3 1 Бошлиқларга ҳамда ҳокимиятларга итоаткор бўлиб, уларга бўйсунишлари ва ҳар бир хайрли ишга тайёр бўлишларини имонлиларга эслатиб тургин. 2 Улар ҳеч кимни ёмонламасинлар, жанжалкаш бўлмасинлар, ҳамма одамларга бор мулойимликни кўрсатиб, ювош бўлсинлар. 3 Чунки бир вақтлари биз ўзимиз ҳам фаҳмсиз, итоатсиз, адашган одамлар бўлиб, турли ҳирслару кайф-сафоларнинг қуллари эдик; ёвузлик ва ҳасадгўйликда яшайдиган жирканч одамлар бўлиб, бир-биримиздан нафратланар эдик. 4 Аммо Нажоткоримиз Худонинг эзгулиги ва инсонпарварлиги зоҳир бўлганида, 5 Худо бизнинг ҳақликда қилган ишларимиз туфайли эмас, балки қайта туғилишимизнинг ювилиши орқали, Муқаддас Руҳ томонидан янгиланиш орқали Ўзининг раҳм-шафқати туфайли бизга нажот берди. 6 У Нажоткоримиз Исо Масиҳ орқали бизнинг устимизга Муқаддас Руҳни мўл-кўл ёғдирди, 7 токи Унинг инояти билан оқланиб, абадий ҳаётнинг умиди бўйича биз меросхўрлари бўлайлик. 8 Бу сўз ҳақдир. Шунинг учун, Худога ишонганлар яхши ишларга астойдил бел боғлашлари учун, буни тасдиқлашингни хоҳлайман. Бу эса одамлар учун яхши ва фойдалидир. 9 Аммо Қонун ҳақидаги аҳмоқона тортишувлардан, насл-насаблар тўқишлардан, баҳс ва жанжаллардан узоқлашгин, чунки улар фойдасиз ва беҳудадир. 10 Бидъатчи одамдан эса бир-икки огоҳлантиришдан сўнг узоқлашгин, 11 чунки ўзинг биласанки, бундай одам бузилган бўлиб ва гуноҳ қилиб юриб, ўз-ўзини маҳкум этади. 12 Артемас ёки Тихикни олдингга юборганимдан кейин, Никопол шаҳрига, менинг олдимга келишга ҳаракат қилгин. Чунки мен қишни шу ерда ўтказишга қарор қилдим. 13 Қонуншунос Зенас ва Аполлосни жўнатишда шундай ғамхўрлик қилгинки, уларда ҳеч нарсада камчилик бўлмасин. 14 Бизнинг одамларимиз эса ҳосилсиз бўлмасликлари учун, зарур эҳтиёжларни қондиришда яхши ишлар қилишни ўргансинлар. 15 Мен билан бирга бўлганларнинг ҳаммаси сенга салом йўллаяптилар. Бизни севадиган ҳамма имонлиларга салом айтгин. Иноят сизларнинг ҳаммаларингиз биландир. Омин.