10
1
Мен осмондан тушиб келаётган, булутларга бурканган бошқа кучли фариштани кўрдим. Унинг боши устида камалак бор эди. Унинг юзи қуёшдек бўлиб, оёқлари оташин устундек эди.
2
Унинг қўлида очиқ китобча бор эди. У ўзининг ўнг оёғини денгизга, чапини эса ерга қўйиб,
3
шер бўкирганидек кучли овоз билан ҳайқирди. У ҳайқирганида, еттита момақалдироқ ўз овози билан сўзлади.
4
Еттита момақалдироқ ўз овози билан сўзлаганида, мен ёзмоқчи бўлдим. Аммо осмондан менга: “Еттита момақалдироқ сўзлаган нарсани муҳрлаб, буларни ёзмагин”,- деган садони эшитдим.
5
Мен кўрган, денгиз ва ерда турган фаришта қўлини осмонга кўтарди.
6
У осмон ва ундаги ҳамма нарсани, ер ва ундаги ҳамма нарсани, денгиз ва ундаги ҳамма нарсани яратган, абадулабад барҳаёт Бўлган билан қасам ичиб: “Бошқа вақт бўлмайди,- деб айтар эди,-
7
Аммо еттинчи фаришта овоз берадиган кунларда, у карнай чалганида, Худо пайғамбарларига башорат қилганидек, Унинг сири амалга ошади”.
8
Мен осмондан эшитган овоз яна мен билан суҳбатлашиб: “Бориб, денгизда ва ерда турган фариштадан очиқ китобчани олгин”,- деди.
9
Мен фариштанинг олдига бориб, унга: “Менга китобчани бергин”,- дедим. У менга: “Олиб, уни егин. У сенинг қорнингда аччиқ бўлади, аммо оғзингда асалдек ширин бўлади”,- деди.
10
Мен китобчани фариштанинг қўлидан олиб, уни едим. У менинг оғзимда асалдек ширин эди. Уни еганимдан кейин эса қорнимда аччиқ бўлди.
11
У менга: “Сен яна кўп халқлар, қабилалар, миллатлару подшоҳлар ҳақида башорат қилишинг керак”,- деди.