14 1 Мен бир қарадим – мана, Сион тоғида Қўзи ва У билан бирга пешаналарида Унинг номи ва Унинг Отасининг номи ёзилган бир юз қирқ тўрт минг одам турар эди. 2 Мен осмондан кўплаб сувларнинг шовқинидек ва кучли момақалдироқнинг товушидек бир овозни эшитдим. Шунингдек, ўз кифарларини чалаётган кифарчиларнинг овозини эшитдим. 3 Улар тахт олдида, тўртта ҳайвон ва қариялар қаршисида янги қўшиқни куйлашар эди. Ердан сотиб олинган бир юз қирқ тўрт минг одамдан ташқари ҳеч ким бу қўшиқни ўргана олмас эди. 4 Булар хотинлар билан булғанмаганлардир, чунки улар бокиралардир. Булар Қўзи қаерга борса, Унинг ортидан борадиганлардир. Улар тўнғичлар сифатида Худо ва Қўзи учун одамлар орасидан қайта сотиб олинганлардир. 5 Уларнинг тилида ҳийлагарлик йўқ, улар – бенуқсондир. 6 Мен самонинг ўртасидан учиб бораётган бошқа бир фариштани кўрдим. Ер юзида яшайдиганларга, ҳар бир қабила ва авлодга, ҳар бир тил ва халққа хушхабарни воизлик қилиш учун унда абадий Хушхабар бор эди. 7 У баланд овоз билан дер эди: “Худодан қўрқинглар! Уни шарафланглар, чунки У оламни ҳукм қиладиган вақт келди! Еру осмон, денгиз ва сув манбаъларининг Яратувчисига сажда қилинглар!” 8 Бошқа бир фаришта ундан кейин учиб бораётиб: “Вайрон бўлди, буюк Бобил шаҳри вайрон бўлди, чунки у ўз зиносининг қизғин шаробини ҳамма халқларга ичирди”,- дер эди. 9 Учинчи фаришта ундан кейин учиб бораётиб, баланд овоз билан дер эди: “Ким йиртқич ҳайвонга ва унинг тасвирига сажда қилса, унинг тамғасини ўз пешанасига ёки қўлига қўйдирса, 10 ўша одам Худонинг қаҳри шаробини, Унинг ғазаб қадағида тайёрланган соф шаробни ичади. Ўша одам Қўзи ҳамда муқаддас фаришталарнинг олдидаги олов ва олтингугурт ичида азоб чекади. 11 Уларнинг азобланишининг тутуни абадулабад кўтарилади. Йиртқич ҳайвонга ва унинг тасвирига сажда қилиб, унинг исмининг тамғасини қабул қиладиган одамлар кечаю кундуз ором топмайдилар”. 12 Бунда Худонинг амрларига риоя қиладиган ва Исога ишонадиган муқаддасларнинг бардоши бор. 13 Сўнгра осмондан менга гапираётган бир овозни эшитдим: “Буни ёзиб олгин – энди Раббийда ўладиган ўликлар бахтлидирлар! Ҳа,- дейди Руҳ,- улар ўз меҳнатларидан тинчланадилар ва уларнинг ишлари уларнинг ортидан боради”. 14 Мен бир қарадим – мана, оппоқ булут ва булутда Инсон Ўғлига ўхшаш Шахс ўтирибди. Унинг бошида олтин тож ва Унинг қўлида ўткир ўроқ бор эди. 15 Бошқа бир фаришта маъбаддан чиқиб, булутда Ўтирганга баланд овоз билан ҳайқирди: “Ўроғингни ишга сол ва ўриб ол, чунки ўрим-йиғим вақти келди, зеро ерда ҳосил етилди”. 16 Булутда Ўтирган ўроғини ерга туширди ва ер ўриб йиғиб олинди. 17 Бошқа бир фаришта осмондаги маъбаддан чиқди. Унинг ҳам ўткир ўроғи бор эди. 18 Олов устидан ҳокимиятга эга бўлган бошқа бир фаришта қурбонгоҳдан чиқиб келиб, ўткир ўроққа эга бўлганга баланд овоз билан: “Ўткир ўроғингни ишга сол ва ердаги узумнинг шингилларини кесгин, чунки унинг мевалари етилди”,- деб хитоб қилди. 19 Фаришта ўроғини ерга туширди ва ердаги узумни тўплаб, Худо қаҳрининг буюк исканжасига ташлади. 20 Узумлар шаҳар ташқарисидаги исканжада эзилди, исканжадан қон ҳатто от юганларигача, бир минг олти юз стадиос масофага оқди.