16 1 Ремалийаҳ ўғли Пекаҳ ҳукмронлигининг ўн еттинчи йилида, Яҳудиянинг подшоҳи Йотамнинг ўғли Ахаз подшоҳ бўлди. 2 Ахаз подшоҳ бўлганида йигирма ёшда эди. У Йерусалимда ўн олти йил ҳукмронлик қилди ва у ўз отаси Довуд қилгани каби ўз Раббий Худосининг нигоҳида тўғри ишларни қилмас эди. 3 Лекин у Исроил подшоҳларининг йўлидан юрди. Раббий Ўз халқи юзидан қувиб юборган мажусийларнинг жирканчликларига Ахаз тақлид қилиб, ўз ўғлини оловдан ўтказди. 4 У тепаликларда, дўнгликларда, ҳар қандай яшил дарахтлар остида қурбонликлар келтирар ва тутатқилар тутатар эди. 5 Шунда Суриянинг подшоҳи Ретсин ва Исроилнинг подшоҳи Ремалийаҳ ўғли Пекаҳ Йерусалимга қарши уруш қилиш учун келдилар. Улар шаҳарни қамал қилдилар, лекин уни енга олмадилар. 6 Ўша вақтда Суриянинг подшоҳи Ретсин Элатни Сурияга қайтариб олди ва яҳудийларни Элатдан қувиб юборди. Сурияликлар Элатга келдилар ва ҳозирги кунгача ўша ерда яшамоқдалар. 7 Ахаз элчиларни Ашурнинг подшоҳи Тиглатпилазарга: “Мен сенинг қулинг ва ўғлингман. Келиб, менга қарши кўтарилган Сурия подшоҳининг қўлидан ва Исроил подшоҳининг қўлидан мени қутқаргин”,- дейиш учун одам юборди. 8 Ахаз Раббий уйидан ва подшоҳ уйидан топилган кумушу олтинларни олиб, Ашурнинг подшоҳига туҳфа қилиб юборди. 9 Ашурнинг подшоҳи унга қулоқ солди. Ашурнинг подшоҳи Дамашққа қарши борди ва уни босиб олиб, унинг аҳолисини Кирга кўчириб кетди, Ретсинни эса ўлдирди. 10 Подшоҳ Ахаз Дамашққа, Ашурнинг подшоҳи Тиглатпилазар билан учрашиш учун борди. Подшоҳ Ахаз Дамашқдаги қурбонгоҳни кўриб, қурбонгоҳнинг тасвирини ва унинг тўлиқ тузилиши чизмасини руҳоний Урийаҳга юборди. 11 Руҳоний Урийаҳ подшоҳ Ахаз Дамашқдан юборган намуна бўйича қурбонгоҳ қурди. Шундай қилиб, руҳоний Урийаҳ подшоҳ Ахазнинг Дамашқдан келгунича, уни қуриб қўйди. 12 Подшоҳ Дамашқдан келганида, қурбонгоҳни кўрди. Подшоҳ қурбонгоҳга яқин келди ва унда қурбонлик келтириб, 13 тамоман ёндириш қурбонлигини ва нон бағишловини ёндирди. У суюқлик қурбонлигини қуйди ва тинчлик қурбонлигининг қонини қурбонгоҳга пуркади. 14 Раббийнинг юзи қаршисидаги мис қурбонгоҳни эса подшоҳ маъбаднинг олд томонидан, янги қурбонгоҳ ва Раббийнинг уйи орасидан силжитиб, уни янги қурбонгоҳнинг ён томонига, шимол томонга кўчирди. 15 Подшоҳ Ахаз руҳоний Урийаҳга буюриб: “Эрталабки тамоман ёндириш қурбонлигини ва кечки нон бағишловини, подшоҳнинг тамоман ёндириш қурбонлигини ва унинг нон бағишловини ернинг бутун халқининг тамоман ёндириш қурбонлигини ва уларнинг нон бағишловларини, уларнинг суюқлик қурбонликларини катта қурбонгоҳда ёндиргин. Тамоман ёндириш қурбонликларининг барча қони ва қурбонликларнинг барча қонини унга пуркагин, мис қурбонгоҳ эса мен уни нима қилишни ҳал қилгунимча туриб туради”,- деди. 16 Руҳоний Урийаҳ подшоҳ Ахаз қандай буюрган бўлса, ҳаммасини шундай қилди. 17 Подшоҳ Ахаз тагликларнинг гардишларини синдирди ва улардан ювингичларни олиб ташлади. Мис денгизни ҳам унинг остидаги мис ҳўкизлардан тушириб, уни тош ерга қўйди. 18 Ашурнинг подшоҳи ҳақи маъбадда шаббат учун қурилган усти ёпиқ йўлакни ва Раббийнинг уйига подшоҳнинг ташқаридан кирадиган эшигини олиб ташлади. 19 Ахаз қилган унинг бошқа ишлари Яҳудиянинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 20 Ахаз кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва ўз оталарининг ёнида, Довуд шаҳрида дафн этилди. Унинг ўрнига унинг ўғли Ҳизкийаҳ подшоҳ бўлди.