15 1 Бир неча кундан сўнг, буғдой йиғим-терими вақтида, Шимшўн хотинининг олдига келди ва ўзи билан бирга улоқчани олиб келди. У: “Хотинимнинг олдига ётоққа кираман”, деганида, қизнинг отаси уни киргани қўймади. 2 Унинг отаси: “Сен ундан нафратландинг, деб ўйладим, шунинг учун уни дўстингга хотинликка бердим. Мана, унинг кичик синглиси ундан чиройлироқ, унинг ўрнига синглисини олгин”,- деди. 3 Лекин Шимшўн уларга: “Энди агар мен пелиштликларга ёмонлик қилсам, уларнинг олдида айбсиз бўламан”,- деди. 4 Шимшўн бориб, уч юзта тулкини тутди, машъаллар олди, тулкиларнинг думларини думларига тугди ва иккита думнинг орасига биттадан машъал боғлади. 5 Сўнг машъалларни ёқиб, уларни пелиштликларнинг ғалласига қўйиб юборди ва ғаллани ҳам, ўрилмаган донни ҳам, узум боғларини ҳам, зайтун боғларини ҳам ёқиб юборди. 6 Пелиштликлар: “Ким буни қилди?”- дедилар. “Шимшўн, Тимнатнинг куёви, чунки у унинг хотинини олиб, унинг дўстига берди”,- дейишди. Шунда пелиштликлар бориб, аёл ва унинг отасини оловда ёндирдилар. 7 Шимшўн уларга: “Сизлар шундай қилган бўлсангизлар ҳам, мен сизларнинг ўзларингиздан қасд оламан, фақат шундан кейин тинчланаман”,- деди. 8 У уларнинг болдирлари ва сонларини синдирди. Сўнг бориб, Этам қоясининг дарасида яшай бошлади. 9 Пелиштликлар бориб, Яҳудияда қароргоҳ қурдилар ва Леҳигача чўзилиб кетдилар. 10 Яҳудиянинг одамлари: “Нима учун бизга қарши кўтарилдингизлар?”- дедилар. Улар эса: “Биз Шимшўнни боғлаб олиб кетиш учун келдик, токи у бизни нима қилган бўлса, биз уни шундай қилайлик”,- дедилар. 11 Шунда Яҳудиядан уч мингта одам Этам қояси дарасига бориб, Шимшўнга: “Пелиштликлар бизнинг устимиздан ҳукм сураётганларини сен билмайсанми? Сен бизга нима қилдинг?”- дедилар. У эса: “Улар менга нима қилган бўлсалар, мен ҳам уларга шуни қилдим”,- деди уларга. 12 Улар унга: “Биз сени пелиштликларнинг қўлларига топшириш учун боғлашга келдик”,- дедилар. Шимшўн уларга: “Мени ўлдирмасликларинг ҳақида қасам ичинглар”,- деди. 13 Улар унга: “Йўқ, биз сени фақатгина боғлаб, уларнинг қўлига топширамиз, лекин ўлдирмаймиз”,- дедилар. Уни иккита янги арқон билан боғладилар ва дарадан олиб чиқдилар. 14 Улар Леҳига келганларида, пелиштликлар Шимшўнни қичқириқлар билан қарши олдилар. Раббийнинг Руҳи эса унга тушди ва унинг қўлларидаги арқонлар ёниб битган зиғир каби бўлиб қолди ва унинг қўлларининг банди тушиб кетди. 15 У эшакнинг янги жағини топиб, қўлини чўзди уни олиб, у билан мингта одамни ўлдирди. 16 Шимшўн: “Эшакнинг жағи билан оломонни, иккита оломонни, эшакнинг жағи билан мингта одамни ўлдирдим”,- деди. 17 Шундай деб, жағ суягини қўлидан ташлаб юборди ва у жойни Рамаф-Леҳи, деб атади. 18 Сўнг кучли чанқоқлик ҳис қилиб, Раббийга фарёд қилди ва деди: “Сен Ўз қулингнинг қўли орқали мана шу буюк нажотни амалга оширдинг, энди эса мен чанқоқликдан ўламан ва хатнасизларнинг қўлига тушаман”. 19 Худо Леҳида чуқур қазиди ва ундан сув оқиб чиқди. У тўйиб сув ичди ва унинг руҳи ўзига қайтиб, у жонланди. Шунинг учун Леҳидаги у жой Эн-Ҳаккорэй (“Фарёд қилувчининг булоғи”), деб аталган эди. Бу эса ҳозирги кунларгача шундайдир. 20 У пелиштликларнинг кунларида Исроил устидан йигирма йил ҳакамлик қилди.