3 1 Яҳудия подшоҳи Йеҳошафат ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йилида, Самарияда Исроил устидан Ахабнинг ўғли Йеҳорам подшоҳ бўлди ва ўн икки йил ҳукмронлик қилди. 2 У Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилса ҳам, бироқ ўз ота-онаси қилганидек, шундай ишларни қилмади. У отаси ясаган Баал ҳайкалини олиб ташлади. 3 Барибир у Исроилни гуноҳга ботирган Небатнинг ўғли Йеробоамнинг гуноҳларига ёпишди ва уларни тарк этмади. 4 Мўабнинг подшоҳи Меша чорвага бой эди. У Исроил подшоҳига юз мингта қўй ва юз мингта жуни қирқилмаган қўчқорни юборар эди. 5 Лекин Ахаб ўлганида, Мўаб подшоҳи Исроил подшоҳига қарши исён қилди. 6 Шу вақтда, подшоҳ Йеҳорам Самариядан чиқиб, бутун Исроилни кўздан кечирди. 7 Сўнг бориб, Яҳудия подшоҳи Йеҳошафатнинг олдига: "Мўаб подшоҳи менга қарши исён қилди, мен билан бирга Мўабга қарши урушга борасанми?" деб айтиш учун одам юборди. У: “Бораман, сен каби мен ҳам, сенинг халқинг каби менинг халқим ҳам, сенинг отларинг каби менинг отларим ҳам борамиз”,- деди. 8 Яна у: “Биз қайси йўл билан борайлик?”- деди. Исроил подшоҳи: “Эдўм саҳросининг йўлидан боринглар”,- деди. 9 Шундай қилиб, Исроил подшоҳи, Яҳудия подшоҳи ва Эдўм подшоҳи бордилар. Улар етти кун айланиб бордилар ва қўшинлари ҳамда уларнинг ортидан келаётган чорвалари учун сув йўқ эди. 10 Шунда Исроил подшоҳи: “Эҳ, Раббий Мўабнинг қўлига топшириш учун ушбу уч нафар подшоҳни чақирган экан!”- деди. 11 Аммо Йеҳошафат: “Бу ерда Раббийнинг пайғамбари йўқмикан, биз у орқали Раббийдан сўз сўрар эдик?”- деди. Исроил подшоҳининг хизматкорларидан бири жавоб бериб: “Бу ерда, Элийаҳнинг қўлларига сув қуйган Шафатнинг ўғли Элиша бор”,- деди. 12 Йеҳошафат: “Унда Раббийнинг сўзи бор!”- деди. Шундай қилиб, Исроил подшоҳи, Йеҳошафат ва Эдўм подшоҳи унинг олдига бордилар. 13 Элиша Исроил подшоҳига: “Мен сенга нима қилай? Ўз ота-онангнинг пайғамбарларининг олдига бор”,- деди. Аммо Исроил подшоҳи унга: “Йўқ, чунки Раббий бу ерга ушбу уч нафар подшоҳни Мўабнинг қўлига топшириш учун олиб келди”,- деди. 14 Шунда Элиша деди: “Мен қаршисида турган Қўшинлар Худованди тирик! Агар мен Яҳудия подшоҳи Йеҳошафатни ҳурмат қилмаганимда эди, мен сенга қарамас эдим ҳам, сени кўрмас эдим ҳам. 15 Энди эса чанг чалувчини чақиринглар”. Чанг чалувчи чангни чалаётганида, Раббийнинг қўли Элишага тегди 16 ва у деди: “Раббий шундай дейди: Ушбу водийда чуқур ортидан чуқур қазинглар. 17 Зеро Раббий шундай дейди: Шамолни кўрмайсизлар, ёмғирни ҳам кўрмайсизлар, лекин бу водий сув билан тўлади, токи сизлар ва сизларнинг кичик ҳамда катта қорамолларингиз ичинглар. 18 Лекин бу ҳам Раббийнинг нигоҳида камдир, У Мўабни ҳам сизларнинг қўлларингизга топширади. 19 Шунда сизлар барча мустаҳкамланган шаҳарларни, барча сара шаҳарларни қирғин қиласизлар, энг яхши дарахтларни кесиб ташлайсизлар, барча сув булоқларини ёпасизлар ва ернинг энг яхши далаларини тошларга тўлдирасизлар”. 20 Эрталаб, тақдим нонлари келтириладиган вақтда, бирданига Эдўм йўли томондан сув қуйилди ва ер сувга тўлди. 21 Подшоҳлар уруш қилиш учун келаётганларини эшитганларида, шунда мўабликларнинг белбоғ боғлаганларидан бошлаб катталаригача ҳаммаси йиғилди ва чегарада турди. 22 Улар эрталаб тонг саҳарлаб турдилар. Қуёш сув устидан чарақлаганида, мўабликларга олисдан бу сув қон каби қип-қизил бўлиб кўринди. 23 Шунда улар: “Бу қон, подшоҳлар ўзаро жанг қилиб, бир‑бирларини қириб ташлаганлар. Шунинг учун, эй, Мўаб, ўлжага олға!”- дедилар. 24 Улар Исроилнинг қароргоҳига келганларида, исроилликлар туриб, мўабликларни қирғин қила бошладилар ва мўабликлар улардан қочиб кетдилар. Лекин улар мўабликларни қирғин қилиб, уларнинг шаҳарларигача бордилар. 25 Шу тарзда, уларнинг шаҳарларини вайрон қилдилар, ҳар қандай энг яхши дала майдонларига ҳар бирлари тош отдилар ва уларни тошларга тўлдирдилар. Барча сув ҳавзаларини ёпдилар ва барча энг яхши дарахтларни кесиб ташладиларки, Кирхарешетда фақат тошлар қолди. Уни палақмондан тош отувчилар қуршаб олдилар ва вайрон қилдилар. 26 Мўаб подшоҳи урушда мағлуб бўлаётганини кўрганида, Эдўм подшоҳи олдидан ёриб ўтиш учун ўзи билан бирга етти юзта қиличбоз кишини олди. Лекин улар ёриб ўта олмадилар. 27 Шунда у ўзининг ўрнига подшоҳ бўлиши керак бўлган ўз тўнғич ўғлини олиб, уни девор устида тамоман ёндириш қурбонлигига келтирди. Бу исроилликларда катта норозилик уйғотди ва улар ундан чекиниб, ўз ерларига қайтдилар.