23 1 Подшоҳ одамларни юборди. Улар подшоҳнинг олдига Яҳудия ва Йерусалимнинг барча оқсоқолларини йиғдилар. 2 Подшоҳ ва у билан бирга Яҳудиянинг барча одамлари, Йерусалим аҳолиси, руҳонийлар, пайғамбарлар, бутун халқнинг кичигидан каттасигача Раббийнинг уйига борди. Подшоҳ Раббийнинг уйида топилган Аҳд китобидаги барча сўзларни уларга баланд овозда ўқиб берди. 3 Сўнг подшоҳ супачада турди ва ушбу китобда ёзилган Аҳд сўзларини бажариш учун бор юраги ва бор жони билан Раббийнинг қонунларига, Унинг ваҳийларига, Унинг низомларига амал қилиш ва Раббийга эргашиш ҳақида Раббийнинг юзи олдида аҳд тузди. Бутун халқ аҳдга кирди. 4 Шунда подшоҳ Йошийаҳ олий руҳоний Хилкийаҳга, иккинчи даражали руҳонийларга, остона ёнида соқчиликка турганларга буни буюрди: “Раббийнинг маъбадидан Баал, Аштарот ва барча самовий қўшинларга қилинган барча нарсаларни олиб чиқсинлар”. У уларни Йерусалим ташқарисида, Кедрон водийсида куйдирди ва уларнинг кулини Бейт-Элга олиб боришни буюрди. 5 Сўнгра Йошийаҳ Яҳудиянинг подшоҳлари Яҳудиядаги шаҳарларнинг тепаликларида ва Йерусалим атрофларида тутатқилар тутатиш учун қўйган коҳинларни, яъни Баалга, қуёшга, ойга, юлдузларга ва барча само қўшинларига тутатқи тутатаётган кохинларни қириб ташлади. 6 У Аштаротни Раббий уйидан Йерусалимнинг ташқарисига, Кедрон анҳори ёнига олиб чиқди, уни Кедрон анҳори ёнида ёндирди ва уни туйиб толқон қилди ҳамда унинг кулини умумхалқ қабристонига улоқтирди. 7 Раббийнинг маъбади ёнидаги фаҳшбозларнинг уйларини у вайрон қилди. У ерда эса аёллар Аштаротга кийимлар тўқир эдилар. 8 Подшоҳ Яҳудиянинг шаҳарларидан барча коҳинларни қувиб юборди ва коҳинлар тутатқи тутатган тепаликларни Гибеаҳдан Беир-Шебагача ҳаром қилди. У Йерусалимнинг ҳокими Йешуа дарвозаларининг кириш қисми олдидаги саждагоҳни ва шаҳар дарвозаларининг чап томонидаги саждагоҳни вайрон қилди. 9 Умуман олганда, тепалик коҳинлари Йерусалимда Раббий қурбонгоҳида қурбонликлар келтирмас эдилар. Улар фақат ачитқисиз нонни ўз биродарлари билан бирга ер эдилар. 10 Подшоҳ Йошийаҳ ҳеч ким ўз ўғли ва қизини Молекга оловдан ўтказмаслиги учун Ҳинном ўғилларининг водийсидаги Тофетни ҳаром қилди. 11 Раббий уйининг кириш қисмида, яъни Парбардаги бичилган қул Натан‑Мелекнинг хонаси ёнида Яҳудия подшоҳлари қуёшга қўйган отларни у йўқ қилди, қуёшнинг араваларини эса оловда ёндирди. 12 Яҳудия подшоҳлари қурган Ахазнинг болохонасининг томидаги қурбонгоҳларни ҳамда Манашеҳ қурган Раббийнинг иккала ҳовлисидаги қурбонгоҳларни подшоҳ вайрон қилиб, у ердан қулатди ва уларнинг тупроғини Кедрон анҳорига ташлади. 13 Исроилнинг подшоҳи Сулаймон Йерусалим олдидаги, Макруҳ тоғларининг ўнг томонидаги сидўнликларнинг жирканчлиги – Аштаротга, мўабликларнинг жирканчлиги – Қемошга ва аммўнликларнинг жирканчлиги – Милкўмга қурган бутхоналарини подшоҳ Йошийаҳ ҳаром қилди. 14 У бутларни синдирди, Аштарот эманзорларини кесиб ташлаб, уларнинг жойларини одам суяклари билан тўлдирди. 15 Шунингдек, Бейт-Элдаги қурбонгоҳни, Исроилни гуноҳга ботирган Небат ўғли Йеробоам қурдирган тепаликни, ўша қурбонгоҳни ҳам, саждагоҳни ҳам вайрон қилди. Сўнг бу тепаликни ёндирди, толқон қилиб туйди ва Аштарот эманзорини ёндирди. 16 Йошийаҳ қараб, ўша тоғда бўлган қабрларни кўрди ва одам юбориб, суякларни қабрлардан олди ҳамда қурбонгоҳда куйдирди. Ушбу воқеаларни башорат қилган, Худонинг одами эълон қилган Раббийнинг сўзи бўйича уни ҳаром қилди. 17 Сўнг у: “Мен кўраётган бу ёдгорлик тоши нима?”- деди. Шаҳарнинг аҳолиси унга: “Бу – Яҳудиядан келиб, сиз Бейт-Эл қурбонгоҳларига қарши қилаётган ишларингиз ҳақида башорат қилган Худонинг одамининг қабридир”,- дедилар. 18 У: “Уни тинч қўйинглар, унинг суякларига ҳеч ким тегинмасин”,- деди. Шундай қилиб, унинг суякларини ва Самариядан келган кишининг суякларини сақлаб қолдилар. 19 Раббийни ғазаблантириб, Исроил подшоҳлари Самария шаҳарларида қурган тепаликларнинг барча бутхоналарини Йошийаҳ вайрон қилди. У Бейт-Элда нима қилган бўлса, уларни ҳам худди шундай қилди. 20 Ўша ерда бўлган тепаликларнинг барча коҳинларини қурбонгоҳларда сўйди ва уларда одам суякларини ёндирди. Сўнгра у Йерусалимга қайтиб кетди. 21 Подшоҳ бутун халққа амр бериб: “Бу Аҳд китобида ёзилганидек, ўз Раббий Худойингизга Песаҳ байрамини нишонланглар”,- деди. 22 Чунки Исроилни ҳукм қилган ҳакамларнинг кунларидан буён Исроил ва Яҳудия подшоҳларининг барча кунларида бундай Песаҳ байрами нишонланган эмас эди. 23 Подшоҳ Йошийаҳ ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йилида, ушбу Песаҳ байрами Йерусалимда Раббийга нишонланди. 24 Шундай қилиб, руҳоний Хилкийаҳ Раббийнинг уйида топган китобда ёзилган Қонун сўзларини амалга ошириш учун Йошийаҳ ўликларни чақирувчиларни, сеҳргарларни, санамлару бутларни, Яҳудия ерида ҳамда Йерусалимда пайдо бўлган барча жирканчликларни йўқ қилди. 25 Мусонинг бутун Қонунига мувофиқ Раббийга ўзининг бор юраги билан, бор жони билан ва бор кучи билан ўгирилган унга ўхшаган подшоҳ унгача бўлган эмас эди. Ундан кейин ҳам унга ўхшаши чиқмади. 26 Лекин Манашеҳ Раббийни ҳақорат қилиб ғазаблантиргани учун Унинг Яҳудога қарши алангаланган Унинг улкан қаҳри ғазабини Раббий қайтариб олмади. 27 Раббий деди: “Мен Исроилни ўз юзимдан рад қилганимдек, Яҳудони ҳам Ўз юзимдан рад қиламан. Мен танлаган ушбу Йерусалим шаҳрини ва Мен: Менинг номим ўша ерда бўлади, деб айтган уйни ҳам рад этаман”. 28 Йошийаҳнинг бошқа фаолияти ва унинг қилган барча ишлари Яҳудия подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 29 Унинг кунларида Мисрнинг подшоҳи фиръавн Неко Фурот дарёси олдида Ашурнинг подшоҳига қарши кўтарилди. Подшоҳ Йошийаҳ эса унга қарши чиқди ва фиръавн уни кўрганида, уни Мегиддонда ўлдирди. 30 Йошийаҳнинг қуллари унинг мурдасини Мегиддодан аравада олиб кетдилар. Уни Йерусалимга олиб келдилар ҳамда унинг мақбарасида уни дафн этдилар. Сўнг ернинг халқи Йошийаҳнинг ўғли Йеҳоахазни олиб, уни мойлади ва унинг отасининг ўрнига уни подшоҳ қилди. 31 Йеҳоахаз подшоҳ бўлганида, йигирма уч ёшда эди. У Йерусалимда уч ой ҳукмронлик қилди. Унинг онасининг исми Хамутал бўлиб, у либнаҳлик Йермийаҳнинг қизи эди. 32 Унинг оталари қилгани каби у ҳамма нарсада Раббийнинг нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди. 33 У Йерусалимда ҳукмронлик қилмаслиги учун фиръавн Неко уни Ҳамат еридаги Риблаҳда асир олди. Сўнг у Яҳудияга юз талант кумуш ва бир талант олтин товонини тўлашни буюрди. 34 Фиръавн Неко Йошийаҳнинг ўғли Элиакимни унинг отаси Йошийаҳнинг ўрнига подшоҳ қилди ва унинг исмини Йеҳойакимга ўзгартирди. Йеҳоахазни эса Мисрга олиб келди ва у ўша ерда ўлди. 35 Йеҳойаким фиръавнга кумуш ва олтин берар эди. У фиръавнинг фармони бўйича кумуш бериш учун ерга солиқ солди. У фиръавн Некога бериш учун ер халқининг ҳар биридан, ўз солиғи бўйича кумуш ва олтин талаб қилар эди. 36 Йеҳойаким подшоҳ бўлганида, йигирма беш ёшда эди. У Йерусалимда ўн бир йил ҳукмронлик қилди. Унинг онасининг исми Зебудаҳ бўлиб, у румалик Педайаҳнинг қизи эди. 37 Унинг оталари қилгани каби, у ҳамма нарсада Раббий нигоҳида ёвуз ишларни қилар эди.