8 1 Энди, биродарлар, Македониядаги Жамоатларга берилган Худонинг инояти ҳақида сизларга билдириб қўймоқдамиз. 2 Чунки улар азобларнинг шиддатли синовларида қувончга тўлиб тошмоқдалар, уларнинг ўта камбағаллиги эса уларнинг ҳимматининг бойлигига тўлиб тошмоқда. 3 Улар кучлари борича, ҳатто кучларидан ҳам ортиқ ихтиёрий берувчилар эканликларига мен гувоҳман. 4 Улар шу иноятни ва муқаддаслар учун хизматда иштирок этишларини қабул қилишимизни биздан кўп ўтиниб сўрадилар. 5 Боз устига, нафақат биз умид қилганимизни, балки улар ҳам олдин Раббийга, кейин эса Худонинг иродаси бўйича бизга ўзларини бағишладилар. 6 Шундай қилиб, Титус сизларда бу иноятни бошлаганидек, биз ундан буни охиригача етказишини илтимос қилдик. 7 Сизлар эса ҳамма нарсада: имонда, Сўзда, билимда, ҳар қандай ғайратда ва бизга бўлган севгингизда тўлиб тошганингиздек, бу иноятда ҳам тўлиб тошинглар. 8 Мен буни сизларга буйруқ сифатида айтмаяпман, лекин бошқаларнинг ғайрати билан севгингизнинг самимийлигини синаб кўряпман. 9 Чунки сизлар Раббимиз Исо Масиҳнинг иноятини биласизлар: У бой бўла туриб, сизлар учун камбағал бўлди, токи сизлар Унинг камбағаллиги туфайли бой бўлинглар. 10 Бу нарсада мен сизларга бир маслаҳат бераман, бу сизлар учун фойдали бўлади, чунки сизлар буни нафақат қила бошладингиз, балки ўтган йилдан бошлаб буни хоҳлаган эдингиз. 11 Энди эса ғайрат билан бажармоқчи бўлган ишингизни борига яраша охиригача бажаринглар. 12 Чунки агар ғайрат бўлса, унда бирор кишида йўғига қараб эмас, балки борига яраша қабул қилинади. 13 Бошқаларга енгиллик, сизларга эса оғирлик бўлиши эмас, балки тенглик бўлиши керак. 14 Ҳозир сизларнинг тўқчилигингиз уларнинг етишмовчилиги учундир, кейин эса уларнинг тўқчилиги сизларнинг етишмовчилигингиз учун бўлади, токи тенглик бўлсин. 15 Худди ёзилганидек: “Кимда кўп бўлса, ортиғи бўлмади; кимда оз бўлса, камчилиги бўлмади”. 16 Сизлар учун Титуснинг юрагига бундай ғайратни жо қилган Худога шукр! 17 Чунки Титус илтимосимни қабул қилган бўлса ҳам, лекин ўта ғайратли бўлиб, у сизларнинг олдингизга ўз ихтиёри билан борди. 18 Яна биз у билан бирга ҳамма Жамоатларда Хушхабар воизлиги учун мақталган биродарни юбордик. 19 Бунинг устига ўша биродар Жамоатлар томонидан бу иноят учун бизга йўлдош қилиб танланган. Бу иноят сизларнинг ғайратингиз бўйича биз орқали Раббийнинг шуҳратига хизмат қилмоқда. 20 Бизга ишониб топширилаётган бундай мўл-кўлчилик туфайли биров бизни таъна қилмасин, деб эҳтиёт бўлмоқдамиз. 21 Чунки биз фақат Раббий олдидагина эмас, балки инсонлар олдида ҳам тўғри бўлишга ҳаракат қилмоқдамиз. 22 Шунинг учун кўп марта ва кўп нарсаларда ғайрати синалган бошқа бир биродаримизни улар билан бирга юбордик. Энди эса унинг сизларга ишончи комил бўлиб, ғайрати янада ошди. 23 Титусга келсак, у менинг шеригим ва сизларга хизмат қиладиган ҳамкоримдир. Биродарларга келсак, улар Жамоатларнинг элчилари ва Масиҳнинг шуҳратидирлар. 24 Шундай қилиб, Жамоатлар олдида буларга ўз севгингиз исботини ва сизлар ҳақингиздаги мақтовимиз тўғрилигини кўрсатинглар.