20 1 Ўша кунлари Ҳизкийаҳ ўлимли касалликка дучор бўлди. Унинг олдига Амознинг ўғли пайғамбар Йешайаҳ келди ва унга: “Раббий шундай дейди: Ўз хонадонингга васият қолдир, чунки сен ўласан ва шифо топмайсан”,- деди. 2 Шунда подшоҳ юзини деворга ўгирди ва Раббийга ибодат қилиб, деди: 3 “Ё, Раббий, мен Сенинг юзинг қаршисида ҳақиқатда ва Сенга тўлиқ бағишланган юрак билан юрганимни, Сенинг нигоҳингда яхши ишларни қилганимни ёдга олгин”. Шундай деб, Ҳизкийаҳ аччиқ йиғлади. 4 Йешайаҳ ҳали шаҳардан чиқмасидан, унга Раббийнинг сўзи келди: 5 “Ортингга қайтгин ва Менинг халқимнинг ҳукмдорига айтгин: Сенинг отанг Довуднинг Раббий Худоси шундай дейди: Мен сенинг ибодатингни эшитдим, кўз ёшларингни кўрдим. Мана, Мен сени шифолайман. Учинчи куни сен Раббийнинг уйига борасан. 6 Мен сенинг кунларингга ўн беш йил қўшаман, сени ва ушбу шаҳарни Ашур подшоҳининг қўлидан қутқараман. Мен ушбу шаҳарни Ўзим ҳақи ва Менинг қулим Довуд ҳақи ҳимоя қиламан”. 7 Йешайаҳ: “Эзилган анжир мевасини олинглар”,- деди. Улар буни олиб, унинг йирингли ярасига қўйдилар ва у тузалди. 8 Ҳизкийаҳ Йешайаҳга: “Раббий мени шифолаши ва мен учинчи куни Раббийнинг уйига боришимнинг аломати нима?”- деди. 9 Йешайаҳ: “Мана, Раббий айтган сўзини амалга оширишига Раббийдан сенга аломат шу: соя ўнта зинапоя олдинга юрсинми ёки ўнта зинапоя орқага қайтсинми?”- деди. 10 Ҳизкийаҳ: “Соя ўнта зинапоя олдинга ўтиши осон. Йўқ, соя ўнта зинапоя орқага қайтсин”,- деди. 11 Пайғамбар Йешайаҳ Раббийга илтижо қилди ва Ахаз зинапоясидан олдинга тушадиган соя ўнта зинапоя орқага қайтди. 12 Ўша вақтда Бобил подшоҳи Баладаннинг ўғли Беродах-Баладан Ҳизкийаҳга мактуб ва совға юборди, чунки у Ҳизкийаҳ касал эканини эшитган эди. 13 Ҳизкийаҳ элчиларни тинглаб, ўзининг барча омборхоналарини, кумушни, олтинни, хушбўйликларни, қимматбаҳо мойларни, ўзининг бор қурол-аслаҳа хонасини ва унинг хазинасида бўлган ҳамма нарсани уларга кўрсатди. Ҳизкийаҳ ўзининг уйида ва ўзининг бутун салтанатидаги уларга кўрсатмаган бирор нарса қолмади. 14 Сўнгра пайғамбар Йешайаҳ Ҳизкийаҳнинг олдига келиб, унга: “Бу одамлар сенга нима дедилар ва улар сенинг олдингга қаердан келибдилар?”- деди. Ҳизкийаҳ: “Улар олис мамлакатдан, Бобилдан келган эдилар”,- деди. 15 У: “Улар сенинг уйингда нимани кўрдилар?”- деди. Ҳизкийаҳ: “Улар менинг уйимда нима бўлса, ҳаммасини кўрдилар ва мен уларга ўз хазиналаримдан кўрсатмаган бирор нарса қолмади”,- деб жавоб берди. 16 Шунда Йешайаҳ Ҳизкийаҳга деди: “Раббийнинг сўзини тингла: 17 Мана, шундай кунлар келадики, сенинг уйингдаги ҳамма нарса ва оталаринг шу кунгача йиққан ҳамма нарсалар Бобилга олиб кетилади. Ҳеч нима қолмайди,- дейди Раббий,- 18 Улар сендан келиб чиқадиган, сен дунёга келтирадиган ўғилларингни олиб кетадилар ва улар Бобил подшоҳи саройида бичилган қуллар бўладилар”. 19 Шунда Ҳизкийаҳ Йешайаҳга: “Сен айтган Раббийнинг сўзи эзгудир”,- деб айтди ва давом этиб: “Ахир, менинг кунларимда тинчлик ва барқарорлик бўлади-ку”,- деди. 20 Ҳизкийаҳнинг қолган фаолияти, унинг куч-қудрати, у ҳавза ва сув қувури қургани ҳамда шаҳарга сув ўтказгани ҳақида Яҳудия подшоҳлари йилномаси китобида ёзилган. 21 Ҳизкийаҳ кўз юмиб, ўз оталарига қўшилди ва унинг ўрнига унинг ўғли Манашеҳ подшоҳ бўлди.