27
1
Раббий яна Мусога сўзлаб деди:
2
“Исроил ўғилларига эълон қилиб айтгин: Агар кимдир сенинг баҳолашинг бўйича бирор жонни Раббийга бағишлашга назр атаган бўлса,
3
унда йигирма ёшдан олтмиш ёшгача бўлган эркак учун сенинг баҳолашинг муқаддасгоҳ шеқели бўйича эллик шеқел бўлиши керак.
4
Агар у аёл бўлса, сенинг баҳолашинг ўттиз шеқел бўлиши керак.
5
Беш ёшдан йигирма ёшгача бўлган ўғил бола учун сенинг баҳолашинг йигирма шеқел бўлсин, қиз бола учун ўн шеқел бўлсин.
6
Ёши бир ойликдан беш ёшгача бўлган ўғил бола учун сенинг баҳолашинг беш шеқел бўлсин, қиз бола учун сенинг баҳолашинг уч шеқел бўлсин.
7
Олтмиш ва ундан катта ёшдаги эркак учун сенинг баҳолашинг ўн беш шеқел бўлсин, аёллар учун ўн шеқел бўлсин.
8
Агарда у камбағал бўлиб, сенинг баҳолашинг бўйича бера олмаса, унда уни руҳонийнинг олдига келтиришсин ва руҳоний уни баҳоласин. Назр атаганнинг моддий имконига қараб, руҳоний уни баҳоласин.
9
Агар Раббийга қурбонликка келтириш мумкин бўлган ҳайвондан бирортаси назр аталган бўлса, унда Раббийга назр аталган ҳамма нарса муқаддас ҳисобланиши керак.
10
Уни ўзгартириш ва яхшисини ёмонига, ёки ёмонини яхшисига алмаштириб бўлмайди. Агарда кимдир ҳайвонни ҳайвонга алмаштирса, унда назр аталган ҳайвон ҳам, алмаштириб қўйилган ҳайвон ҳам муқаддасворлик бўлади.
11
Агар Раббийга қурбонликка келтириб бўлмайдиган нопок ҳайвон назр аталган бўлса, унда ҳайвонни руҳонийга кўрсатиш керак.
12
Руҳоний унинг яхши ёки ёмонлигига қараб, уни баҳолайди ва руҳоний уни қандай баҳоласа, шундай бўлиши керак.
13
Агар назр атаган одам ҳайвонни қайта сотиб олмоқчи бўлса, унда сен баҳолаган нарх устига унинг бешдан бир қисми нархини қўшиб берсин.
14
Агар кимдир Раббийга муқаддасворлик сифатида ўз уйини бағишласа, унда уй яхшими ёки ёмонми, руҳоний уни баҳолаши керак. Руҳоний уни қандай баҳоласа, унинг нархи шунча бўлиши керак.
15
Агарда бағишлаган одам ўз уйини қайта сотиб олмоқчи бўлса, унда у сен баҳолаган нарх устига, унинг бешдан бир қисми нархини қўшиб берсин, шунда уй уники бўлади.
16
Агар кимдир ўзининг ер мулкидан даласининг бирор қисмини Раббийга бағишласа, унда сенинг баҳойинг экиладиган уруғ миқдори бўйича бўлиши керак: ҳомер арпа учун эллик кумуш шеқел, деб белгилансин.
17
Агар бағишловчи одам ўз ерини юбилей йилидан бошлаб бағишласа, унда унинг нархи руҳонийнинг баҳоси бўйича белгиланиши керак.
18
Агар бағишловчи одам ўз ерини юбилей йилидан кейин бағишлайдиган бўлса, унда руҳоний юбилей йилигача қолган навбатдаги йиллар бўйича нархини ҳисоблаб, унинг баҳосини камайтириши керак.
19
Агар бағишловчи одам ўз даласини қайта сотиб олмоқчи бўлса, унда у руҳонийнинг баҳолаган нархи устига, унинг бешдан бир қисми нархини қўшиб берсин ва дала унинг мулки бўлиб қолади.
20
Агарда у далани қайта сотиб олмаса ва дала бошқа одамга сотиб юборилса, у ҳолда далани ҳеч қачон қайта сотиб олиб бўлмайди.
21
Юбилей йили келиб, ўша дала олдинги ҳолатига қайтганида, у қасам билан бағишланган даладек, Раббийнинг муқаддасворлиги сифатида бўлади. У руҳонийнинг ер мулкига айланади.
22
Агар кимдир унинг ер мулкидан бўлмаган, лекин сотиб олинган далани Раббийга бағишласа,
23
унда руҳоний унга даланинг юбилей йилигача бўлган баҳосини ҳисоблаб чиқариши керак ва бағишлаган одам, сен баҳолаган нархни ўша куннинг ўзида Раббийнинг муқаддасворлиги сифатида бериши керак.
24
Дала эса, юбилей йилида, кимдан сотиб олинган бўлса, аввал бу ер кимнинг мулки бўлган бўлса, ўшанга қайтиб ўтади.
25
Ҳар қандай баҳойинг муқаддасгоҳ шеқели бўйича белгилансин. Бир шеқелда йигирма гераҳ бўлиши керак.
26
Фақат тўнғичлиги бўйича Раббийга тегишли бўлган молни ҳеч ким бағишламаслиги керак. У ҳўкиз бўладими, ёки қўйми ― улар Раббийникидир.
27
Агар бағишланган ҳайвон нопок бўлса, унда уни сенинг баҳолашинг бўйича қайта сотиб олиши ва унинг нархининг устига, унинг бешдан бир қисми нархини қўшиб бериши керак. Агар уни қайта сотиб олмаса, сенинг баҳойинг бўйича сотиб юборилсин.
28
Фақатгина одамнинг ўз мулкидан Раббийга қасам билан бағишлаган ва қасам остида бўлган барча мулки – хоҳ одам бўлсин, хоҳ мол бўлсин, хоҳ ер мулкидан бўлган дала бўлсин – булар сотилмайди ва қайта сотиб олинмайди. Қасам билан бағишланган ҳамма нарса ― Раббийнинг буюк муқаддасворлигидир.
29
Қасам билан бағишланган одам ҳам қайта сотиб олинмайди. Улар ўлимга топширилиши шарт.
30
Ердаги ҳар қандай ушр – у ернинг уруғидан бўлсин ёки дарахтнинг меваларидан бўлсин – Раббийга тегишлидир. Булар Раббийнинг муқаддасворликларидир.
31
Агар кимки ўзининг ушрини қайта сотиб олмоқчи бўлса, унда унинг нархи устига, унинг бешдан бир қисм нархини қўшиб берсин.
32
Катта ва кичик қорамолнинг ўндан бир қисми ва таёқ остидан ўтадиган ҳамма нарсанинг ўнинчиси Раббийга бағишланиши керак.
33
Буларнинг яхши ёки ёмони танлаб олинмайди ва булар алмаштирилмайди. Агарда кимдир уни алмаштирадиган бўлса, унда аввалгиси ҳам, алмаштириб қўйилгани ҳам муқаддасворлик бўлади ва қайта сотиб олинмайди”.
34
Мана шулар, Раббийнинг Исроил ўғиллари учун Синай тоғида Мусога буюрган амрларидир.