20 1 Раббий яна Мусога сўзлаб деди: 2 “Исроил ўғилларига шуни айтгин: Исроил ўғилларидан ёки исроилликларнинг ораларида яшайдиган мусофирлардан бирор киши ўз фарзандларидан бирортасини Молекка берса, у ўлимга маҳкум этилсин: ернинг халқи уни тошбўрон қилсин. 3 Мен юзимни ўша одамга қарши қиламан ва уни халқининг орасидан қириб ташлайман, чунки Менинг Муқаддасгоҳимни булғаш ва Менинг муқаддас номимни беобрў қилиш учун у фарзандларидан бирини Молекка берди. 4 Ернинг халқи эса фарзандларидан бирини Молекка берган одамга эътибор бермаса ва уни ўлдирмаса, 5 унда Мен юзимни ўша одам ва унинг оиласига қарши қилиб, уларни халқдан қириб ташлайман. Шунингдек, у билан Молекнинг ортидан зинокорона юрганларнинг барчасини қириб ташлайман. 6 Кимки ўликларни чақирувчи ва сеҳргарларнинг ортидан зинокорона юриш учун уларга мурожаат қилса, унда Мен юзимни ўша одамга қарши қиламан ва уни ўз халқининг орасидан қириб ташлайман. 7 Ўзларингизни покланглар ва муқаддас бўлинглар, чунки Мен сизларнинг Раббий Худойингиз муқаддасман. 8 Менинг низомларимга амал қилинглар ва уларни бажаринглар, чунки Мен сизларни муқаддасловчи Раббийман. 9 Кимки ўз отасини ёки онасини лаънатлайдиган бўлса, бундай одам ўлимга маҳкум этилсин. У отасини ва онасини лаънатлади, унинг қони унинг устидадир. 10 Агар кимдир эрлик аёл билан зино қилса, агар кимдир ўз яқинининг хотини билан зино қилса, унда зинокор эркак ҳам, зинокор аёл ҳам ўлимга маҳкум этилсин. 11 Ким отасининг хотини билан ётса, ўша одам отасининг яланғочлигини очган бўлади, уларнинг иккови ҳам ўлимга маҳкум этилсин, уларнинг қони уларнинг устидадир. 12 Кимки ўзининг келини билан ётса, унда иккови ҳам ўлимга маҳкум этилсин. Улар жирканч иш қилдилар, уларнинг қони уларнинг устидадир. 13 Агар бирор эркак аёл билан ётгандек, бошқа эркак билан ётса, иккови ҳам жирканч иш қилган бўлдилар. Иккови ҳам ўлимга маҳкум этилсин, уларнинг қони уларнинг устидадир. 14 Агарда кимдир ўзига хотин олиб, устига унинг онасини оладиган бўлса, бу бузуқликдир. Бундай эркак ва аёлларни оловда ёндириб юбориш керак, токи ораларингизда бузуқлик бўлмасин. 15 Ким мол билан қўшилса, у ўлимга маҳкум этилсин, ҳайвонни ҳам сўйинглар. 16 Агар аёл бирор ҳайвон билан қўшилиш учун унинг олдида турса, унда аёлни ҳам, ҳайвонни ҳам ўлдир. Улар ўлимга маҳкум этилсин, уларнинг қони уларнинг устидадир. 17 Агар кимдир ўзининг синглисини, отасининг қизини ёки онасининг қизини олса ва унинг яланғочлигини кўрса ва синглиси ҳам унинг яланғочлигини кўрса, бу шармандаликдир. Улар ўз халқи ўғилларининг кўзи ўнгида қириб ташлансин. У синглисининг яланғочлигини очди, шунинг учун у гуноҳини ўзида кўтариб кетади. 18 Кимки хотинининг ҳайз кўриш вақтида у билан ётса ва унинг яланғочлигини очса, унда у хотинининг оқимини очган бўлади, хотини ҳам ўзининг қон оқимини очган бўлади: иккови ҳам ўз халқининг орасидан қириб ташлансин. 19 Онангнинг опа-синглисининг ҳамда отангнинг опа-синглисининг яланғочлигини очма. Чунки бундай киши ўзининг қон қариндошини яланғоч қилган бўлади: бундайлар ўз гуноҳларини кўтариб кетадилар. 20 Агар ким амакисининг ёки тоғасининг хотини билан ётса, бундай киши амакисининг ёки тоғасининг яланғочлигини очган бўлади: бундайлар ўз гуноҳларини кўтариб юриб, фарзандсиз ўлиб кетади. 21 Агар ким ака ёки укасининг хотинини олса, бу ― нопокликдир: у ака ёки укасининг яланғочлигини очди. Улар фарзандсиз ўтадилар. 22 Менинг ҳамма низомларимга ва Менинг барча қонунларимга амал қилинглар ҳамда уларни бажаринглар, токи яшашингиз учун Мен сизларни олиб бораётган ер сизларни ўзидан ирғитиб ташламасин. 23 Мен сизларнинг қаршингиздан қувиб юбораётган халқларнинг одатлари бўйича йўл тутманглар, чунки улар барча шу ишларни қилдилар ва Мен улардан ҳазар қилдим. 24 Мен сизларга: “Уларнинг ерига сизлар эгалик қилинглар, сут ва асал оқаётган ерни Мен сизларга мерос қилиб беряпман”,- дедим. Мен – сизларни барча халқлардан ажратиб олган сизларнинг Раббий Худойингизман. 25 Пок молни нопок молдан ва пок қушни нопок қушдан ажратинглар. Мен нопок, деб ажратган мол, қуш ва барча ерда судралиб юрувчи жонивор билан жонларингизни булғаманглар. 26 Менинг олдимда муқаддас бўлинглар, чунки Мен Раббий муқаддасман ва сизлар Меники бўлишингиз учун Мен сизларни халқлар орасидан ажратиб олганман. 27 Агар эркак ёки аёл ўликларни чақиришса ёки сеҳргарлик қилишса, унда улар ўлимга маҳкум қилинсинлар. Уларни тошбўрон қилиш керак, уларнинг қони ўзларининг устидадир”.