12 1 Осмонда буюк аломат содир бўлди: қуёшга бурканган аёл пайдо бўлди, унинг оёқлари остида ой, унинг бошида эса ўн иккита юлдуздан иборат тож бор эди. 2 У ҳомиладор бўлиб, тўлғоқ азобларидан ҳамда оғриқдан қичқирар эди. 3 Осмонда яна бошқа аломат содир бўлди – мана, етти бошли, ўн шохли катта қизил аждар пайдо бўлди, унинг бошларида эса еттита тож бор эди. 4 Унинг думи осмондан юлдузларнинг учдан бир қисмини тортиб кетди ва уларни ерга улоқтирди. Шу аждар туғиши керак бўлган хотиннинг ёнида турди, токи туққанидан кейин унинг боласини ютиб юборсин. 5 Аёл эса барча халқларга темир ҳасса билан чўпонлик қилиши керак бўлган ўғилни туғди, ва унинг боласи Худога, Унинг тахти олдига олиб чиқиб кетилди. 6 Аёл эса саҳрога қочиб кетди. У ерда Худодан унга жой тайёрланган эди, токи у бир минг икки юз олтмиш кун у ерда озиқлансин. 7 Осмонда уруш бўлди – Микаэл ва унинг фаришталари аждарга қарши жанг қилдилар. Аждар ва унинг фаришталари эса уларга қарши жанг қилдилар, 8 аммо дармонсиз бўлиб қолдилар ва уларга осмонда бошқа жой топилмади. 9 Шунда бутун дунёни алдаб йўлдан оздираётган, шайтон ва иблис, деб аталадиган улуғ аждар, қадимги илон ағдарилди. У ўз фаришталари билан бирга ерга ағдарилди. 10 Мен осмонда сўзлаётган кучли овозни эшитдим: “Энди Худойимизнинг нажоти, қудрати, шоҳлиги ҳамда Масиҳнинг ҳокимияти амалга ошди, чунки биродарларимизнинг айбловчиси, туну кун Худонинг олдида уларни айбловчи ерга ағдарилди. 11 Улар эса Қўзининг қони ва ўзларининг гувоҳлик сўзи билан уни енгдилар. Улар ўз ҳаётларини то ўлгунча севмаган эдилар. 12 Шунинг учун, эй, самолар ва унда яшовчилар, қувонинглар! Ерда ва денгизда яшовчиларнинг ҳолига вой! Чунки иблис вақт оз қолганини билиб, сизнинг олдингизга ўта ғазаб билан тушди”. 13 Аждар ўзининг ер юзига ағдарилганини кўриб, ўғил туққан аёлни қува бошлади. 14 Аёлга эса улкан бургутнинг икки қаноти берилди, токи у илоннинг юзидан саҳрога, ўзининг жойига учсин ва ўша жойда маълум вақт, муддат ҳамда ярим вақт озиқлансин. 15 Илон аёлни тошқинда оқизиш учун унинг ортидан оғзидан тошқиндек сув чиқарди. 16 Аммо ер аёлга ёрдам берди, ер ўз оғзини очиб, аждар оғзидан чиқарган тошқинни ютиб юборди. 17 Шунда аждар аёлдан қаттиқ ғазабланди. У аёлнинг уруғининг қолдиғи, яъни Худонинг амрини сақлаётган ҳамда Исо Масиҳнинг гувоҳлигига эга бўлганлар билан жанг қилгани чиқди.