йил ҳукмронлик қилди. Унинг онасининг исми Йеруша бўлиб, у Садокнинг қизи эди. 34 У Раббийнинг нигоҳида тўғри ишларни қилар эди. Унинг отаси ҳар соҳада қандай йўл тутган бўлса, у ҳам шундай йўл тутар эди. 35 Фақат тепаликлар йўқ қилинмаган эди. Халқ ҳамон тепаликларда қурбонликлар келтирар ва тутатқилар тутатар эди. 36 Йотамнинг бошқа фаолияти ва унинг қилган барча ишлари Яҳудия подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 37 Ўша кунларда Раббий Суриянинг подшоҳи Ретсинни ва Ремалийаҳнинг ўғли Пекаҳни Яҳудияга қарши юбора бошлади. 38 Йотам кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва ўз отаси Довуднинг шаҳрида, оталарининг ёнида дафн этилди. Унинг ўрнига унинг ўғли Ахаз подшоҳ бўлди.