2 1 Агар кимдир Раббийга нон бағишлови қурбонлигини келтирмоқчи бўлса, унда буғдой унини олиб келсин ва унга мой қуйиб, устига ладан қўйсин. 2 Сўнгра уни Аҳарўннинг ўғиллари руҳонийларга олиб келсин. Руҳоний қўлини тўлдириб, мой қўшилган унни ладаннинг ҳаммаси билан бирга олсин ва буларни хотира учун қурбонгоҳда ёқиб юборсин. Бу ― Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида қурбонликдир. 3 Нон бағишловидан ортгани эса Аҳарўн ва унинг ўғилларига қолсин. Бу ― Раббийнинг қурбонликларидан бўлган буюк муқаддасворликдир. 4 Агар ўчоқда пиширилган нондан бағишлов қурбонлигини келтирмоқчи бўлсанг, унда мой билан аралаштирилган буғдой унидан қилинган ачитқисиз нон ёки мой суртилган ачитқисиз кулчани келтиргин. 5 Агарда қурбонлигинг товада пиширилган нон бағишлови бўлса, унда у ачитқисиз, мой билан аралашган буғдой унидан бўлсин. 6 Уни бўлакларга бўлиб, устига мой қуйгин. Бу ― нон бағишловидир. 7 Агарда қурбонлигинг хумчада пиширилган нон бағишлови бўлса, унда уни мой билан буғдой унидан қилиш керак. 8 Шулардан таркиб топган бағишловни Раббийга келтириб, уни руҳонийга тақдим этгин, у эса бағишловни қурбонгоҳга олиб келади. 9 Руҳоний хотира учун бу бағишловнинг бир қисмини олиб, қурбонгоҳда ёқиб юборсин. Бу ― Раббийга ёқимли бўлган хушбўй тутатқи сифатида қурбонликдир. 10 Бағишлов нонидан ортгани эса Аҳарўн ва унинг ўғилларига қолсин. Бу ― Раббийнинг қурбонликларидан бўлган буюк муқаддасворликдир. 11 Раббийга келтираётган нон бағишловидан ҳеч бирини ачитқили қилманглар, зеро Раббийга қурбонлик сифатида ачитқини ҳам, асални ҳам оловда ёндиришингиз мумкин эмас. 12 Уларни бошланғич бағишлови сифатида Раббийга келтиринглар, аммо ёқимли хушбўй ҳид сифатида қурбонгоҳда ёндиришингиз мумкин эмас. 13 Ҳар қандай нон бағишловингни туз билан тузла ва қурбонликларингни Худойингнинг аҳдининг тузисиз қолдирма. Ҳар қандай бағишловинг билан тузни олиб кел. 14 Агар Раббийга биринчи ҳосиллардан нон бағишловини келтирмоқчи бўлсанг, унда биринчи ҳосиллардан бўлган бошоқлардан янчилган ва оловда қуритилган донни бағишловга келтир. 15 Унга мой қуйиб, устига ладан қўй. Бу ― нон бағишловидир. 16 Сўнг руҳоний доннинг бир қисмини, мой ва ладаннинг ҳаммасини хотира учун ёқиб юборсин. Бу ― Раббийга қурбонликдир.