9 1 Муқаддасларга хизмат қилиш ҳақида сизларга ёзишим ортиқчадир. 2 Чунки мен сизларнинг тиришқоқлигингизни биламан, шунинг учун ҳам: “Ахая аҳолиси ўтган йилдан бери тайёр”,- деб Македонияликлар олдида сизлар билан мақтаниб юрибман. Сизларнинг рашкингиз кўпларни ҳаракатга келтирди. 3 Шунинг учун мен биродарларни юбордим, токи бизнинг сизлар ҳақингиздаги мақтовимиз шу тариқа беҳуда бўлмасин, сизлар эса худди айтганимдай тайёр бўлинглар. 4 Яна агар Македонияликлар мен билан бирга бориб, сизларни тайёр бўлмаган ҳолда топсалар, унда биз (“сизлар” демаяпман) уятда қолмайлик, чунки биз шундай ишонч билан сизлар ҳақингизда мақтанган эдик. 5 Шунинг учун эълон қилинган эҳсонингиз мажбурий йиғиш эмас, балки ихтиёрий эҳсон сифатида бўлиши учун мен биродарлардан аввал олдингизга бориб, буни тайёрласинлар, деб илтимос қилиш кераклигини кўрдим. 6 Шуни айтиб қўяйки: хасислик билан экадиган хасислик билан ўриб олади, сахийлик билан экадиган эса сахийлик билан ўриб олади. 7 Ҳар ким қайғу ёки мажбурият билан эмас, балки юрак хоҳиши билан берсин, чунки Худо қувониб берувчини севади. 8 Сизлар ҳамиша ҳамма нарсада ҳар қандай қаноатга эга бўлиб, ҳар қандай хайрли ишларга бой бўлишингиз учун Худо сизларни ҳар қандай инояти билан бой қилишга қодир. 9 Ёзилганидек: “Сарфлаб, камбағалларга берди; унинг ҳақлиги абадий туради”. 10 Уруғ экувчига уруғ берадиган, озиқа учун эса нон берадиган Худо сизларнинг экканингизни ҳам мўл қилади ва ҳақлигингизнинг ҳосилларини ошириб юборади, 11 токи сизлар ҳар қандай сахийлик учун ҳамма нарсада бой бўлинглар. Сахийлигингиз эса биз орқали Худога миннатдорчилик келтиради. 12 Чунки бу хизматнинг ижро этилиши нафақат муқаддасларнинг эҳтиёжларини қондиради, балки кўпчилик томонидан Худога миннатдорчиликни мўл-кўл қилади. 13 Улар бу хизматингизнинг ишончлилигини кўриб, сизлар эътироф қилаётган Масиҳнинг Хушхабарига итоаткорлигингиз учун, ҳамда уларга ва ҳаммага нисбатан самимий саховатингиз учун Худони улуғлайдилар. 14 Шундай қилиб, улар сизларга кўнгил қўйиб, сизларда ошиб бораётган Худонинг инояти учун ибодат қилмоқдалар. 15 Худонинг тил билан ифодалаб бўлмайдиган инъоми учун Унга шукроналар бўлсин!