25 1 Раббий Синай тоғида Мусога сўзлаб деди: 2 “Исроил ўғилларига эълон қилиб айтгин: Мен сизларга бераётган ерга келганларингизда, ер Раббийнинг шаббатида дам олиши керак. 3 Олти йил далангга экин эк, олти йил узумзорингни кес ва уларнинг ҳосилларини йиқ, – 4 аммо еттинчи йили ернинг дам олиш шаббати, Раббийнинг шаббати бўлсин. Далангга экин экма ва узумзорингни кесма. 5 Ўзи ўсиб чиққан ҳосилингни йиғиб олма ва кестирилмаган новдаларингдан узум бошларини олма. Бу ер учун дам олиш йили бўлсин. 6 Бу – ернинг шаббати давомида сизларга: сенга, қулингга, чўрингга, ёлланма ишчингга, сенинг хонадонингда яшайдиган мусофирга егулик бўлади. 7 Шунингдек, ернинг барча ҳосиллари молингга ва ерингда яшовчи жониворларга егулик бўлади. 8 Ўзингга етти марта етти йилни, яъни еттита шаббатнинг йилларини санаб олгин, токи еттита шаббатнинг йилларида қирқ тўққиз йил бўлсин. 9 Ўшанда еттинчи ойда, ойнинг ўнинчи кунида бурғу чалгин. Покланиш кунида бутун ерингиз бўйлаб бурғу чалинглар. 10 Эллигинчи йилни муқаддас, деб тан олинглар ва бутун ер бўйлаб унинг барча аҳолисига озодликни эълон қилинглар. Бу сизларда юбилей бўлсин. Ҳар бирингиз эгалик қилган ўз ерларингизга қайтинглар ва ҳар бирингиз ўз қабилангизга қайтинглар. 11 Эллигинчи йил сизларда юбилей бўлсин. Экин экманглар ва ерда ўзи ўсиб чиққан ҳосилни йиғиб олманглар, кесилмаган узум новдаларидан узум бошларини териб олманглар, 12 зеро бу юбилейдир. У сизлар учун муқаддас бўлсин. Даланинг ҳосилларини унинг ўзида истеъмол қилинглар. 13 Юбилей йилида ҳар бирингиз эгалик қилган ўз ерларингизга қайтинглар. 14 Агар яқинингга бирор нима сотадиган бўлсанг, ёки яқинингдан бирор нима сотиб оладиган бўлсанг, бир-бирларингизни хафа қилманглар. 15 Сен юбилейдан кейин келадиган йиллар ҳисоби бўйича яқинингдан ерни сотиб олишинг керак ва яқининг ҳам ҳосил йиллари ҳисоби бўйича сенга ерни сотиши керак. 16 Қанча кўп йиллар қолган бўлса, шунча нархини оширгин ва қанча кам йиллар қолган бўлса, шунча нархини камайтиргин. Чунки у сенга маълум ҳосил йиллари сони бўйича сотмоқда. 17 Бир-бирингизни хафа қилманглар ва Худойингиздан қўрқинглар, чунки Мен сизларнинг Раббий Худойингизман. 18 Менинг низомларимга амал қилинглар ва Менинг қонунларимни сақлаб, уларни бажаринглар, шундагина сизлар ерда хавфсиз ва тинч яшайсизлар. 19 Шунда ер ҳам ўз ҳосилларини беради ва сизлар тўйгунингизча ейсизлар ҳамда ерда хавфсиз ва тинч яшайсизлар. 20 Борди-ю сизлар: “Агар биз экин экмасак ва ҳосилларимизни йиғиб олмасак, у ҳолда, еттинчи йили нима еймиз?”- деб айтсангизлар, 21 Мен сизларга олтинчи йили баракатимни жўнатаман ва у сизларга уч йиллик ҳосилни келтиради. 22 Сўнг саккизинчи йили экин экасизлар, лекин тўққизинчи йилгача эски ҳосилларни ейсизлар. Тўққизинчи йилнинг ҳосиллари етилгунича, эскисини ейсизлар. 23 Ер абадий сотилмаслиги керак, чунки ер Меникидир. Сизлар Менинг еримда мусофир ва кўчманчисизлар. 24 Бутун эгалик қилаётган ерингиз ҳудуди бўйлаб, ерни қайта сотиб олиш имконини беринглар. 25 Агар биродаринг камбағаллашиб, эгалик қилаётган еридан бирор қисмини сотса, унда унинг бирор яқин қариндоши келсин ва биродари сотган ерни қайта сотиб олсин. 26 Агар унинг ўрнига сотиб оладиган ҳеч ким бўлмаса-ю, лекин унинг ўзи тўкинчиликка эришиб, қайта сотиб олиш учун етарлича маблағ топса, 27 унда у ерни сотган вақтдан ўтган йилларини ҳисоблаб, кимга сотган бўлса, ўша одамга қолган пулини қайтариб берсин ва яна ўз эгалигига қайтсин. 28 Борди-ю қайтариб бериши керак бўлган маблағни унинг қўли топа олмаса, унда у сотган ер юбилей йили келгунича сотиб олганнинг қўлида қолади. Юбилей йилида эса у кетади ва эгаси яна ўз мулкига қайтади. 29 Агар кимдир деворлар билан ўралган шаҳар ичидаги турар жойни сотса, унда уни сотилган вақтидан бошлаб, бир йил ичида қайта сотиб олиши мумкин. Бир йил ичида уйни қайта сотиб олиши мумкин. 30 Аммо тўлиқ бир йил ичида уй қайта сотиб олинмаса, унда атрофи деворлар билан ўралган шаҳар ичидаги уй, уни сотиб олган одамнинг қўлида унинг авлодлари оша абадий қолади ҳамда юбилей йилида аввалги эгасига қайтмайди. 31 Лекин атрофи деворлар билан ўралмаган қишлоқлардаги уйларни эса, худди ернинг далалари билан тенг ҳисоблаш керак. Уларни қайта сотиб олиш мумкин ва юбилей йили ҳам улар аввалги эгасига қайтади. 32 Левитларнинг шаҳарлари, уларнинг эгалик қилаётган шаҳарларидаги уйларни левитлар истаган вақтда қайта сотиб олишлари мумкин. 33 Агар левитлардан бирортаси уйни қайта сотиб олмаса, у ҳолда уларнинг эгалик қилаётган шаҳарларидаги сотилган уй юбилей йилида аввалги эгасига қайтади. Чунки левитларнинг шаҳарларидаги уйлар, Исроил ўғиллари орасида левитларнинг эгалик мулкларини ташкил қилади. 34 Уларнинг шаҳарлари атрофидаги далаларни эса сотиб бўлмайди, чунки бу уларнинг абадий эгалик мулкларидир. 35 Агар сенинг биродаринг камбағаллашиб, оғир аҳволга тушиб қолса, унда у мусофир бўладими ёки кўчманчими, уни қўллаб-қувватлагин ва у сен билан бирга яшасин. 36 Ундан фоиз ёки устама олмагин, аммо ўз Худойингдан қўрққин, токи биродаринг сен билан бирга яшасин. 37 Кумушингни унга фоизга берма, озиқ-овқатни унга устама олиш учун берма. 38 Зеро Мен сизларнинг Худойингиз бўлиш учун ва сизларга Канъан ерини бериш учун сизларни Миср еридан олиб чиққан сизларнинг Раббий Худойингизман. 39 Агар биродаринг камбағаллашиб қолса ва сенга сотилса, унда уни қулнинг меҳнатини қилишга мажбур қилма. 40 Лекин у сен учун худди ёлланма ишчи каби, кўчманчи каби бўлсин ва у сенга юбилей йилигача хизмат қилсин. 41 Юбилей йилида эса унинг ўзи ва у билан бирга унинг болалари сендан кетсин ва ўз қабиласига қайтиб, яна оталарининг мулкига кирсин. 42 Чунки улар Менинг қулларимдир, уларни Мен Миср еридан олиб чиққанман. Уларни қулларни сотгандек сотиш мумкин эмас. 43 Унинг устидан қаҳри қаттиқлик билан ҳукмронлик қилма ва ўз Худойингдан қўрқ. 44 Сизларда қул ва чўрилар бўлиши учун атрофингиздаги халқлардан ўзингизга қул ва чўриларни сотиб олинглар. 45 Шунингдек, сизларнинг орангизда жойлашган кўчманчиларнинг болаларини ва ерингизда туғилган уларнинг қабилаларининг болаларини сотиб олишингиз мумкин ҳамда улар сизларнинг шахсий мулкингиз бўлиши мумкин. 46 Уларни ўзларингиздан кейин фарзандларингизга мулк сифатида мерос қилиб қолдиришингиз мумкин. Улар абадий сизларнинг қулингиз бўлиши мумкин. Аммо сизларнинг биродарларингиз бўлмиш Исроил ўғиллари устидан, яъни бир-бирингизнинг устингиздан қаҳри қаттиқлик билан ҳукмронлик қилманглар. 47 Агар мусофир ёки кўчманчи тўкинчиликка эга бўлса ва биродаринг унинг қаршисида камбағаллашиб, халқинг орасига жойлашган мусофирга ёки мусофирнинг қабиласидан бўлган бирор кишига сотилса, 48 унда у сотилганидан кейин уни қайта сотиб олиш мумкин. Унинг биродарларидан бирор ким уни қайта сотиб олиши керак. 49 Амакиси, тоғаси, ёки амакисининг, тоғасининг ўғли уни қайта сотиб олиши керак; ёки унинг қариндошларидан бирор ким, ёки унинг қабиласидан бирор ким уни қайта сотиб олиши керак. Агар унинг ўзи тўкинчиликка эришса, ўзини ўзи қайта сотиб олсин. 50 У ўзини сотган йилидан бошлаб то юбилей йилигача чамалаб, уни сотиб олган одам билан ҳисоб-китоб қилсин ва у ўзини сотган кумушни йиллар сонига қараб берсин. У унда ёлланма ишчи каби бўлиши керак. 51 Агар юбилей йилигача кўп йиллар қолган бўлса, унда ўша йиллар бўйича ҳисоблаб, у ўзини қайта сотиб олиш учун у сотиб олинган кумушнинг маълум қисмини қайтариши керак. 52 Агар юбилей йилигача кам йиллар қолган бўлса, унда у қолган йиллар бўйича ҳисоблаб, ўзини сотиб олиши учун маълум кумушни бериши керак. 53 Барча йиллар давомида у унда худди ёлланма ишчи каби бўлиши керак. У сенинг кўз ўнгингда Исроил ўғиллари устидан қаҳри қаттиқлик билан ҳукмронлик қилмаслиги керак. 54 Борди-ю, агар у шу тарзда сотиб олинмаса, унда унинг ўзи ва у билан бирга унинг болалари юбилей йилида озод бўладилар. 55 Чунки Исроил ўғиллари Менинг қулларимдир. Улар, Мен Миср еридан олиб чиққан Менинг қулларимдир. Мен сизларнинг Раббий Худойингизман”.