25 1 Ўз ҳукмронлигининг тўққизинчи йили, тўққизинчи ойнинг ўнинчи кунида Бобил подшоҳи Набукаднезар ўзининг бутун қўшини билан бирга Йерусалимга келди ва уни қамал қилиб, унинг атрофида кўтарма ясади. 2 Подшоҳ Сидқийаҳ ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача Йерусалим қамалда бўлди. 3 Ойнинг тўққизинчи кунида шаҳарда очарчилик кучайди. Ернинг халқида нон йўқ эди. 4 Шунда шаҳар қўлга олинди ва барча аскарлар подшоҳнинг боғи ёнидаги иккита девор оралиғидаги дарвоза йўли орқали тунда қочиб кетдилар. Қалдийликлар эса шаҳар атрофида турар эдилар. Подшоҳ шу йўл орқали текислик томонга кетди. 5 Қалдий қўшини подшоҳнинг ортидан қувди ва Йерихо текисликларида унга етиб олди. Унинг бор қўшини ундан қочиб кетди. 6 Подшоҳни тутиб, уни Риблаҳга, Бобил подшоҳининг олдига олиб кетдилар ва унинг устидан ҳукмни амалга оширдилар. 7 Улар Сидқийаҳнинг ўғилларини унинг кўз ўнгида ўлдирдилар, Сидқийаҳнинг ўзини эса кўзларини ўйиб олиб, уни мис кишанлар билан кишанбанд қилдилар ва Бобилга олиб кетдилар. 8 Бобил подшоҳи Набукаднезар ҳукмронлигининг ўн тўққизинчи йили бешинчи ойнинг еттинчи кунида Бобил подшоҳининг хизматкори, қўриқчилар бошлиғи Набузардан Йерусалимга келди. 9 У Раббий уйини, подшоҳнинг уйини, Йерусалимдаги барча уйларни ёндирди ва барча катта уйларга олов қўйди. 10 Қўриқчилар бошлиғи билан бирга бўлган Қалдий қўшини Йерусалим атрофидаги деворларни вайрон қилди. 11 Шунда қўриқчиларнинг бошлиғи Набузардан шаҳарда қолган халқнинг қолдиғини, Бобил подшоҳи томонга ўтган қочоқларни ва қолган оддий халқни кўчириб кетди. 12 Лекин қўриқчилар бошлиғи бу ернинг камбағал халқидан бир қанчасини узумзор ва деҳқончилик ишларини қилишлари учун қолдирди. 13 Қалдийликлар Раббийнинг уйида бўлган мис устунларни, Раббий уйидаги тагликларни ва мис денгизни синдириб, уларнинг мисларини Бобилга олиб кетдилар. 14 Шунингдек, улар тоғоралар, белкураклар, пичоқлар, қошиқлар ва хизматда ишлатиладиган барча мис идишларни олдилар. 15 Қўриқчилар бошлиғи нимаики олтиндан бўлса ва нимаики кумушдан бўлса – тутатқидонларни, косаларни олиб кетди. 16 Шундай қилиб, у Сулаймон Раббийнинг уйига ясаган иккита устунни, битта денгизни ва тагликларни олди. Бу барча нарсаларнинг мисини ўлчаб бўлмас эди. 17 Бир устуннинг баландлиги ўн саккиз тирсак бўлиб, унинг устидаги тож мисдан эди. Тожнинг баландлиги эса уч тирсак эди. Тожнинг атрофидаги тўр ва анорлар нақшининг барчаси мисдан эди. Иккинчи устунда ҳам худди шундай бўлиб, у ҳам тўрли эди. 18 Қўриқчилар бошлиғи эса олий руҳоний Серайаҳни, иккинчи руҳоний Зефанийаҳни ва остонада қўриқчиликда турадиган уч кишини қўлга олди. 19 Шунингдек, у шаҳардан жангчилар устидан бошлиқ бўлган бир бичилган қулни, подшоҳнинг қаршисида турадиган беш кишини, ернинг халқини урушга рўйхатга олувчи қўшиндаги бош котибни ва ернинг халқидан бўлган олтмиш нафар кишини қўлга олди. 20 Қўриқчилар бошлиғи Набузардан уларни олиб, Риблаҳга, Бобил подшоҳининг олдига олиб борди. 21 Бобил подшоҳи уларни яралаб, Ҳамат еридаги Риблаҳда ўлдирди. Шундай қилиб, яҳудийлар ўз еридан кўчириб кетилдилар. 22 Бобил подшоҳи Набукаднезар эса Яҳудия ерида қолдирган халқнинг устидан Шафаннинг ўғли Ахикамнинг ўғли Гедалийаҳни бошлиқ қилиб қўйди. 23 Барча лашкарбошилар, улар ва уларнинг одамлари Бобил подшоҳи Гедалийаҳни ҳоким қилиб қўйганини эшитганларида, Миспаҳга Гедалийаҳнинг олдига келдилар. Натанийаҳнинг ўғли Исмоил, Кареаҳнинг ўғиллари Йоҳанан, нетофатлик Танҳуметнинг ўғли Серайаҳ, маақатликнинг ўғли Йезанийаҳ, уларнинг ўзлари ва уларнинг одамлари келдилар. 24 Гедалийаҳ уларга ва уларнинг одамларига қасам ичиб: “Қалдийликларнинг ҳокимияти остида бўлишдан қўрқманглар. Ерга жойлашиб, Бобил подшоҳига хизмат қилинглар ва сизларга яхши бўлади”,- деди. 25 Лекин еттинчи ойда, подшоҳ авлодидан бўлган Элишаманинг ўғли Натанийаҳнинг ўғли Исмоил ўнта одам билан бирга Миспаҳга келиб, Гедалийаҳни яраладилар. Шунингдек, улар Миспаҳда Гедалийаҳ билан бирга бўлган яҳудийлар ва қалдийликларни ўлдирдилар. 26 Шунда бутун халқ кичигидан каттасигача туриб, лашкарбошилар билан Мисрга кетдилар, чунки қалдийликлардан қўрқар эдилар. 27 Яҳудия подшоҳи Йеҳойакиннинг кўчирилиб кетилишининг ўттиз еттинчи йили, ўн иккинчи ойнинг йигирма еттинчи кунида Бобил подшоҳи Эвил-меродақ ўз ҳукмронлигини бошлаган йилида Яҳудия подшоҳи Йеҳойакинни зиндондан чиқарди. 28 У билан дўстона суҳбатлашди ва унинг тахтини Бобилда бўлган бошқа подшоҳларнинг тахтларидан юқори қўйди. 29 Унинг зиндондаги кийимларини алмаштирди ва у умрининг охиригача доимо у билан бирга овқатланар эди. 30 Унинг таъминоти эса доимий таъминот бўлиб, унинг ҳаётининг барча кунларида ҳар куни подшоҳ томонидан берилар эди.