2 1 Раббий Элийаҳни самога қуюнда кўтариб кетишни истаганида, Элийаҳ Элиша билан бирга Гилгалдан келаётган эди. 2 Элийаҳ Элишага: “Шу ерда қолгин, чунки Раббий мени Бейт-Элга юбормоқда”,- деди. Лекин Элиша: “Раббий тирик ва сенинг жонинг тирик экан, сени тарк этмайман!”- деди. Шундай қилиб, улар Бейт-Элга боришди. 3 Бейт-Элдаги пайғамбарларнинг ўғиллари Элишанинг олдига чиқиб, унга: “Раббий бугун сенинг ҳазратингни сенинг бошингнинг устидан кўтариб олиб кетишини биласанми?”- дедилар. У: “Ҳа, мен ҳам биламан, жим бўлинглар”,- деди. 4 Элийаҳ унга: “Элиша, шу ерда қолгин, чунки Раббий мени Йерихога юбормоқда”,- деди. У: “Раббий тирик ва сенинг жонинг тирик экан, сени тарк этмайман!”- деди. Шундай қилиб, улар Йерихога келишди. 5 Йерихондаги пайғамбарларнинг ўғиллари Элишанинг олдига келиб, унга: “Раббий бугун сенинг ҳазратингни сенинг бошингнинг устидан кўтариб олиб кетишини биласанми?”- дедилар. У: “Ҳа, мен ҳам биламан, жим бўлинглар”,- деди. 6 Сўнг Элийаҳ унга: “Шу ерда қолгин, чунки Раббий мени Йорданга юбормоқда”,- деди. У: “Раббий тирик ва сенинг жонинг тирик экан, сени тарк этмайман!”- деди. Шундай қилиб, улар иккаласи бирга кетишди. 7 Пайғамбарларнинг ўғилларидан эллик киши бориб, узоқдан уларнинг қаршисида турдилар, уларнинг иккаласи эса Йорданнинг ёнида турар эдилар. 8 Элийаҳ ўз ридосини олиб, уни ўради ва уни сувга урди. Сув у томон ва бу томонга ажралди ҳамда иккаласи қуруқ ердан ўтдилар. 9 Улар ўтганларидан сўнг Элийаҳ Элишага: “Мен сендан олиб кетилишимдан олдин сўрагин, сен учун нима қилай?”- деди. Элиша: “Сенда бўлган руҳ менда икки баробар бўлсин”,- деди. 10 У: “Сен қийин нарсани сўрамоқдасан. Агар менинг сендан олиб кетилишимни кўрсанг, шунда сенга шундай бўлади, агар кўрмасанг, ундай бўлмайди”,- деди. 11 Улар йўл бўйлаб гаплашиб кетаётганларида, бирданига оловли арава ва оловли отлар пайдо бўлиб, уларнинг иккаласини ажратдилар ва Элийаҳ қуюнда самога кўтарилди. 12 Элиша эса қараб: “Отам менинг, отам менинг, Исроилнинг араваси ва унинг отлиқлари!”- деб қичқирди ва у Элийаҳни бошқа кўрмади. Шунда у ўз кийимларини чангаллаб, уларни икки бўлак қилиб йиртиб ташлади. 13 У Элийаҳдан тушиб қолган унинг ридосини кўтариб, ортига қайтди ва Йорданнинг қирғоғида турди. 14 У Элийаҳдан тушиб қолган унинг ридосини олди ва уни сувга уриб: “Элийаҳнинг Худоси Раббий қани?”- деди. У сувга урганида, сув у томон ва бу томонга ажралди, шунда Элиша ўтди. 15 Йериходаги пайғамбарларнинг ўғиллари уни олисдан кўриб: “Элийаҳнинг руҳи Элишага ўтди”,- дедилар. Улар унинг олдига бордилар ва ергача эгилиб, унга таъзим қилдилар. 16 Улар унга: “Мана, бизда, сенинг қулларингда, элликта кучли одам бор. Улар бориб, сенинг ҳазратингни изласинлар, балки Раббийнинг Руҳи уни олиб кетиб, тоғлару водийларнинг бирига ташлаб юборгандир”,- дедилар. У эса: “Юборманглар”,- деди. 17 Лекин улар шу қадар қистадиларки, унинг жонига тегди ва у: “Юборинглар”,- деди. Улар элликта одамни юбордилар ва улар уч кун изладилар, лекин уни топа олмадилар. 18 Улар унинг олдига қайтиб келганларида, (чунки у Йерихода қолган эди), у уларга: “Мен сизларга: Борманглар, деб айтмаган эдимми?”- деди. 19 Ўша шаҳарнинг аҳолиси Элишага: “Мана, менинг ҳазратим кўриб турганидек, бу шаҳарнинг аҳволи яхши, лекин суви яхши эмас ва ери ҳосилсиз”,- дедилар. 20 У: “Менга янги коса беринглар ва унга туз солинглар”,- деди. Шунда улар унга бердилар. 21 У сув булоғининг олдига чиқди ва унга туз ташлаб, деди: “Раббий шундай дейди: Мен ушбу сувни соғлом қилдим, бошқа ундан ўлим ҳам, ҳосилсизлик ҳам бўлмайди”. 22 Элишанинг айтган сўзи бўйича сув соғлом бўлди, бу ҳозирги кунгача шундайдир. 23 Сўнг у ўша ердан Бейт-Элга борди. У йўл бўйлаб кетаётганида, шаҳардан ёш болалар чиқиб, уни масхара қилдилар ва унга: “Кетгин, эй, кал! Кетгин, эй, кал!”- дедилар. 24 У ортига ўгирилиб, уларни кўрди ва уларни Раббий номи билан лаънатлади. Шунда ўрмондан иккита она айиқ чиқиб, улардан қирқ иккита болани ёриб ташлади. 25 У бу ердан Кармел тоғига борди, у ердан эса Самарияга қайтди.