2 1 Шундай қилиб, агар Масиҳдаги бирон юпанч, севгининг бирон тасаллиси, Руҳнинг бирон мулоқоти ҳамда меҳр-муҳаббат ва шафқат сизларда бор бўлса, 2 унда менинг қувончимни мукаммал қилинглар: бир хил фикр қилиб, бир хил севгига эга бўлинглар, якдил ва ҳамфикр бўлинглар. 3 Ҳеч нарсани Рақобат ва шуҳратпарастлик бўйича қилманглар, лекин онгингиздаги камтарлик бўйича бир-бирингизни ўзингиздан аълороқ, деб ҳисобланглар. 4 Ҳар ким фақат ўз манфаатини эмас, балки бошқаларнинг манфаатини ҳам кўзласин. 5 Чунки Исо Масиҳда бўлган худди ўша фикр юритиш сизларда ҳам бўлиши керак. 6 Масиҳ Худонинг қиёфасида бўла туриб, Худога тенг бўлиш ҳурматини ўлжа қилмади. 7 Аксинча, У Ўзини паст олиб, қулнинг қиёфасига кирди ва инсонларга ўхшаб, кўринишида инсон каби бўлди. 8 У то ўлимгача, ҳатто хочдаги ўлимгача итоатли бўлиб, Ўзини бўйсундирди. 9 Шунинг учун Худо Уни жуда юксалтирди ва Унга ҳар қандай исмдан юқори бўлган исмни ато этди, 10 токи Исонинг номи олдида самодаги, ердаги ва ер остидаги ҳар қандай зот тиз чўксин, 11 ва ҳар қандай тил Худо Отанинг шуҳратига Исо Масиҳни Раббий, деб очиқ иқрор этсин. 12 Шундай қилиб, менинг севганларим, сизлар доимо итоаткор бўлганингиздек, энди нафақат мен сизларнинг ёнингизда бўлганимда, балки менинг йўқлигимда ҳам янада кўпроқ қўрқув ва титроқ билан ўз нажотингизни амалга оширинглар. 13 Чунки Худо Ўзининг илтифоти бўйича сизларнинг ичингизда хоҳишни ҳам, ҳаракатни ҳам туғдиради. 14 Ҳамма нарсани нолимай ва шубҳаланмай қилинглар, 15 токи сизлар бу қайсар ҳамда бузуқ насл орасида Худонинг беғубор, пок ва бенуқсон фарзандлари бўлиб, бу дунёда уларнинг орасида юлдузлар каби порланглар 16 ва ҳаёт Сўзини маҳкам тутинглар, токи менинг югурганим ва меҳнат қилганим беҳуда бўлмасин. Шу тариқа, Масиҳнинг кунида сизлар менинг мақтовим бўласизлар. 17 Агар мен имонингизнинг қурбонлиги ва хизмати учун қурбон бўлаётган бўлсам, унда мен қувоняпман ва ҳаммаларингизнинг қувончингизга шерик бўляпман. 18 Худди шундай сизлар ҳам қувонинглар ва менинг қувончимга шерик бўлинглар. 19 Сизларнинг аҳволингизни билиб, кўнглим тасалли топиши учун мен яқин орада сизларнинг олдингизга Тимўтийни юборишга Раббий Исода умид қиламан. 20 Чунки сизлар ҳақингизда шундай самимийлик билан ғамхўрлик қиладиган унга тенг одамим йўқ. 21 Зеро ҳамма Исо Масиҳнинг эмас, балки ўз манфаатини излайди. 22 Лекин Тимўтийнинг содиқлиги сизларга маълум: у менга ўғил ўз отасига хизмат қилгандай, Хушхабарни ёйишимда хизмат қилди. 23 Шундай қилиб, менга нима бўлишини билган заҳотиёқ сизларнинг олдингизга уни юборишга умид қиламан. 24 Раббийдан аминманки, ўзим ҳам яқин орада сизларнинг олдингизга бораман. 25 Бироқ сизларнинг юборган элчингиз ҳамда муҳтожлигимдаги хизматкорингиз, менинг биродарим, ҳамкорим ва сафдошим Эпафродитни сизларнинг олдингизга қайта юбориш кераклигини кўрдим. 26 Чунки у ҳаммаларингизни соғинган ва унинг касаллиги ҳақида эшитганингиздан қаттиқ қайғурган эди. 27 Ҳақиқатан ҳам, у касал бўлиб, ўлимга яқин эди. Лекин Худо унга раҳм қилди. Аммо нафақат унга, балки ғамимга ғам қўшилмаслиги учун менга ҳам раҳм қилди. 28 Шундай қилиб, сизлар уни кўриб, янада қувонишингиз учун уни тезроқ олдингизга юбордим, токи мен ҳам камроқ қайғурай. 29 Уни Раббийда бутун қувонч билан қабул қилинглар ва бундай кишиларни ҳурмат қилинглар. 30 Чунки у Масиҳнинг иши учун ўлишига сал қолди. Сизларнинг менга қиладиган хизматингизнинг камчилигини тўлдириш учун у ўз ҳаётини хавфга солди.