24 1 Ҳафтанинг биринчи куни эрта тонгда улар тайёрлаб қўйган атирларини олиб, қабрга келдилар. Улар билан бирга бошқа аёллар ҳам бор эди. 2 Улар қабр оғзидаги тошни ағдарилганини кўрдилар, 3 аммо ичкарига кирганларида, Раббий Исонинг жасадини топмадилар. 4 Улар бундан довдираб турганларида, тўсатдан уларнинг олдиларида порлоқ кийимли икки киши пайдо бўлди. 5 Аёллар эса қўрқувга тушиб, юзларини ерга эгиб турганларида, ўша кишилар уларга дедилар: “Нега сизлар тирикни ўликлар орасидан излаяпсизлар? 6 У бу ерда йўқ, У тирилди. У ҳали Галиледа бўлган вақтида айтганини эсланглар: 7 Инсон Ўғли гуноҳкор одамларнинг қўлига топширилади, хочга михланади, учинчи куни эса тирилади”. 8 Ўшанда улар Исонинг сўзларини эсладилар. 9 Шундай қилиб, аёллар қабрдан қайтиб бориб, бу ҳақда ўн бир ҳаворийга ва бошқа ҳамма одамларга маълум қилдилар. 10 Ҳаворийларга бу хабарни етказганлар – магдалалик Мирйам, Йўанна, Ёқубнинг онаси Мирйам ва улар билан бирга бўлган бошқа аёллар эдилар. 11 Аммо бу сўзлар ҳаворийларга қуруқ гапдай туюлди ва улар аёлларга ишонмадилар. 12 Бироқ Петъёр ўрнидан турди ва қабр томон югуриб кетди. Ичкарига энгашиб қараб, фақат у ерда ётган кафанни кўрди. Шунда юз берган воқеадан ўз ўзича ҳайратланиб, орқага қайтиб кетди. 13 Ўша куни Исонинг шогирдларидан иккитаси Йерусалимдан олтмиш стадиос узоқлигидаги Эммаус деган қишлоққа борар 14 ва содир бўлган воқеалар ҳақида ўзаро гаплашар эдилар. 15 Ўзаро сўзлашиб мулоҳаза қилаётганларида, Исонинг Ўзи уларга яқинлашиб, улар билан бирга борди. 16 Лекин уларнинг кўзлари тўсилган бўлиб, Уни танимадилар. 17 Исо эса улардан: “Сизлар ўзаро нималар ҳақида мулоҳаза қиляпсизлар? Нега хафа кўринасизлар?”- деб сўради. 18 Улардан Клеопа деган бири Унга жавоб бериб: “Шу кунларда бу ерда содир бўлган воқеадан Йерусалимга келганлар орасида наҳотки биргина Сен бехабар бўлсанг?”- деди. 19 “Қайси воқеадан?”- деб сўради Исо. Улар Унга дедилар: “Нозарий Исо ҳақидаги воқеадан: Худо ва бутун халқ олдида У ишларида ва сўзларида қудратли пайғамбар эди, 20 бироқ олий руҳонийлар билан бошлиқларимиз Уни ўлим жазосига маҳкум этиб, Уни хочга михлатдилар. 21 Биз эса Уни Исроилни халос қиладиган Кимса, деб умид қилган эдик. Бу воқеалар содир бўлганига бугун учинчи кун бўлди. 22 Бироқ бизнинг айрим аёлларимиз бизни ҳайратда қолдирдилар, чунки улар эрта билан қабрга бориб, 23 Унинг жасадини топа олмадилар. Аммо улар қайтиб келганларида, бизга: “У тирик,- деб айтган фаришталарни ҳам кўрдик”,- деб айтдилар. 24 Орамиздан баъзилар ҳам қабрга бориб, худди аёллар айтганларидай топдилар, лекин Унинг Ўзини кўрмадилар”. 25 Ўшанда Исо уларга деди: “Эй, фаҳмсизлар! Пайғамбарларнинг барча айтганларига ишонишга юраги суст одамлар! 26 Масиҳ шундай азоб чекиб, Ўзининг шуҳратига шундай кириши керак эмасмиди?” 27 Шундай қилиб, Мусодан тортиб, барча пайғамбарларда Ўзи ҳақида айтилганларнинг ҳаммасини Ёзув бўйича уларга тушунтира бошлади. 28 Шу орада улар ўша бораётган қишлоққа яқинлашдилар. Исо Ўзини йўлини давом эттирмоқчидек қилиб кўрсатди. 29 Лекин улар: “Биз билан бирга қолгин, чунки кун ботяпти, энди кеч кира бошлади”,- деб, Уни қистадилар. Шунда Исо улар билан бирга қолиб, ичкарига кирди. 30 Улар билан бирга дастурхон атрофида ёнбошлаганида, У нонни олиб шукрона айтди ва нонни синдириб уларга берди. 31 Ўшанда уларнинг кўзлари очилиб, Уни таниб қолдилар. Лекин Исо уларга кўринмай қолди. 32 Улар эса бир-бирларига: “У йўлда биз билан гаплашиб, Ёзувларни тушунтираётганида, юрагимиз ёниб турмаганмиди, ахир!”- дедилар. 33 Шу ондаёқ туриб, Йерусалимга қайтиб бордилар. Ўн бир ҳаворийни ва улар билан бирга йиғилиб ўтирганларни топдилар. 34 Улар: “Ҳазрат ҳақиқатан тирилди ва Шимўнга зоҳир бўлди!”- дедилар. 35 Булар ҳам йўлдаги воқеани – Исо нонни синдираётганида, Уни қандай таниб қолганларини айтиб бердилар. 36 Улар ҳали бу ҳақида гапираётганларида, Исонинг Ўзи уларнинг ўрталарида зоҳир бўлиб: “Сизларга тинчлик бўлсин!”- деди. 37 Шогирдлар эса қўрқиб ва ваҳимага тушиб: биз руҳни кўряпмиз, деб ўйладилар. 38 Лекин Исо уларга деди: “Нега шунча безовта бўляпсизлар? Нима учун бундай фикрлар юракларингизга кирмоқда? 39 Қўлларимга ва оёқларимга қаранглар – бу Мен Ўзимман – Мени ушлаб кўринглар, чунки Менда кўрганларингиздек руҳнинг эту суяги бўлмайди-ку!” 40 Буни айтиб, Исо уларга қўл-оёқларини кўрсатди. 41 Улар қувончдан ҳали ишонмай, ҳайрон бўлиб турганларида, Исо улардан: “Бу ерда бирон овқат борми?”- деб сўради. 42 Шогирдлар эса Унга бир бўлак қовурилган балиқ ва мумкатакли асал бердилар. 43 Исо буни олди ва уларнинг олдида еб, 44 уларга деди: “Мен ҳали сизлар билан бирга бўлганимда, Мен ҳақимда Мусонинг Қонунида, Пайғамбарлар ва Санолар китобида ёзилганларнинг барчаси бажо бўлиши керак, деб айтган эдим-ку”. 45 Шунда Ёзувларни англашлари учун шогирдларининг онгини очиб, 46 уларга деди: “Шундай ёзилган эди, шунингдек Масиҳ азоб чекиши ҳамда учинчи куни тирилиши керак эди. 47 Шунингдек, Йерусалимдан бошлаб барча халқларда Унинг номидан тавба қилиш ва гуноҳлар кечирилиши воизлик қилиниши керак. 48 Сизлар эса бунга гувоҳсизлар. 49 Мана, Мен Отамнинг берган ваъдасини сизларнинг устингизга юбораман. Сизлар эса юқоридан бу қудратга бурканмагунингизча, Йерусалимда қолинглар”. 50 Сўнг Исо шогирдларини шаҳардан ташқарига, Бейт-Аниа яқинига олиб чиқди. У ерда қўлларини кўтариб, уларни дуо қилди. 51 Дуо қилаётганида улардан узоқлашиб, осмонга кўтарилиб кетди. 52 Шунда улар Унга сажда қилиб, буюк қувонч билан Йерусалимга қайтиб келдилар. 53 Улар Худони улуғлаб ва муборак қилиб, доимо маъбадда бўлар эдилар. Омин.