13 1 Мана, денгиздан чиқиб келаётган етти бошли, ўн шохли йиртқич ҳайвонни кўрдим. Унинг шохларида ўнта тож бор эди. Бошларида эса куфрона номлар ёзилган эди. 2 Мен кўрган йиртқич ҳайвон қоплонга ўхшар эди. Унинг оёқлари айиқнинг оёқларидек, унинг оғзи эса шернинг оғзидек эди. Аждар унга ўзининг қудрати, тахти ва буюк ҳокимиятни берди. 3 Мана, мен кўрдимки, унинг бошларидан бири гўёки сўйилган эди, аммо бу ҳалокатли яра шифоланди. Бутун ер эса йиртқич ҳайвонни кузатиб, ҳайратланди ва йиртқич ҳайвонга ҳокимият берган аждарга сажда қилди. 4 Шунингдек: “Ким бу йиртқич ҳайвонга ўхшаш? Ким у билан жанг қила олади?”- дея ҳайвонга сажда қилди. 5 Йиртқич ҳайвонга мағрур ва куфрона сўзлайдиган оғиз берилди. Унга қирқ икки ой фаолият юритиш ҳокимияти ҳам берилди. 6 У Худонинг номи, Унинг қароргоҳи ва осмонда яшайдиганларни куфрлаш мақсадида Худога куфр келтириш учун оғзини очди. 7 Унга муқаддаслар билан уришиш ва уларни енгиш учун изн берилди. Шунингдек, ҳар бир қабила, халқ, миллат ва элатнинг устидан ҳокимият берилди. 8 Дунё яратилишиданоқ сўйилган Қўзининг ҳаёт китобида исмлари ёзилмаган, ер юзида яшаётганларнинг барчаси унга сажда қилишади. 9 Кимнинг қулоғи бор бўлса, эшитсин: 10 Ким асирга олиб кетса, унинг ўзи асирга олиб кетилади. Ким қилич билан ўлдирса, унинг ўзи қилич билан ўлдирилади. Бунда муқаддасларнинг бардоши ҳамда имони бор. 11 Сўнгра мен ердан чиқиб келаётган бошқа бир йиртқич ҳайвонни кўрдим. Унинг қўзиникига ўхшаш иккита шохи бор эди. У аждардек гапирар эди. 12 Шу йиртқич ҳайвон биринчи йиртқич ҳайвоннинг бор ҳокимияти билан унинг қаршисида ҳаракат қилмоқда ва бутун ерни ҳамда унда яшовчиларни ҳалокатли яраси шифоланган биринчи йиртқич ҳайвонга сажда қилишга мажбур қилмоқда. 13 У шундай буюк аломатлар яратадики, ҳатто одамлар олдида самодан ерга олов туширади. 14 Йиртқич ҳайвоннинг олдида яратиши учун унга берилган мўъжизалар билан у ер юзида яшайдиганларни аврайди. У ер юзида яшайдиганларга қиличдан ярага эга бўлган, аммо тирик қолган йиртқич ҳайвоннинг тасвирини ясашни айтади. 15 Унга йиртқич ҳайвоннинг тасвирига руҳ киритиш учун имкон берилди, токи йиртқич ҳайвоннинг тасвири шундай сўзлаб, ҳаракат қилсинки, тасвирга сажда қилмайдиган ҳар бир киши ўлдирилсин. 16 У шундай ҳам қиладики, ҳамманинг — катталару кичикларнинг, бойлару қашшоқларнинг, озодлару қулларнинг ўнг қўлига ёки пешанасига тамға қўйилади. 17 Шундай қилиб, йиртқич ҳайвоннинг тамғаси, ё унинг исми, ё унинг исмининг рақамига эга бўлганлардан бошқа ҳеч ким ҳеч нарса сотиб ола олмайди ҳам, сота олмайди ҳам. 18 Бунда донолик бор. Кимнинг ақли бўлса, йиртқич ҳайвоннинг сонини ҳисоблаб чиқсин, чунки бу сон – инсоннинг сонидир. Унинг сони олти юз олтмиш олтидир.