19 1 Исроилда подшоҳ бўлмаган ўша кунларда, Эфрайим тоғининг этагида бир левит яшар эди. У Яҳудиянинг Бейт-Леҳем шаҳридан бир чўрини ўзига хотин қилиб олди. 2 Сўнг хотини у билан жанжаллашиб, ундан отасининг уйига, Яҳудиянинг Бейт-Леҳем шаҳрига кетди ва тўрт ой ўша ерда бўлиб қолди. 3 Унинг эри туриб, унинг юрагига сўзлаш ва уни ўзига қайтариб олиб келиш учун унинг ортидан борди. У билан бирга унинг хизматкори ва бир жуфт эшаги бор эди. Аёл уни отасининг уйига олиб кирди. 4 Бу ёш аёлнинг отаси уни кўриб, уни қувонч билан кутиб олди. Шундай қилиб, ёш аёлнинг отаси уни ушлаб қолди ва у уникида уч кун турди. Улар еб-ичдилар ва ўша ерда тунадилар. 5 Тўртинчи куни улар вақтли турдилар, ва у кетмоқчи бўлди. Ёш аёлнинг отаси ўзининг куёвига: “Юрагингни бир бурда нон билан қувватлагин, кейин борасизлар”,- деди. 6 Улар қолдилар ва иккаловлари биргаликда еб-ичдилар. Ёш аёлнинг отаси ўша одамга: “Яна бир кеча қолгин, юрагинг қувнасин”,- деди. 7 Эрталаб у одам кетиш учун турган эди, қайнатаси эса уни кўндирди ва у яна ўша жойда тунади. 8 Бешинчи куни кетиш учун у эрта тонгда турди. У ёш аёлнинг отаси: “Юрагингни нон билан қувватлагин, кун оққунича тўхтаб туринглар”,- деди. Уларнинг иккаласи яна еб-ичишди. 9 Сўнг ўша одамнинг ўзи, унинг хотини ва хизматкори кетиш учун турдилар. Унга қайнатаси, ёш аёлнинг отаси: “Мана, кун кечга томон оғди, илтимос, тунаб қолинглар. Мана, кун ботмоқда, шу ерда тунаб қолгин, юрагинг қувонсин. Эртага эрта тонгда йўлларингга турасизлар ва ўз уйингга борасан”,- деди. 10 Лекин эри тунаб қолишга рози бўлмади ва туриб кетди. У Ябусга, яъни ҳозирги Йерусалимга келди. Юк ортилган бир жуфт эшак ва хотини у билан бирга эди. 11 Улар Ябусга яқинлашганларида, кун анча оғиб қолган эди. Хизматкор ўз хўжайинига: “Ябусликларнинг шу шаҳрига кирайлик, унда тунаб қоламиз”,- деди. 12 Унга хўжайини: “Йўқ, Исроил ўғилларидан бўлмаган ўзга қабилаликларнинг шаҳрига кирмаймиз, балки Гибеаҳга етиб борамиз”,- деди. 13 У ўз хизматкорига яна: “Ўша жойлардан бирортасига етиб борамиз, Гибеаҳ ёки Рамаҳда тунаймиз”,- деди. 14 Улар ўтиб, ўз йўлларидан кетдилар. Беняминнинг Гибеаҳ шаҳри ёнида эса қуёш ботди. 15 Улар Гибеаҳда тунаш учун унга қайрилдилар. У келиб, шаҳарнинг кўчасида ўтирди. Лекин ҳеч ким уларни тунаб қолиш учун уйига таклиф қилмас эди. 16 Мана, шу оқшом бир қария даладан, ўзининг ишидан қайтаётган эди. У Эфрайим тоғидан бўлиб, Гибеаҳда яшар эди. Бу жойнинг аҳолиси Беняминнинг ўғиллари эдилар. 17 У бошини кўтариб, шаҳар кўчасида йўловчини кўрди. Қария унга: “Қаерга боряпсан ва қаердан келяпсан?”- деди. 18 У унга деди: “Биз Яҳудиянинг Бейт-Леҳем шаҳридан Эфрайим тоғига боряпмиз, мен ўша ерданман. Мен Яҳудиянинг Бейт-Леҳем шаҳрига борган эдим, энди эса Раббийнинг уйига боряпман ва ҳеч ким мени уйга таклиф қилмаяпти. 19 Бизда эшакларимиз учун сомон ҳам, емиш ҳам бор. Шунингдек, қулларингда мен, чўрим ва хизматкор учун нон ва шароб бор. Ҳеч нимада етишмовчилигимиз йўқ”. 20 Қария унга: “Хотиржам бўлгин! Сенинг барча етишмовчилигинг менда бўлсин, фақат кўчада тунамагин”,- деди. 21 Уни ўз уйига олиб кирди ва унинг эшакларига ем берди. Улар эса оёқларини ювиб, еб-ичдилар. 22 Улар эндигина юракларини қувонтирганларида, мана, шаҳар аҳолиси, бузуқ одамлар уйни ўраб олиб, эшикни тақиллатдилар ва қарияга, уйнинг эгасига: “Сенинг уйингга кирган одамни чиқаргин, биз уни таниб-билайлик”,- дедилар. 23 Уйнинг эгаси уларнинг олдиларига чиқиб, уларга деди: “Йўқ, биродарларим менинг, бу одам менинг уйимга киргани учун ёвузлик қилманглар, бу беҳаё ишни қилманглар. 24 Мана, менинг бокира қизим бор, унинг чўриси ҳам бор, мен уларни олиб чиқаман, уларни бўйсундиринглар ва улар билан нима маъқул бўлса, шуни қилинглар. Бу одам билан эса бундай беҳаё ишни қилманглар”. 25 Лекин улар унга қулоқ солишни истамадилар. Ўшанда эри ўзининг чўрисини олди ва кўчага, уларнинг олдиларига чиқарди. Улар уни таниб-билдилар ва уни туни бўйи эрталабгача масхара қилдилар. Тонг отар пайтида уни қўйиб юбордилар. 26 Аёл тонг отар пайтида келди ва хўжайини жойлашган одамнинг уйининг эшиги ёнига йиқилиб, кун ёришгунича ётди. 27 Унинг хўжайини эрталаб турди, уйнинг эшикларини очди ва ўз йўлида кетиш учун чиқди. Мана, унинг чўриси уйнинг эшиги ёнида ётар, унинг қўллари эса бўсаға устида эди. 28 У: “Тур, кетамиз”,- деди унга. Лекин жавоб бўлмади, чунки у ўлган эди. У аёлни эшакнинг устига ўтқизди ва туриб, ўз жойига кетди. 29 Ўз уйига келиб, пичоқни олди ва чўрисини олиб, унинг тана аъзоларини ўн икки бўлакка бўлди ва Исроилнинг барча ҳудудларига жўнатди. 30 Буни кўрган ҳар бир киши: “Исроил ўғиллари Миср еридан чиққанидан шу кунгача бунақаси бўлмаган ва кўрмаган эди. Бунга диққат қилинглар, маслаҳатлашинглар ва фикрларингни айтинглар”,- дер эди.