13 1 Шундан сўнг, халқ Ҳазеротдан чиқиб, Порон саҳросида тўхтади. 2 Шунда Раббий Мусога сўзлаб деди: 3 “Мен Исроил ўғилларига бераётган Канъан ерини кўриб келишлари учун одамларни юбор. Уларнинг оталарининг қабиласидан бир кишидан уларнинг бошлиқларини юборинглар”. 4 Мусо Раббийнинг амри бўйича уларни Порон саҳросидан юборди, уларнинг ҳаммаси Исроил ўғилларининг бошлиқлари эдилар. 5 Мана, бу уларнинг исмлари: Рубен қабиласидан Заккурнинг ўғли Шаммуа. 6 Шимўн қабиласидан Қорининг ўғли Шафат. 7 Яҳудо қабиласидан Йефуннеҳнинг ўғли Калеб. 8 Иссохор қабиласидан Йосефнинг ўғли Игал. 9 Эфрайим қабиласидан Нўннинг ўғли Ҳўшейаҳ. 10 Бенямин қабиласидан Рафунинг ўғли Палти. 11 Забулун қабиласидан Содининг ўғли Гаддиэл. 12 Юсуф қабиласидан, Манашеҳдан Сусининг ўғли Гадди. 13 Дан қабиласидан Гемаллининг ўғли Аммиэл. 14 Ашер қабиласидан Микаэлнинг ўғли Сефур. 15 Нафтали қабиласидан Вофсининг ўғли Наҳби. 16 Гад қабиласидан Махининг ўғли Геуэл. 17 Булар Мусо ерни кўриб келиш учун юборган одамларнинг исмларидир. Мусо Нўннинг ўғли Ҳўшейаҳни Йешуа, деб атади. 18 Мусо уларни Канъан ерига айғоқчиликка юборди ва уларга деди: “Мана бу жануб томонга бориб, тоққа чиқинглар 19 ва ерни кўриб келинглар: у қанақа ер, унда яшовчи халқ кучлими ёки заифми, кам сонлими ёки кўп сонлими? 20 Улар яшаётган ер қанақа: у яхшими ёки ёмонми? Улар яшаётган шаҳарлар қанақа: улар чодирларда яшайдиларми ёки қалъаларда яшайдиларми? 21 Ернинг ўзи қанақа: серҳосилми ёки камҳосилми? Унда дарахтлар борми ёки йўқми? Дадил бўлинглар ва ернинг ҳосилларидан олинглар”. Бу вақт узумларнинг пишиш вақти эди. 22 Улар бориб, ерни Зин саҳросидан Ҳамат яқинидаги Реҳобгача кўриб чиқдилар. 23 Улар жануб томонга кўтарилиб, Анакнинг болалари Аҳиман, Шешай, Талмай яшайдиган Хебронгача етиб бордилар. Хеброн Мисрдаги шаҳар Зоандан етти йил олдин қурилган эди. 24 Сўнг улар Эшкол водийсига келдилар ва ўша ерда бир бош узум шохини уздилар; уни икки киши ходада кўтариб кетди. Шунингдек, анор ва анжирлар ҳам олдилар. 25 Бу жойни Исроил ўғиллари кесиб олган бир бош узум сабабли Эшкол водийси, деб атадилар. 26 Улар ерни кўриб чиқиб, қирқ кундан кейин қайтиб келдилар. 27 Улар юриб, Мусо, Аҳарўн ва Исроил ўғилларининг бутун жамоасининг олдига, Қадешдаги Порон саҳросига келдилар. Уларга ва бутун жамоага жавоб олиб келдилар ҳамда уларга ернинг ҳосилларини кўрсатдилар. 28 Улар Мусога сўзлаб дедилар: “Сен бизни юборган ерга бордик, ҳақиқатан ҳам унда сут ва асал оқмоқда, мана булар ― унинг ҳосиллари. 29 Бироқ у ерда яшайдиган халқ кучли ва шаҳарлари мустаҳкамланган, ўта катта шаҳарлар. Боз устига, биз у ерда Анак ўғилларини кўрдик. 30 Амолеқ ернинг жанубий қисмида яшар экан. Хетликлар, ябусликлар ва амўрликлар тоғда яшар экан. Канъанликлар эса денгиз бўйида ва Йорданнинг қирғоғида яшар экан”. 31 Лекин Калеб халқни Мусонинг олдида тинчлантириб: “Бориб, уни босиб оламиз, чунки биз уларни енга оламиз”,- деди. 32 У билан бирга борган кишилар эса: “Биз бу халққа қарши бора олмаймиз, чунки улар биздан кучлироқ”,- дер эдилар. 33 Сўнг улар Исроил ўғиллари орасида кўриб келган ерлари ҳақида ёмон миш-мишларни тарқатиб, дедилар: “Биз кўриб келиш учун борган ер – унда яшайдиганларни еб битирадиган ердир. Биз у ерда кўрган халқнинг барчаси – ўта улкан одамлардир. 34 Шунингдек, у ерда паҳлавонларни, яъни паҳлавонларнинг наслидан бўлган Анак ўғилларини кўрдик. Биз ўз нигоҳимизда худди чигиртка каби эдик ва уларнинг нигоҳида ҳам худди шундай эдик”.