18 1 Исроилнинг подшоҳи Элаҳ ўғли Ҳўшейаҳ ҳукмронлигининг учинчи йилида Яҳудиянинг подшоҳи Ахаз ўғли Ҳизкийаҳ подшоҳ бўлди. 2 У подшоҳ бўлганида, йигирма беш ёшда эди. У Йерусалимда йигирма тўққиз йил ҳукмронлик қилди. Унинг онасининг исми Аби бўлиб, у Закарийаҳнинг қизи эди. 3 У отаси Довуд қилгани каби Раббийнинг нигоҳида тўғри ишларни қилар эди. 4 У тепаликларни йўқ қилди, бутларни синдирди ва Аштарот эманзорини кесиб ташлади. Шунингдек, Мусо ясаган мис илонни у парчалаб ташлади, чунки ўша кунларгача Исроил ўғиллари унга тутатқи тутатар ва уни Нехуштан, деб атар эдилар. 5 У Исроилнинг Раббий Худосига таянар эди. Ундан олдин ва ундан кейин Яҳудиянинг барча подшоҳлари орасида унга ўхшаши бўлмаган эди. 6 Чунки у Раббийга ёпишган ва Ундан чекинмас эди. У Раббий Мусога амр этган амрларга амал қилар эди. 7 Раббий у билан бирга эди. У қаерга бормасин, доно ҳаракат қилар эди. У Ашурнинг подшоҳидан ажралди ва унга хизмат қилмади. 8 У пелиштликларни Ғазогача ва унинг ҳудудидаги қўриқчилар минорасидан бошлаб, то мустаҳкамланган шаҳарларгача ҳаммасини қириб ташлади. 9 Подшоҳ Ҳизкийаҳ ҳукмронлигининг тўртинчи йилида, яъни Исроилнинг подшоҳи Элаҳ ўғли Ҳўшейаҳ ҳукмронлигининг еттинчи йилида Ашурнинг подшоҳи Шалманазар Самарияга келди ва уни қамал қилди. 10 Уч йилдан сўнг у шаҳарни қўлга киритди. Ҳизкийаҳ ҳукмронлигининг олтинчи йилида, яъни Исроил подшоҳи Ҳўшейаҳ ҳукмронлигининг тўққизинчи йилида Самария қўлга олинди. 11 Шунда Ашурнинг подшоҳи исроилликларни Ашурга кўчириб ўтказди ва уларни Гозан дарёси бўйидаги Халаҳ ва Хаборга ҳамда Мидиянинг шаҳарларига жойлаштирди. 12 Чунки улар ўз Раббий Худосининг овозига қулоқ солмадилар ва Раббийнинг қули Мусо амр этган Унинг аҳдини буздилар. Улар қулоқ ҳам солмадилар, бажармадилар ҳам. 13 Подшоҳ Ҳизкийаҳ ҳукмронлигининг ўн тўртинчи йилида Ашурнинг подшоҳи Сеннақериб Яҳудиянинг барча мустаҳкамланган шаҳарларига қарши борди ва уларни қўлга киритди. 14 Шунда Яҳудиянинг подшоҳи Лақишга, Ашурнинг подшоҳининг олдига: “Мен айбдорман. Мендан йироқлаш. Менинг зиммамга нимани юкласанг, мен бажараман”, дейиш учун одам юборди. Ашурнинг подшоҳи Яҳудиянинг подшоҳи Ҳизкийаҳ зиммасига уч юз талант кумуш ва ўттиз талант олтин юклади. 15 Ҳизкийаҳ Раббийнинг уйидан ва подшоҳ уйининг хазинасидан топилган барча кумушларни унга берди. 16 Ҳизкийаҳ шу вақтда Раббий уйининг эшикларидан ва Яҳудиянинг подшоҳи Ҳизкийаҳ қоплаган эшик ёндорларидан олтинларни қириб олди ҳамда уни Ашур подшоҳига берди. 17 Сўнг Ашур подшоҳи Йерусалимга, подшоҳ Ҳизкийаҳнинг олдига кўп лашкарлар билан Лақишдан Тартанни, Рабсарис ва Рабшакеҳни юборди. Улар чиқиб, Йерусалимга келдилар ва кир ювувчилар даласи йўлидаги юқори ҳавзанинг сув қувури ёнида турдилар. 18 Улар подшоҳни чақирганларида, уларнинг олдига Хилкийаҳнинг ўғли, сарой бошлиғи Элиаким, мирза Шебна ва Асафнинг ўғли котиб Йоаҳ чиқдилар. 19 Шунда Рабшакеҳ уларга деди: “Ҳизкийаҳга айтинглар, буюк подшоҳ, Ашурнинг подшоҳи шундай дейди: Сен умид қилаётган бу ишончи комиллик нимадан? 20 Сен фақат беҳуда сўзларни гапирдинг, уруш учун маслаҳат ва куч керак. Эндиликда кимга умид қилиб мендан ажралдинг? 21 Мана, сен бу синган қамиш бўлган Мисрга умид қилмоқдасан, агар кимки унга таянса, у унинг қўлига кириб, уни тешади. Миср подшоҳи фиръавн унга умид қилувчиларнинг барчасига шунақадир. 22 Лекин сизлар менга: Биз ўзимизнинг Раббий Худойимизга умид қиламиз, деб айтсангизлар, унда Ҳизкийаҳ тепаликлари ва қурбонгоҳларини йўқ қилиб, Яҳудо ва Йерусалимга: Йерусалимдаги фақат мана шу қурбонгоҳ қаршисида сажда қилинглар, деб айтган Худогами? 23 Шунинг учун менинг ҳукмдорим Ашур подшоҳи билан иттифоқ тузгин. Мен сенга икки мингта от бераман, сен уларга ўзингдан отлиқларни топа оласанми? 24 Менинг ҳукмдоримнинг энг кичик хизматкорларидан бўлмиш бир нафаргина сардорни енга оласанми ёки сен арава ҳамда отлиқлар учун Мисрга умид қиласанми? 25 Боз устига, наҳот мен уни вайрон қилиш учун Раббийнинг иродасисиз ушбу жойга келган бўлсам? Раббий менга: Ушбу ерга бориб, уни вайрон қилгин,- деди”. 26 Хилкийаҳ ўғли Элиаким, Шебна ва Йоаҳ Рабшакеҳга: “Ўз қулларингга орамийча гапиргин, чунки биз тушунамиз. Девор устидаги халқнинг қулоғига эшиттириб, бизга яҳудийча гапирмагин”,- дедилар. 27 Рабшакеҳ уларга: “Наҳот менинг ҳукмдорим ушбу сўзларни фақат сенинг ҳукмдорингга ва сенга айтиш учун юборган бўлса? Йўқ, шунингдек, сизлар билан бирга ўз ахлатини ейиш ва ўз сийдигини ичиш учун девор устида ўтирган одамларга ҳам айтиш учун юборди”,- деди. 28 Сўнг Рабшакеҳ туриб, баланд овозда яҳудийча сўзлаб деди: “Буюк подшоҳнинг, Ашур подшоҳининг сўзини тингланглар! 29 Подшоҳ шундай дейди: Сизларни Ҳизкийаҳ алдамасин, чунки у сизларни менинг қўлимдан қутқара олмайди. 30 Ҳизкийаҳ: Раббий бизни қутқаради ва бу шаҳар Ашур подшоҳининг қўлига топширилмайди, деб сизларни Раббий билан умидвор қилмасин. 31 Ҳизкийаҳга қулоқ солманглар. Зеро Ашур подшоҳи шундай дейди: Мен билан ярашинглар ва менинг олдимга чиқинглар. Ҳар бир киши ўз узумининг мевасидан ва ўз анжиридан есин ва ҳар бир киши ўз қудуғининг сувидан ичсин, 32 токи мен келиб, сизларни худди сизларникидек бўлган ерга: нон ва шароб ерига, ҳосиллар ва узумлар ерига, зайтун дарахтлари ва асал ерига олиб кетмагунимча, шунда яшайсизлар ва ўлмайсизлар. Сизларни алдаб: Раббий бизни қутқаради, деяётган Ҳизкийаҳга қулоқ солманглар. 33 Халқларнинг худолари, ҳар бири ўз ерини Ашур подшоҳининг қўлидан қутқардими? 34 Ҳамат ва Арпаднинг худолари қани? Сефарваимнинг, Ҳена ва Ивваҳнинг худолари қани? Улар Самарияни менинг қўлимдан қутқардими? 35 Ушбу ерларнинг барча худоларидан қайси бири ўз ерини менинг қўлимдан қутқарди? Наҳот Раббий Йерусалимни менинг қўлимдан қутқарса?” 36 Лекин халқ жим турди ва унга бирор сўз айтиб жавоб бермади, чунки подшоҳ: “Унга жавоб қайтарманглар”, деб буюрган эди. 37 Шунда Ҳилкийаҳнинг ўғли, сарой бошлиғи Элиаким, мирза Шебна ва Аспаҳнинг ўғли котиб Йоаҳ Ҳизкийаҳнинг олдига йиртилган кийимларда келдилар ва унга Рабшакеҳнинг сўзларини айтиб бердилар.