24 1 Йешуа Исроилнинг барча қабилаларини Шеқемга йиғиб, Исроил оқсоқолларини, унинг бошлиқларини, ҳакамларини ҳамда назоратчиларини чақирди. Улар Худонинг қаршисида турдилар. 2 Шунда Йешуа бутун халққа деди: “Исроилнинг Раббий Худоси шундай демоқда: "Сизларнинг оталарингиз, Иброҳим ва Нахўрнинг отаси Тераҳ азалдан дарёнинг нариги томонида яшаган ва ўзга худоларга хизмат қилган эдилар. 3 Бироқ Мен сизларнинг отангиз Иброҳимни дарёнинг нариги томонидан олиб, уни бутун Канъан ери бўйлаб олиб юрдим ва унинг уруғини кўпайтириб, унга Исҳоқни бердим. 4 Исҳоққа эса Ёқуб ва Эсовни бердим. Эсовга Сеир тоғини мулк қилиб бердим, Ёқуб ва унинг ўғиллари эса Мисрга кетдилар. 5 Мен Мусо ва Аҳарўнни юбордим ҳамда Мен Мисрнинг орасида амалга оширган ўлат билан Мисрни шикастладим. Сўнгра сизларни олиб чиқдим. 6 Мен сизларнинг оталарингизни Мисрдан олиб чиқдим ва сизлар Қизил денгизга келдингизлар. Шунда мисрликлар сизларнинг оталарингизнинг ортидан жанговар аравалар ва отлиқлар билан Қизил денгизгача қувдилар. 7 Лекин улар Раббийга фарёд қилдилар ва У сизлар билан мисрликларнинг орасига зулмат солди. Сўнг мисрликларнинг устига денгизни юборди ва денгиз уларни қоплади. Мен Мисрда нима қилганимни сизларнинг кўзларингиз кўрди. Сўнгра сизлар кўп вақт саҳрода яшадингизлар. 8 Мен сизларни Йорданнинг нариги томонида яшовчи амўрликларнинг ерига олиб келдим. Улар сизлар билан жанг қилдилар, лекин Мен уларни сизларнинг қўлингизга топширдим. Сизлар уларнинг ерини эгаликка олдингизлар ва Мен уларни сизларнинг қаршингиздан қириб ташладим. 9 Сўнгра Мўаб подшоҳи Зиппорнинг ўғли Балак кўтарилиб, Исроилга қарши уруш билан чиқди ва Беорнинг ўғли Балъамни, у сизларни лаънатлаши учун одам юбориб чақиртирди. 10 Бироқ мен Балъамга қулоқ солишни истамадим, шунинг учун у сизларни дуо қилди. Шундай қилиб, Мен сизларни унинг қўлидан қутқардим. 11 Сизлар Йордандан ўтиб, Йерихога келдингизлар. Йерихонинг одамлари, амўрликлар, перизликлар, канъанликлар, хетликлар, гиргошликлар, ҳивликлар ва ябусликлар сизларга қарши жанг қилдилар, бироқ Мен уларни сизларнинг қўлингизга топширдим. 12 Мен сизларнинг олдингиздан даҳшатни юбордим ва у амўрликларнинг иккита подшоҳини сизларнинг қаршингиздан қувиб юборди. Бу сизларнинг қиличингиз билан ҳам, камонингиз билан ҳам қилинган эмас. 13 Мен сизларга сизлар меҳнат қилмаган ерни, сизлар қурмаган шаҳарларни бердим ва сизлар уларда яшамоқдасизлар. Сизлар ўзларингиз ўтқазмаган узум ва зайтун боғларининг ҳосилидан емоқдасизлар". 14 Шунинг учун энди Раббийдан қўрқинглар, Унга покликда ва астойдил хизмат қилинглар. Дарёнинг нариги томони ва Мисрда оталарингиз хизмат қилган худоларни рад этиб, Раббийга хизмат қилинглар. 15 Агар Раббийга хизмат қилиш сизларга маъқул бўлмаса, энди кимга хизмат қилишни ўзларингиз танланглар: оталарингиз дарёнинг нариги томонида бўлганларида, хизмат қилган худоларгами ёки сизлар ҳозир ерларида яшаётган амўрликларнинг худоларигами. Бироқ мен ва менинг хонадоним Раббийга хизмат қиламиз”. 16 Халқ жавоб бериб деди: “Йўқ, биз Раббийни тарк этишимиздан ва ўзга худоларга хизмат қилишимиздан Худо асрасин! 17 Чунки Раббий – бизнинг Худойимиздир, У бизни ва бизнинг оталаримизни Миср еридан, қуллик хонадонидан олиб чиқди. У бизнинг нигоҳларимизда буюк аломатларни амалга оширди. У биз юрган барча йўлларда ва биз ўтган барча халқларнинг орасида бизни ҳимоя қилди. 18 Раббий барча халқларни ва ушбу ерда яшаган амўрликларни бизнинг қаршимиздан ҳайдаб юборди. Шунинг учун биз ҳам Раббийга хизмат қиламиз, чунки У – бизнинг Худойимиздир”. 19 Йешуа халққа деди: “Сизлар Раббийга хизмат қила олмайсизлар, чунки У – муқаддас Худо, рашкчи Худодир, У сизнинг қонунбузарликлару гуноҳларингизни кечирмайди. 20 Агар сизлар Раббийни тарк этсангизлар ва ўзга худоларга хизмат қилсангизлар, унда У ўгирилиб, сизларнинг бошингизга ёмонликни келтиради ва сизларга яхшилик қилганидан сўнг ҳам, сизларни қириб ташлайди”. 21 Халқ Йешуага: “Йўқ, биз Раббийга хизмат қиламиз,”- деди. 22 Йешуа эса халққа: “Сизлар Унга хизмат қилиш учун ўзларингизга Раббийни танлаганингизга ўзингиз гувоҳмисизлар?”- деди. Улар: “Гувоҳмиз,”- деб жавоб бердилар. 23 ”Шундай қилиб, сизларнинг орангизда бўлган ўзга худолардан юз ўгиринглар ва юрагингизни Исроилнинг Раббий Худосига буринглар,”- деди Йешуа. 24 Халқ Йешуага: “Биз Раббий Худойимизга хизмат қиламиз ва Унинг овозига қулоқ соламиз,”- деди. 25 Йешуа ўша куни халқ билан Аҳд тузди ҳамда унга Шеқемда қонун ва низомлар берди. 26 Йешуа ушбу сўзларни Худонинг қонун китобига ёзиб қўйди ва катта тошни олиб, уни ўша ерда Раббийнинг Муқаддасгоҳи ёнидаги эман остига қўйди. 27 Сўнг Йешуа бутун халққа: “Мана, ушбу тош бизга гувоҳ бўлади, чунки у Раббийнинг бизга айтган барча сўзларини эшитди. Сизлар Худойингизни рад этмаслигингиз учун у сизларга қарши гувоҳ бўлсин,”- деди. 28 Шундай қилиб, Йешуа халқни, уларнинг ҳар бирини ўз улушига қўйиб юборди. 29 Шундан сўнг, Раббийнинг қули Нўн ўғли Йешуа бир юз ўн ёшида вафот этди. 30 Уни ўз улушининг ҳудудида, Эфрайим тоғидаги Тимнат-Қераҳда, Гаҳаш тоғининг шимолий томонида дафн этдилар. 31 Исроил Йешуанинг барча кунларида ва Йешуадан узоқроқ яшаган ҳамда Раббий Исроилга қилган Унинг барча ишларини кўрган оқсоқолларнинг барча кунларида Раббийга хизмат қилди. 32 Исроил ўғиллари Мисрдан олиб чиққан Юсуфнинг суякларини Шеқемда, Ёқуб Шеқемнинг отаси бўлмиш Ҳамўрнинг ўғилларидан юз кумуш тангага сотиб олган ва Юсуфнинг ўғилларига улуш бўлиб теккан даланинг бир қисмида дафн этдилар. 33 Шундан сўнг, Аҳарўннинг ўғли Элеазар ҳам вафот этди ва уни ўғли Пинеҳасга Эфрайим тоғида берилган тепаликда дафн этдилар.