11 1 Менга ҳассага ўхшаш бир қамиш берилиб, дейилди: “Туриб, Худонинг маъбадини, қурбонгоҳни ва маъбадда сажда қилаётганларни ўлчаб чиққин. 2 Маъбаднинг ташқи ҳовлисини эса ажратиб қўйиб, уни ўлчамагин, чунки у мажусийларга берилган. Улар муқаддас шаҳарни қирқ икки ой топтайдилар. 3 Менинг икки гувоҳимга ҳокимият бераман. Улар қанор кийиб, бир минг икки юз олтмиш кун башорат қиладилар. 4 Булар аслида бутун замин Худосининг олдида турадиган иккита чироқ ва иккита зайтун дарахтидир. 5 Агар бирор киши уларни хафа қилмоқчи бўлса, уларнинг оғзидан олов чиқади ва душманини еб битиради. Бирор киши уларни хафа қилмоқчи бўлса, у шу йўсинда ўлдирилиши керак. 6 Улар башорат қилиш кунларида, ерга ёмғир ёғмаслиги учун самони ёпиш ҳокимиятига эгадирлар. Улар сувларни қонга айлантириш ва истаган вақтида ерни турли яра билан шикастлаш ҳокимиятига эгадирлар. 7 Улар гувоҳликларини тугатгач, тубсизликдан чиқадиган ҳайвон улар билан курашади ва уларни енгиб, уларни ўлдиради. 8 Уларнинг мурдасини эса буюк шаҳарнинг кўчасига ташлаб кетади. Ўша шаҳар — “Садўм” ва “Миср”, руҳий деб аталади; бизнинг Раббимиз ҳам у ерда хочга михланган эди. 9 Халқлару қабилалардан, тиллару авлодлардан бўлган кўпчилик уч ярим кун уларнинг мурдаларига қарайдилар ва уларнинг мурдаларини қабрга қўйишга рухсат бермайдилар. 10 Шунда ер юзида яшайдиганлар бундан шодланиб, қувонадилар ва бир-бирларига совғалар юборадилар, чунки бу икки пайғамбар ер юзида яшайдиганларни азоблар эдилар. 11 Аммо уч ярим кундан сўнг уларга Худодан ҳаёт Руҳи кирди ва улар оёққа турди. Уларни кўриб турганларни эса буюк даҳшат қамради. 12 Уларга осмондан: “Бу ерга чиқинглар”,- деган кучли овозни эшитдилар. Улар осмонга булутда кўтарилдилар, душманлари эса уларга қараб турар эди. 13 Айнан ўша соатда буюк зилзила содир бўлди. Шаҳарнинг ўндан бир қисми қулади. Зилзилада етти минг инсоннинг исми ҳалок бўлди. Бошқалар эса даҳшатда қолиб, осмондаги Худони шарафладилар. 14 Иккинчи кулфат ўтди. Мана, учинчи кулфат тез келмоқда. 15 Еттинчи фаришта карнай чалди, ўшанда осмонда: “Дунёнинг шоҳлиги Раббимиз ва Унинг Масиҳининг шоҳлиги бўлди. У абадулабад шоҳлик қилади”,- деб айтаётган кучли овозлар жаранглади. 16 Худонинг олдидаги ўз тахтларида ўтирган йигирма тўртта қария юз тубан йиқилдилар ва Худога сажда қилиб, 17 дедилар: “Эй, ҳозир бор, азалда бор бўлган ва келаётган Раббий Қодир Худо! Сен буюк кучингни қабул қилиб, шоҳ ўрнини эгаллаганинг учун Сендан миннатдормиз. 18 Мажусийлар қутурдилар, Сенинг ҳам қаҳринг келди. Энди ўликларни ҳукм қилишнинг ҳамда қуллару пайғамбарларингни, муқаддасларингни, Сенинг номингдан қўрқадиган каттаю кичикларни тақдирлашнинг ва ерни хароб қилувчиларни хароб қилишнинг вақти келди”. 19 Мана, осмонда Худонинг маъбади очилди. Унинг маъбадида Унинг амрининг киботи кўринди. Шунда чақмоқлар, шовқинлар, момақалдироқ, зилзила ва буюк дўл содир бўлди.