6 1 Пайғамбарларнинг ўғиллари Элишага дедилар: “Мана, биз сенинг олдингда яшаётган жой бизга торлик қилмоқда. 2 Илтимос, бизга рухсат бер, Йорданга борайлик. У ердан ҳар биримиз биттадан ёғоч олиб, ўша ерда яшашимиз учун жой тайёрлайлик”. У эса: “Боринглар”,- деди. 3 Шунда бири: “Илтимос, мурувват кўрсатиб, сен ҳам қулларинг билан бирга боргин”,- деди. Элиша: “Бораман”,- деди. 4 У улар билан бирга борди. Улар Йорданга келиб, дарахтларни кеса бошладилар. 5 Бири ёғочни қулатганида, болта сувга тушиб кетди. У бақириб: “Эҳ, ҳазратим менинг, болта омонотга олинган эди!”- деди. 6 Худонинг одами: “У қаерга тушди?”- деди. У жойни кўрсатганида, у битта дарахтнинг шохини кесиб, ўша жойга ташлади ва болта сузиб чиқди. 7 У: “Уни чиқариб олгин”,- деди. У қўлини чўзиб, уни олди. 8 Суриянинг подшоҳи исроилликларга қарши урушга борди. У ўз хизматкорлари билан: “Мен фалон жойга ўз лашкаримни жойлаштираман”,- деб маслаҳатлашди. 9 Худонинг одами эса Исроил подшоҳига: “Эҳтиёт бўл, мана бу жойдан ўтма, чунки у жойда сурияликлар ўрнашиб олганлар”,- деб одам юборди. 10 Исроил подшоҳи Худонинг одами айтган ва уни огоҳлантирган жойга одамларни юборди. Шундай қилиб, ўша жойда у ўзини бир-икки мартадан кўпроқ асраб қолди. 11 Сурия подшоҳининг юраги бу воқеадан безовталанди ва ўз қулларини чақириб, уларга: “Менга айтинглар-чи, биздан қайси биримиз Исроил подшоҳи томонда?”- деди. 12 Унинг хизматкорларидан бири: “Ҳеч ким, менинг ҳукмдорим подшоҳ. Бироқ Исроилдаги пайғамбар Элиша Исроилнинг подшоҳига сиз ўз ётоқхонангизда гапирадиган сўзларни ҳам етказиб туради”,- деди. 13 Шунда у: “Бориб, у қаерда эканини билинглар. Мен одам юбориб, уни қўлга оламан”,- деди. Унга хабар бериб: “Мана, у Дотанда”,- дедилар. 14 Ўша ерга подшоҳ отларни, араваларни ва улкан қўшинни юборди. Улар тунда келиб, шаҳарни ўраб олдилар. 15 Худонинг одамининг хизматкори эрталаб туриб, ташқарига чиққанида, мана, қўшин, от ва аравалар шаҳарни ўраб олган эди. Унинг хизматкори унга: “Эҳ, менинг ҳазратим, биз нима қиламиз?”- деди. 16 У: “Қўрқма, чунки биз билан бирга бўлганлар, улар билан бирга бўлганлардан кўра кўпроқдир”,- деб жавоб берди. 17 Сўнг Элиша ибодат қилиб: “Раббий, ўтинаман, унинг кўзларини очгин, токи у кўра олсин!”- деди. Раббий хизматкорнинг кўзларини очди ва у кўрди: мана, Элишанинг атрофидаги бутун тоғ отларга ва оловли араваларга тўла эди. 18 Сурияликлар унинг олдига келганларида, Элиша Раббийга ибодат қилиб: “Бу халқни кўрлик билан шикастлагин”,- деди. Раббий Элишанинг сўзига биноан уларни кўрлик билан шикастлади. 19 Шунда Элиша уларга: “Бу бошқа йўл ва бошқа шаҳар. Менинг ортимдан юринглар ва мен сизларни сизлар излаётган кишининг олдига олиб бораман”,- деди. Шундай қилиб, у уларни Самарияга олиб келди. 20 Улар Самарияга келганларида, Элиша: “Ё, Раббий, уларнинг кўзларини очгин, токи улар кўрсинлар!”- деди. Раббий уларнинг кўзларини очди ва улар Самариянинг ўртасида эканликларини кўрдилар. 21 Исроилнинг подшоҳи уларни кўриб, Элишага: “Отам менинг, мен уларни ўлдирайми? Уларни ўлдирайми?”- деди. 22 У: “Уларни ўлдирмагин. Ахир сен уларни ўз қиличинг ва камонинг билан асир қилдингмики, уларни ўлдирасан? Уларга нон ва сув бергин, токи улар еб‑ичсинлар ва ўз ҳукмдорларининг олдига борсинлар”,- деди. 23 Шунда у уларга катта зиёфат уюштирди ва улар еб‑ичганларидан сўнг уларни қўйиб юборди, улар эса ўз ҳукмдорларининг олдига кетдилар. Ўша Суриянинг қўшини Исроил ерига бошқа келмади. 24 Бундан сўнг Суриянинг подшоҳи Бен-Ҳадад ўзининг барча қўшинини йиғиб, сафарга чиқди ва Самарияни қамал қилди. 25 Улар Самарияни қамал қилганларида, шу қадар кучли очарчилик бўлдики, эшакнинг калласи саксон шеқел кумушга ва чорак каба каптарнинг ахлати беш шеқел кумушга сотилар эди. 26 Бир куни Исроил подшоҳи девор устидан кетаётганида, бир аёл фарёд қилиб, унга: “Менинг ҳукмдорим подшоҳ, менга ёрдам беринг!”- деди. 27 У: “Агар сенга Раббий ёрдам бермаса, мен сенга қаердан ёрдам бера оламан? Хирмонданми ёки исканжаданми?”- деди. 28 Подшоҳ унга яна: “Сенга нима керак?”- деди. У жавоб берди: “Бу аёл менга: Ўз ўғлингни бер, уни бугун еймиз, менинг ўғлимни эса эртага еймиз,- деди. 29 Шундай қилиб, биз менинг ўғлимни пишириб едик. Мен эртаси куни унга: Ўз ўғлингни бер, уни еймиз,- дедим. Лекин у ўз ўғлини яшириб қўйди”. 30 Подшоҳ аёлнинг сўзларини эшитганида, ўз кийимларини йиртиб ташлади ва шу ҳолда, девор устидан ўтди. Шунда халқ қараб, у ичидан танасига қанор кийимини кийганлигини кўрди. 31Сўнгра у: “Агар Шафат ўғли Элишанинг боши бугун ўзида қолса, унда Худо мени бундай қилсин ва янада ортиқроғини қилсин”,- деди. 32 Элиша эса ўз уйида ўтирар эди. Оқсоқоллар ҳам унинг олдида ўтирар эдилар. Подшоҳ ўзининг одамини юборди. Хабарчи унинг олдига келишидан олдин, у оқсоқолларга: “Бу қотилнинг ўғли менинг бошимни олиб ташлаш учун одам юборганини кўряпсизларми? Қаранглар, хабарчи келганида, эшикни ёпинглар ва уни эшикка сиқинглар. Мана, унинг ортидан ҳукмдорининг оёқларининг товуши келади”,- деди. 33 У улар билан гаплашаётганида, хабарчи унинг олдига келиб: “Мана, Раббийдан қанақанги кулфат, мен Раббийдан бундан буён нима кутай?”- деди.