4 1 Шундай қилиб, менинг севикли биродарларим – менинг қувончим ва тожимсизлар: эй, севганларим, Раббийда шундай мустаҳкам тураверинглар! 2 Эводиядан ўтиниб сўрайман, Синтихиядан ўтиниб сўрайман: Раббийда ҳамфикр бўлинглар. 3 Сендан ҳам, эй, самимий ҳамкорим, сўрайман: ўша аёлларга ёрдам бер. Чунки улар мен ва Климент билан шунингдек, исмлари ҳаёт китобида ёзилган бошқа ҳамкорларим билан бирга Хушхабарни ёйишда курашган эдилар. 4 Раббийда доимо қувонинглар. Сизларга яна айтаман: қувонинглар. 5 Сизларнинг мулойимлигингиз барча одамларга маълум бўлсин. Раббий яқиндир. 6 Ҳеч нарса ҳақида ташвиш қилманглар, лекин ибодат, илтижо ва миннатдорчилик билан ҳамма нарсада ўз тилакларингизни Худога билдиринглар. 7 Шунда ҳар қандай тушунчадан юқори бўлган Худонинг тинчлиги сизларнинг юракларингизни ва фикр-мулоҳазаларингизни Исо Масиҳда сақлайди. 8 Ниҳоят, биродарларим, нима ҳақиқат, нима рост, нима адолатли, нима пок, нима ёқимли, нима шарафли, нима фазилатли ва нима мақтовли бўлса, шулар ҳақида фикр юритинглар. 9 Сизлар мендан нимани ўрганган, қабул қилган, эшитган ҳамда кўрган бўлсангизлар, шуни бажаринглар ва тинчлик Худоси сизлар билан бирга бўлади. 10 Энди сизлар яна менга ғамхўрлик қилишни бошлаганингиздан Раббийда жуда қувондим. Сизлар илгари ҳам ғамхўрлик қилар эдингизлар, аммо буни кўрсатишга фурсатингиз йўқ эди. 11 Мен буни муҳтож бўлганим учун гапирмаяпман, чунки менда бори билан қаноатланишга ўрганиб қолдим: 12 мен етишмовчиликда ҳам, мўлчиликда ҳам қандай яшашни биламан. Ҳар ерда ва ҳамма нарсада тўқ бўлишни, очликка тоқат қилишни, мўлчилик ва муҳтожликда бўлишни ўргандим. 13 Мени қўллаб-қувватлаётган Масиҳда мен ҳамма нарса қила оламан. 14 Бироқ менинг қайғуларимда иштирок этиб, сизлар яхши иш қилдингизлар. 15 Эй, Филиппиликлар, сизлар биласизларки, мен Хушхабарни воизлик қилишни бошлаб Македониядан чиққанимда, сизлардан бошқа ҳеч қайси Жамоат менга эҳсон ва меҳмондўстлик билан хизмат қилмаган эди. 16 Сизлар Салоника шаҳрига ҳам бир-икки марта менинг муҳтожликларимни қондириш учун менга ёрдам юборган эдингизлар. 17 Мен ҳадяни изламаяпман, лекин сизларнинг ҳисобингизга кўпаядиган ҳосилни излаяпман. 18 Мен ҳамма нарсани қабул қилдим ва мўлчиликда бўлдим. Сизларнинг хушбўй тутатқингизни, яъни Эпафродит орқали юборган Худога маъқул бўлган ёқимли қурбонлигингизни олиб, мен тўқ бўлиб юрибман. 19 Менинг Худойим эса сизларнинг ҳар қандай муҳтожликларингизни Ўз шуҳратининг бойлиги билан Исо Масиҳда қондиради. 20 Худога ва бизнинг Отамизга абадулабад шон-шуҳрат бўлсин! Омин. 21 Исо Масиҳдаги ҳар бир муқаддасга салом айтинглар. Мен билан бирга бўлган ҳамма биродарлар сизларга салом айтмоқдалар. 22 Барча муқаддаслар, айниқса, императорнинг хонадонидагилари сизларга салом айтмоқдалар. 23 Бизнинг Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларнинг руҳингиз биландир. Омин.