4 1 Пайғамбарларнинг ўғилларининг хотинларидан бири Элишага фарёд қилиб: “Менинг эрим, сизнинг қулингиз ўлди. Сиз эса қулингиз Раббийдан қўрқадиган киши бўлганини биласиз. Энди қарз берган одам иккала ўғлимни ўзига қулликка олиш учун келди”,- деди. 2 Элиша унга деди: “Мен сен учун нима қилай? Менга айт-чи, уйингда нима бор?”- деди. У: “Қулингизнинг уйидаги бир кўза мойидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ”,- деди. 3 Шунда у: “Бориб, ташқаридан ҳамма қўшниларингдан ўзингга бўш идишларни сўраб олгин, кам олмагин. 4 Ичкарига кириб, ўзинг ва ўғилларингнинг ортидан эшикни беркит. Сўнг бу барча идишларга мойдан қуйгин, тўлганларини четга қўйгин”. 5 Шундай қилиб, у унинг олдидан кетиб, ўзининг ва ўғилларининг ортидан эшикни беркитди. Улар унга идишларни узата бошладилар, у эса қуя бошлади. 6 Идишлар тўлганида, у ўғлига: “Менга бошқа идишни узатгин”,- деди. У унга: “Бошқа идиш йўқ”,- деди. Шунда ёғ тўхтади. 7 У келиб, буни Худонинг одамига айтиб берди. У: “Бориб, ёғни сотгин ва қарзингни тўлагин, қолганига эса ўзинг ўғилларинг билан бирга яшайсизлар”,- деди. 8 Бир куни Элиша Шунемга келди. Ўша жойдаги бой аёл уни нон ейиш учун кўндирди. У қачонки келмасин, ҳар доим ўша жойга нон ейишга кирар эди. 9 Шу аёл ўз эрига деди: “Мана, мен биламан, бизнинг ёнимиздан доимо ўтадиган Худонинг одами муқаддас кишидир. 10 Илтимос, девор устида кичкина болохона қуриб берайлик ва ўша жойда унга тўшак, хонтахта, ўтирғич, чироқ қўяйлик, токи у бизникига келганида, ўша жойга кирсин”. 11 Бир куни у ўша жойга келиб, болохонага кирди ва ўша жойда ётди. 12 Сўнг у ўз хизматкори Гихезийга: “Шу шунемлик аёлни чақиргин”,- деди. У уни чақирди ва аёл унинг қаршисида турди. 13 У хизматкорига: “Унга айтгин: Мана, сен бизга ғамхўрлик қилмоқдасан, сен учун мен нима қилай? Сен ҳақингда подшоҳга ёки лашкарбошига сўзлайми?”- деди. Аёл: “Мен ўз халқим орасида яшайман”,- деди. 14 Элиша: “Унга нима қилса бўлади?”- деди. Гихезий унга: “Мана, унинг ўғли йўқ, унинг эри эса қариган”,- деди. 15 У: “Уни чақир”,- деди. У аёлни чақирди ва у эшик олдида турди. 16 Шунда Элиша унга: “Бир йилдан сўнг, худди мана шу вақтда, ўғлингни бағрингга босасан”,- деди. У эса: “Йўқ, ҳазратим менинг, Худонинг одами, ўз қулингни алдамагин”,- деди. 17 Хотин ҳомиладор бўлди ва Элиша унга айтганидек, худди шу вақтда, келаси йили ўғил туғди. 18 Бола бироз улғайганида, бир куни ўз отасининг ёнига, ўроқчиларнинг олдига борди. 19 У ўз отасига: “Менинг бошим, менинг бошим оғрияпти!”- деди. Шунда у ўз хизматкорига: “Уни онасининг олдига олиб бор”,- деди. 20 У уни олиб кетди ва онасининг олдига олиб келди. Бола эса унинг тиззаларида тушгача ўтирди ва ўлди. 21 У бориб, уни Худонинг одамининг тўшагига қўйди ва эшикни қулфлаб, чиқиб кетди. 22 У эрини чақириб: “Менга хизматкорлардан ва эшаклардан бирини юборинг, мен Худонинг одамининг олдига бориб келаман”,- деди. 23 Эри эса: “Сен нима учун унинг олдига бугун бормоқчисан? Бугун янги ой ҳам, шаббат куни ҳам эмас”,- деди. У: “Яхши”,- деди. 24 Сўнг у эшакни эгарлаб, ўз хизматкорига: “Ҳайдаб олдинда боравергин, сенга айтмагунимча тўхтамагин”,- деди. 25 Шундай қилиб, у жўнаб кетди ва Кармел тоғига, Худонинг одамининг олдига келди. Худонинг одами уни олисдан кўрганида, ўз хизматкори Гихезийга деди: “Бу ўша шунемлик аёл. 26 Унинг олдига югургин ва унга: Соғломмисан? Эринг соғломми? Боланг соғломми?-дегин”. Аёл эса: “Соғломлар”,- деди. 27 У тоғнинг устига, Худонинг одамининг олдига келганида, унинг оёқларини маҳкам ушлаб олди. Гихезий уни ажратиш учун яқинлашди, бироқ Худонинг одами: “Қўйгин, унинг жони азобда, Раббий эса буни мендан яширди ва менга эълон қилмади”,- деди. 28 Шунда аёл: “Мен ҳазратимдан ўғил сўраган эдимми? Мен: Мени алдаманг,- демаганмидим?”- деди. 29 Элиша эса Гихезийга: “Белингни боғлаб, менинг ҳассамни қўлингга олгин ва боргин. Агар бирор кишини учратсанг, у билан саломлашмагин. Агар бирор киши сен билан саломлашса, унга жавоб бермагин. Менинг ҳассамни боланинг юзига қўйгин”,- деди. 30 Боланинг онаси: “Раббий тирик ва сизнинг жонингиз тирик экан, мен сизни тарк этмайман”,- деди. У туриб, хотиннинг ортидан эргашди. 31 Гихезий улардан олдинда кетди ва ҳассани боланинг юзига қўйди. Лекин садо ҳам, жавоб ҳам бўлмади. У унинг олдига чиқиб, унга етказди ва унга: “Бола уйғонмаяпти”,- деди. 32 Элиша уйга кирганида, ўлган бола унинг тўшагида ётар эди. 33 У ичкарига кириб, ортидан эшикни беркитди ва Раббийга ибодат қилди. 34 Кейин у ўрнидан туриб, боланинг устига ётди, ўз оғзини унинг оғзига, ўз кўзини унинг кўзига, ўз кафтини унинг кафтига қўйди ва унинг устига чўзилди. Шунда боланинг танаси исиди. 35 Сўнг у ўрнидан туриб, болохона бўйлаб орқага-олдинга юра бошлади. Кейин яна чиқиб, унинг устига чўзилди ва бола етти марта аксирди-да, кўзларини очди. 36 У Гихезийни чақириб: “Бу шунемлик аёлни чақир”,- деди. У уни чақирди. Хотин унинг олдига келди, у эса унга: “Ўз ўғлингни ол”,- деди. 37 Шунда у яқин келиб, унинг оёқларига йиқилди ва ерга қадар таъзим қилди, сўнгра ўғлини олиб кетди. 38 Элиша эса Гилгалга қайтиб кетди. У ерда очарчилик бошланган эди. Пайғамбарларнинг ўғиллари унинг қаршисида ўтирганларида, у ўз хизматкорига: “Катта қозон қўйиб, пайғамбарларнинг ўғиллари учун егулик пишир”,- деди. 39 Улардан бири далага ўт теришга чиқди ва чирмашадиган ёввойи ўсимлик топиб, унинг ёввойи меваларидан ўз этагини тўлдириб терди. Сўнг келиб, уларни овқатли қозонга тўғраб солди, бироқ улар бунинг нима эканини билмас эдилар. 40 Улар ейишлари учун овқат сузилди. Лекин улар овқатни ейишни бошлаганларида, улар қичқириб: “Эй, Худонинг одами, қозонда ўлим”,- дедилар. Улар овқатни ея олмадилар. 41 У эса: “Унни узатинглар”,- деди. Кейин унни қозонга ташлаб, Гихезийга: “Буни одамларга сузиб бер, есинлар”,- деди. Шунда қозонда ҳеч қандай зарарли нарса қолмади. 42 Бир киши Баал‑Шалишаҳдан келди ва Худонинг одамига нон бошланғич ҳосилларидан йигирмата арпа нони ва халтада янги буғдойдан олиб келди. Элиша эса: “Одамларга бергин, есинлар”,- деди. 43 Унинг хизматкори: “Мен буни юз кишининг олдига қандай қўяман?”- деди. Лекин у: “Одамларга бергин, есинлар, чунки Раббий шундай дейди: Улар еб тўядилар ва ортиб қолади”,- деди. 44 Шундай қилиб, у уларнинг олдига қўйди ва Раббийнинг сўзи бўйича, улар еб тўйдилар ва яна ортиб ҳам қолди.