7 1 Шунда Элиша: “Раббийнинг сўзини тингланглар. Раббий шундай дейди: Эртага мана шу вақтда, Самария дарвозаси ёнида энг яхши уннинг бир сиҳи бир шеқел бўлади, арпанинг икки сиҳи ҳам бир шеқел бўлади”,- деди. 2 Подшоҳ қўлига суянадиган амалдор Худонинг одамига жавоб бериб: “Раббий осмон деразаларини очганида ҳам, бу амалга ошиши мумкинми?”- деди. Элиша: “Мана, сен буни ўз кўзларинг билан кўрасан, лекин бундан емайсан”,- деди. 3 Шаҳар дарвозасининг кириш қисмида тўрт нафар мохов киши турар эди. Улар бир бирига дедилар: “Ўлимни кутиб, биз бу ерда ўтириб нима қиламиз? 4 Агар биз шаҳарга кирамиз, десак, шаҳарда очлик экан, биз у ерда ўламиз. Агар бу ерда ўтирсак, унда ҳам ўламиз. Яхшиси, сурияликларнинг қароргоҳига борайлик. Агар улар бизни тирик қолдирсалар, яшайверамиз. Агарда улар бизни ўлдирсалар, майли ўламиз”. 5 Улар сурияликларнинг қароргоҳига бориш учун ғира-шира пайтда турдилар. Улар сурияликлар қароргоҳининг чеккасига келганларида, мана, у ерда бирор киши йўқ эди. 6 Раббий шундай қилдики, сурияликларнинг қароргоҳига араваларнинг тақирлаши, отларнинг кишнаши ва улкан лашкарнинг шовқини эшитилди. Шунда улар бир бирларига: “Исроилнинг подшоҳи бизга бостириб келиш учун хитликлар ва мисрликларнинг подшоҳларини бизга қарши ёллаган”,- дедилар. 7 Шунинг учун улар туриб, ғира-шира пайтида қочиб кетдилар. Улар ўз чодирларини, отларини, эшакларини, бутун чодирларини қандай бўлса, шундайлигича қолдириб, жонларини қутқариш учун қочиб кетдилар. 8 Ўша моховлар қароргоҳнинг чеккасига келдилар ва бир чодирга кириб, еб-ичдилар ва у ердан кумушу олтинларни, кийим-бошларни олдилар-да, бориб, яшириб қўйдилар. Яна қайтиб келиб, бошқа чодирга кирдилар, у ердан ҳам нарсаларни олдилар ва бориб, яшириб қўйдилар. 9 Шунда улар бир бирига: “Биз яхши иш қилмаяпмиз, бу кун ― хушхабар куни, биз эса жим ўтирибмиз. Агар бизлар тонг ёришганича кечиктирсак, биз айбдор бўлиб қоламиз. Шунинг учун юринглар, бориб, подшоҳнинг хонадонига хабар берамиз”,- дедилар. 10 Шундай қилиб, улар келиб, шаҳар дарвозабонларини чақирдилар ва уларга: “Биз сурияликларнинг қароргоҳига борган эдик: мана, у ерда одам ҳам йўқ, одам овози ҳам йўқ, фақат боғланган отлар, эшаклар ва чодирлар қандай бўлса, шундайлигича турибди”,- деб айтдилар. 11 Сўнг дарвозабонларни чақирдилар ва улар хабарни подшоҳ саройига етказдилар. 12 Шунда подшоҳ тунда туриб, ўз хизматкорларига: “Сурияликлар биз билан нима қилмоқчи эканликларини мен сизларга айтаман. Улар бизнинг очлигимизни билиб: Исроилликлар шаҳардан чиққанларида, биз уларни тириклайин тутамиз ва шаҳарга кирамиз, деб далада яшириниш учун қароргоҳдан чиққанлар”,- деди. 13 Унинг ҳузурида хизмат қиладиган хизматкорлардан бири жавоб бериб: “Илтимос, шаҳарда қолган охирги отлардан бештасини олсинлар (қолганлари ҳалок бўлганлари учун бутун Исроил қўшинидан фақат шулар қолган эди). Уларни юборамиз ва нима бўлишини кўрамиз”,- деди. 14 Улар аравага қўшилган икки жуфт отни олдилар. Подшоҳ уларни Суриянинг қўшини ортидан: “Бориб, қаранглар”,- деб юборди. 15 Улар унинг ортидан Йордангача бордилар ва, мана, бутун йўл сурияликлар шошиб югурганларида, сочиб ташлаган кийим ва бошқ нарсаларга тўла эди. Элчилар ортларига қайтиб, буни подшоҳга етказдилар. 16 Шунда халқ чиқиб, сурияликларнинг қароргоҳини талон‑торож қилди. Раббийнинг сўзи бўйича, энг яхши уннинг бир сиҳи бир шеқел бўлди, арпанинг икки сиҳи ҳам бир шеқел бўлди. 17 Подшоҳ қўлига суянадиган амалдорини дарвозани назорат қилишга қўйди. Лекин халқ уни дарвоза олдида топтаб ташлади ва у ўлди. Айни Худонинг одами унинг олдига келган подшоҳга айтганидай, худди шундай бўлди. 18 Худонинг одами подшоҳга: “Эртага мана шу вақтда, Самария дарвозаси ёнида энг яхши уннинг бир сиҳи бир шеқел бўлади, арпанинг икки сиҳи ҳам бир шеқел бўлади”,- деганида, 19 бу амалдор Худонинг одамига жавоб бериб: “Раббий осмон деразаларини очганида ҳам, бу амалга ошиши мумкинми?”- деган эди. У эса: “Мана, сен буни ўз кўзларинг билан кўрасан, лекин бундан емайсан”,- деган эди. 20 У билан худди шундай бўлди: халқ уни дарвоза ёнида топтаб ташлади ва у ўлди.