20 1 Шунда Исроилнинг барча ўғиллари чиқдилар. Дандан то Гилъад ери билан Беир-Шебагача бутун жамоа Миспаҳга, Раббийнинг олдига бир одамдек тўпландилар. 2 Исроилнинг барча қабилалари ва бутун халқнинг бошлиқлари Худо халқининг йиғинида тўпландилар. Жамики қилич яланғочлайдиган тўрт юз мингта пиёда одам эди. 3 Исроил ўғиллари Миспаҳга келганларини Бенямин ўғиллари эшитдилар. Исроил ўғиллари: “Айтинглар, бу ёвузлик қандай содир бўлди?”- дедилар. 4 Ўша ўлдирилган аёлнинг эри жавоб бериб, деди: “Мен хотиним билан Беняминга тегишли бўлган Гибеаҳга тунаш учун келдик. 5 Гибеаҳнинг аҳолиси тунда менга қарши кўтарилиб, мен сабабли уйни қуршаб олдилар. Мени ўлдирмоқчи бўлдилар, менинг хотинимни эса шундай зўрладиларки, у ўлиб қолди. 6 Мен хотинимни олдим, уни бўлакларга бўлдим ва уни Исроилнинг мулки бўлган барча вилоятларга юбордим, чунки улар Исроилда қонунбузарлик ва шармандалик бўлган ишни қилдилар. 7 Мана энди, Исроилнинг ўғиллари, сизларнинг ҳаммангиз бу ишни кўриб чиқинглар ва шу ерда ҳал қилинглар”. 8 Бутун халқ бир одамдек кўтарилди ва деди: “Бизнинг ҳеч биримиз чодиримизга ва ҳеч биримиз уйимизга қайтиб бормаймиз. 9 Гибеаҳ билан мана, нима қиламиз: қуръага кўра унга қарши борамиз. 10 Исроилнинг барча қабилаларидан юз нафардан ўнта, минг нафардан юзта, ўн минг нафардан мингта одамни оламиз, токи улар урушга борадиганлар учун егуликлар олиб келсинлар. Ҳаммамиз эса Беняминнинг Гибеаҳ шаҳри Исроилда қилган беҳаё иши учун уларни жазолашга борамиз”. 11 Барча исроилликлар бир кишидек якдиллик билан Гибеаҳ шаҳрига қарши тўпландилар. 12 Исроилнинг қабилалари Беняминнинг бутун қабиласига бундай дейиш учун одам юбордилар: “Сизларда нақадар ёзув иш қилинибди! 13 Гибеаҳдаги мана шу бузуқ одамларни бизга беринглар. Биз уларни ўлдирамиз ва Исроилдан ёвузликни йўқ қиламиз”. Лекин Беняминнинг ўғиллари биродарлари бўлмиш Исроил ўғилларининг овозларига қулоқ солишни истамадилар. 14 Шунинг учун Беняминнинг ўғиллари Исроил ўғилларига қарши жангга чиқиш учун барча шаҳарларидан Гибеаҳга тўпландилар. 15 Ўша куни саналганда, шаҳарлардан йиғилган Бенямин ўғилларидан қилич яланғочлайдиган йигирма олти минг киши чиқди. Бундан ташқари, Гибеаҳ аҳолисидан етти юзта сараланган киши бор эди. 16 Бу бор халқдан етти юзта сараланган киши бўлиб, улар чапақай эдилар; уларнинг ҳаммаси палақмондан сочга тош отиб, хато урмас эдилар. 17 Бенямин ўғилларига қарши тўпланган исроилликлардан эса қилич яланғочлайдиган тўрт юз минг киши ҳисобга олинди. Уларнинг барчаси урушга қобилиятли кишилар эдилар. 18 Улар туриб, Худонинг уйига бордилар, Худодан сўрадилар. Исроил ўғиллари: “Биздан қайси биримиз Бенямин ўғиллари билан жанг қилишга биринчи боришимиз керак?”- дедилар. Раббий: “Яҳудо олдинда борсин”,- деди. 19 Исроил ўғиллари эрталаб турдилар ва Гибеаҳнинг ёнида қароргоҳ қуриб жойлашдилар. 20 Исроилликлар Беняминга қарши урушга чиқдилар. Исроил ўғиллари Гибеаҳ олдида жангга саф тортдилар. 21 Беняминнинг ўғиллари Гибеаҳдан чиқиб, ўша куни исроилликлардан йигирма икки минг нафарини ер тишлатдилар. 22 Лекин Исроил халқи руҳланиб, олдинги куни турган жойларида яна жангга саф тортдилар. 23 Исроил ўғиллари бориб, Раббий қаршисида кечгача йиғладилар ва Раббийдан: “Биродарим Беняминнинг ўғилларига қарши яна жангга киришайми?”- деб сўрадилар. Раббий: “Унга қарши боринглар”,- деди. 24 Исроил ўғиллари Бенямин ўғилларига иккинчи куни яқинлашдилар. 25 Бенямин иккинчи куни ҳам Гибеаҳдан уларга қарши чиқиб, яна Исроил ўғилларидан қилич яланғочлайдиган ўн саккиз минг кишини ер тишлатдилар. 26 Шунда Исроилнинг барча ўғиллари ва бутун халқ бориб, Раббийнинг уйига келдилар ва у ерда ўтириб, Раббий қаршисида йиғладилар. Улар ўша куни кечгача рўза тутиб, Раббий қаршисида тамоман ёндириш қурбонликлари ва тинчлик қурбонликлари келтирдилар. 27 Исроилнинг ўғиллари Раббийдан яна сўрадилар (ўша вақтда Раббийнинг Аҳд Киботи ўша жойда эди 28 ва Аҳарўн ўғли Элеазарнинг ўғли Пинеҳас унинг олдида турар эди): “Биродарим Беняминнинг ўғилларига қарши яна жангга чиқайми ёки йўқми?” Раббий: “Боринглар, мен эртага уларни сизларнинг қўлларингизга топшираман”,- деди. 29 Исроил Гибеаҳ атрофига пистирма қўйди. 30 Сўнг Исроил ўғиллари учинчи куни Бенямин ўғилларига қарши бориб, олдиндагидек Гибеаҳ олдида саф тортиб турдилар. 31 Беняминнинг ўғиллари халққа қарши чиқиб, шаҳардан узоқлашдилар ва олдиндагидек халқдан баъзиларини бири Бейт-Элга, бошқасини даладан Гибеаҳга борадиган йўлларда ўлдира бошладилар. Улар исроилликлардан ўттизтага яқин одамни ўлдирдилар. 32 Бенямин ўғиллари: “Улар олдиндагидек, бизнинг қаршимизда қуламоқдалар”,- дедилар. Исроил ўғиллари эса: “Улардан қочиб кетайлик ва уларни шаҳардан чиққан йўлларда чалғитамиз”,- дедилар. 33 Шунда барча исроилликлар ўз ўринларидан турдилар ва Баал-Тарамда саф тортдилар. Исроилнинг пистирмадагилари эса ўз жойларидан, Гибеаҳнинг ғарбий томонидан олға интилдилар. 34 Гибеаҳнинг олдига бутун Исроилдан ўн мингта сараланган киши келди ва қаттиқ жанг бошланди. Лекин Беняминнинг ўғиллари уларга кулфат яқинлигини билмас эдилар. 35 Раббий Беняминни исроилликлар қаршисида тор-мор келтирди ва ўша куни исроилликлар Бенямин ўғилларидан қилич яланғочлайдиган йигирма беш минг кишини ер тишлатдилар. 36 Бенямин ўғиллари тор-мор этилганларини кўрганларида, исроилликлар Бенямин ўғилларига ўтишга жой бердилар, чунки улар Гибеаҳ ёнида қўйишган пистирмага умид қилар эдилар. 37 Пистирмадагилар эса шошилиб, Гибеаҳга интилдилар ва кириб бориб, бутун шаҳарни қиличдан ўтказдилар. 38 Исроилликлар пистирмадагилар билан шаҳардан тутун кўтарилиши ҳужум қилишга белги, деб келишган эдилар. 39 Хуллас, исроилликлар жанг майдонидан чекинганларидан сўнг Бенямин яна ўлдира бошлаганида ва исроилликлардан ўттизга яқин кишини ер тишлатиб: Улар олдинги жанглардагидек қаршимизда яна қуламоқдалар", деганида, 40 шу вақтда, шаҳардан тутун устун бўлиб кўтарила бошлади. Бенямин орқага ўгирилди ва мана, бутун шаҳардан тутун самога кўтарилар эди. 41 Исроилликлар ортга қайтдилар, Бенямин эса чўчиб кетди, чунки унинг бошига кулфат келганини кўрди. 42 Улар исроилликлардан саҳро йўлига қараб қочдилар, лекин қилич уларни таъқиб қилди ва шаҳардан чиққанлар уларни ўша жойда қира бошладилар. 43 Улар Беняминни қуршаб олдилар ва уни тўхтамасдан таъқиб қилиб, Гибеаҳнинг шарқий томонигача тор-мор келтирдилар. 44 Бенямин ўғилларидан ўн саккиз минг киши, кучли одамлар қуладилар. 45 Қолганлари ўгирилиб, саҳро томонга, Риммон қоясига қочдилар. Йўлда эса исроилликлар яна беш минг кишини ўлдирдилар. Кейин Гидомгача уларни таъқиб қилиб, улардан яна икки минг кишини ўлдирдилар. 46 Ўша куни қулаган барча Бенямин ўғилларининг сони қилич яланғочлайдиган йигирма беш минг киши эди. Уларнинг барчаси кучли одамлар эдилар. 47 Олти юз киши саҳрога, Риммон қоясига қочдилар ва ўша ерда, Риммон тошли тоғида тўрт ой турдилар. 48 Исроилликлар эса яна Бенямин ўғилларининг олдиларига бориб, уларни: шаҳардаги одамларни ҳам, чорвани ҳам, йўлларида нима учраса ҳаммасини қиличдан ўтказдилар ва ўзлари кирган барча шаҳарларга ўт қўйдилар.