8 1 Элиша боласини тирилтирган хотинга сўзлаб: “Тургин, сен ва сенинг хонадонинг қаерга бора олсанг, ўша жойга бориб яшагин, чунки Раббий очарчиликни чақирди. Шунинг учун очарчилик ушбу ерга етти йилга келади”,- деди. 2 Аёл туриб, Худонинг одамининг сўзи бўйича йўл тутди. У ўз хонадони билан бирга бориб, Пелишт ерида етти йил истиқомат қилди. 3 Етти йил ўтганидан сўнг, бу аёл Пелишт еридан қайтди. У ўз уйи ва даласини сўраш учун подшоҳга келди. 4 Бу пайтда, подшоҳ Худонинг одамининг хизматкори Гихезий билан суҳбатлашаётган эди ва деди: “Менга Элиша қилган барча буюк ишларни айтиб бер”,- деди. 5 У эса подшоҳга Элишанинг ўликни тирилтирганини атиб бераётганида, у ўғлини тирилган аёл подшоҳдан ўз уйи ва даласи ҳақида сўраб келди. Шунда Гихезий: “Менинг ҳукмдорим подшоҳ, мана, бу ўша аёл ва бу Элиша тирилтирган унинг ўғли”,- деди. 6 Подшоҳ хотиндан сўради, у эса унга ҳаммасини айтиб берди. Подшоҳ унга сарой аъёнларидан бирини чақириб, унга деди: “Бу аёлга тегишли барча нарсани ва у ерни қолдирган кундан бошлаб, то ҳозиргача даласининг барча даромадини қайтаринглар”. 7 Суриянинг подшоҳи Бен-Ҳадад бетоб бўлганида, Элиша Дамашққа келди. Унга: “Бу ерга Худонинг одами келди”,- деб хабар етказдилар. 8 Подшоҳ Ҳазаэлга: “Қўлингга совға олиб, Худонинг одамига пешвоз чиққин ва у орқали Раббийдан сўрагин, мен бу касалликдан тузаламанми?”- деди. 9 Ҳазаэл у билан учрашгани борди. Қирқта туя кўтара оладиган Дамашқнинг энг яхши совғаларини қўлига олди-да, келиб Элишанинг юзи қаршисида турди ва деди: “Сизнинг ўғлингиз Бен-Ҳадад, Суриянинг подшоҳи мени сизнинг олдингизга: Мен бу касалликдан тузала оламанми?- деб сўраш учун юборди”,- деди. 10 Шунда Элиша унга: “Бориб унга: Тузаласиз, деб айтгин. Лекин менга Раббий унинг ўлишини кўрсатди”,- деди. 11 Сўнг Элиша унга шу қадар тикилиб қарадики, у уялиб қолди. Худонинг одами эса йиғлаб юборди. 12 Ҳазаэл: “Менинг ҳазратим нимага йиғламоқдалар?”- деди. Шунда у: “Чунки сен Исроил ўғилларига қанақанги ёвузлик қилишингни мен биламан: сен уларнинг қалъаларига ўт қўясан, уларнинг ўспиринларини қилич билан ўлдирасан, эмизикли болаларини тилка-пора қиласан ва ҳомиладор хотинларини ёриб ташлайсан”,- деб жавоб берди. 13 Шунда Ҳазаэл: “Шундай улкан ишни қилиш учун сенинг қулинг, ит ким бўлибди?”- деди. Элиша: “Раббий менга сен Суриянинг подшоҳи бўлишингни кўрсатди”,- деб жавоб берди. 14 У Элишанинг олдидан кетиб, ўз ҳукмдорининг олдига келди. У унга: “Элиша сенга нима деди?”- деди. У: “У менга сизни соғайиб кетади, деди”,- деб жавоб берди. 15 Эртаси куни у қалин мато олиб, уни сувга ботирди-да, унинг юзига қўйди ва у ўлди. Унинг ўрнига Ҳазаэл подшоҳ бўлди. 16 Исроилнинг подшоҳи Ахаб ўғли Йеҳорам ҳукмронлигининг бешинчи йилида, Яҳудия подшоҳи Йеҳошафатдан кейин Йеҳошафатнинг ўғли Йеҳорам Яҳудияга подшоҳ бўлди. 17 У подшоҳ бўлганида, ўттиз икки ёшда эди. У Йерусалимда саккиз йил ҳукмронлик қилди. 18 У Ахабнинг хонадони қандай йўл тутган бўлса, худди шундай Исроил подшоҳларининг йўлидан юрар эди, чунки унинг хотини Ахабнинг қизи эди. У Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди. 19 Бироқ Раббий Ўз қули Довуд ҳақи Яҳудони вайрон қилишни истамади, чунки У Довуднинг фарзандларидан абадий чироқ беришни ваъда берган эди. 20 Йеҳорамнинг кунларида Эдўм Яҳудонинг қўли остидан чиқиб кетди. Улар ўзларига подшоҳ қўйдилар. 21 Шунда Йеҳорам ва унинг барча аравалари у билан бирга Тсаирга борди. У тунда туриб, уни ўраб олган эдўмликларни ва араваларнинг бошлиқларини қириб ташлади, лекин халқ ўз чодирларига қочиб кетди. 22 Шундай қилиб, Эдўм Яҳудонинг қўлидан чиқиб кетди, бу ҳозирги кунгача шундайдир. Худди шу вақтда Либнаҳ ҳам исён қилди. 23 Йеҳорамнинг қолган фаолияти ва унинг барча қилган ишлари Яҳудиянинг подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 24 Сўнг Йеҳорам кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва ўз оталари ёнига, Довуд шаҳрида дафн этилди. Унинг ўрнига ўғли Ахазийаҳ подшоҳ бўлди. 25 Исроилнинг подшоҳи Ахаб ўғли Йеҳорам ҳукмронлигининг ўн иккинчи йилида, Яҳудиянинг подшоҳи Йеҳорамнинг ўғли Ахазийаҳ подшоҳ бўлди. 26 Ахазийаҳ подшоҳ бўлганида, йигирма икки ёшда эди. У Йерусалимда бир йил ҳукмронлик қилди. Унинг онасининг исми Аталйаҳ бўлиб, у Исроилнинг подшоҳи Омрининг қизи эди. 27 У Ахаб хонадонининг йўлидан юрар ва Ахабнинг хонадони каби Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди, чунки у Ахаб хонадонининг куёви эди. 28 У Ахабнинг ўғли Йеҳорам билан бирга Гилъаддаги Рамўтга Суриянинг ўғли Ҳазаэлга қарши урушга борди ва сурияликлар Йеҳорамни яраладилар. 29 Подшоҳ Йеҳорам Суриянинг подшоҳи Ҳазаэл билан уруш қилаётганида, сурияликлар уни Рамўтда яралаган жароҳатидан тузалиши учун Йезреэлга қайтиб кетди. Шунда Яҳудия подшоҳи Йеҳорамнинг ўғли Ахазийаҳ Ахабнинг ўғли Йеҳорамдан хабар олиш учун Йезреэлга келди, чунки у бетоб эди.