9 1 Шоул эса ҳали ҳам Раббийнинг шогирдларига қарши таҳдид ва қотиллик билан нафас олиб юриб, олий руҳонийнинг олдига келди-да, 2 Дамашқ шаҳридаги синагогалар учун мактубларни ундан талаб қилди, токи бу Йўлга тегишли бўлган кимни топса, у эркак бўладими ёки аёлми — уларни кишанлаб, Йерусалимга олиб келсин. 3 У кетаётиб Дамашққа яқинлашганида, тўсатдан уни осмондан нур ёритди. 4 У эса ерга йиқилди ва: “Шоул, Шоул! Нега Мени қувғин қиляпсан?”- деган овозни эшитди. 5 “Сен кимсан, ё, Раббий?”- деди у. Раббий эса: “Мен – сен қувғин қилаётган Исоман. Нишга қарши тепишинг қийин”,- деди. 6 Шунда Шоул даҳшатга тушиб, титроқ билан деди: “Ё, Раббий, нима қилишимни буюрасан?” Раббий унга: “Ўрнингдан туриб, шаҳарга бор ва сенга нима қилишинг кераклиги айтилади”,- деди. 7 У билан бирга сафар қилган одамлар эса овозни эшитиб, лекин ҳеч кимни кўрмасдан гунгдек турар эдилар. 8 Шоул ердан турди. Унинг кўзлари очиқ бўлса ҳам, ҳеч кимни кўрмас эди. Шундай қилиб, уни қўлидан ушлаб, Дамашқ шаҳрига олиб келдилар. 9 У уч кун давомида кўр бўлиб, овқат ҳам емади, сув ҳам ичмади. 10 Дамашқда Ҳананийаҳ исмли бир шогирд бор эди. Раббий унга ваҳий кўринишида мурожаат қилди: “Ҳананийаҳ!” У эса: “Лаббай, Раббим!”- деди. 11 Раббий унга айтди: “Ўрнингдан туриб, “Тўғри”, деб аталган кўчага боргин ва Яҳудонинг уйидаги тарслик Шоул исмли одамни сўрагин. У ҳозир ибодат қилмоқда ва 12 ваҳий кўринишида унинг ёнига келган ва кўзлари очилиши учун қўлини унинг бошига қўйган Ҳананийаҳ исмли бир одамни кўрди”. 13 Шунда Ҳананийаҳ жавобан деди: “Ё, Раббий, бу одам Йерусалимда Сенинг муқаддасларингга қанча ёмонлик қилгани ҳақида кўплардан эшитдим. 14 Бу ерда ҳам Сенинг номингни чақирувчиларнинг ҳаммасини боғлаш учун олий руҳонийлардан ҳокимият олган”. 15 Бироқ Раббий унга: “Бор, чунки у турли халқлар, подшоҳлар ва Исроил ўғилларига Менинг номимни олиб бориш учун танланган идишимдир. 16 Чунки Менинг номим учун у қанча азоб-уқубатлар чекиши кераклигини унга кўрсатаман”,- деди. 17 Шунда Ҳананийаҳ бориб, ўша уйга кирди ва қўлларини Шоулнинг бошига қўйиб деди: “Биродарим Шоул! Сен келаётган йўлда сенга зоҳир бўлган Раббий Исо кўзларинг яна кўриши ва Муқаддас Руҳга тўлишинг учун мени юборди”. 18 Шу лаҳзада унинг кўзларидан балиқ тангачалари тушгандай бўлиб, у кўра бошлади. Ўрнидан туриб сувга чўмдирилди. 19 Сўнгра овқат еб, қувватга кирди ва бир неча кун шогирдлар билан бирга Дамашқда бўлди. 20 У дарҳол Исо Худонинг Ўғли эканлигини синагогаларда воизлик қила бошлади. 21 Эшитганларнинг ҳаммаси эса ҳайратланиб: “Йерусалимда шу номни чақирганларни қириб ташлаган бунинг ўзи эмасмиди? Бу ерга ҳам уларни кишанлаб, олий руҳонийларга олиб бориш учун келган эмасмиди?”- деб айтар эдилар. 22 Аммо Шоул борган сари куч-қудратга тўлар эди. Исонинг Масиҳлигини исбот қилиб, Дамашқда яшайдиган яҳудийларни саросимага солар эди. 23 Орадан кўп кунлар ўтиб, яҳудийлар уни ўлдиришга келишдилар. 24 Аммо уларнинг қасди Шоулга маълум бўлди. Улар уни ўлдириш учун туну кун шаҳар дарвозалари олдида пойлаб турдилар. 25 Шогирдлар эса тунда уни олиб, саватда шаҳар деворидан тушириб юбордилар. 26 Шоул Йерусалимга келганида, шогирдларга қўшилишга уринди. Бироқ унинг шогирд эканлигига ишонмай, ҳамма ундан қўрқар эди. 27 Аммо Барнабо Шоулни ҳаворийларнинг олдига олиб келди ва унинг йўлда Раббийни қандай кўрганини, Раббий унга нима деганини, Дамашқда Исо номидан қандай дадиллик билан воизлик қилганини уларга айтиб берди. 28 Шундай қилиб, Шоул Йерусалимда улар билан бирга кириб чиқадиган бўлди, Раббий Исонинг номидан дадиллик билан воизлик қилар эди. 29 У юнончилар билан ҳам баҳслашар эди. Улар эса Шоулни ўлдирмоқчи бўлдилар. 30 Биродарлар буни билиб қолганларида, уни Кесарияга олиб бориб, Тарсга жўнатдилар. 31 Шу орада бутун Яҳудия, Галиле ва Самария юртлари бўйлаб Жамоатлар тинчликка эга бўлиб, барпо бўлар ва Раббийнинг қўрқувида юриб, Муқаддас Руҳнинг юпанчида кўпаяр эдилар. 32 Шундай бўлдики, Петъёр ҳамма жойларни айланиб чиқиб, Лўддада яшайдиган муқаддасларнинг олдига келди. 33 У ерда саккиз йилдан бери тўшакда ётган Эней исмли бир шол одамни топди. 34 Петъёр унга: “Эней, Исо Масиҳ сени шифолаяпти. Ўрнингдан тур, кўрпа-тўшагингни йиғиштир!”- деди. У эса дарҳол ўрнидан турди. 35 Лўдда ва Шаронда яшовчиларнинг ҳаммаси уни кўриб, Раббийга ўгирилдилар. 36 Йаффо шаҳрида Табита исмли, юнончада “Оҳу” деган бир шогирд бор эди. Бу аёл хайрли ишларга тўла бўлиб, кўп мурувват қилар эди. 37 Шундай бўлдики, ўша кунларда у касал бўлди ва ўлди. Уни ювиб, болохонага қўйишди. 38 Лўдда Йаффога яқин бўлгани учун, шогирдлар Петъёрнинг у ерда эканини эшитганларида: “Кечиктирмасдан бизнинг олдимизга келгин!”- деб икки кишини унинг ёнига юбордилар. 39 Петъёр туриб, улар билан бирга жўнаб кетди. У келгач, уни болохонага олиб киришди. Ҳамма бевалар йиғи билан унга яқинлашиб, Оҳунинг улар билан бирга бўлганида, тиккан кўйлак ва либосларини кўрсатишар эди. 40 Петъёр эса ҳаммаларини ташқарига чиқарди-да, тиз чўкиб ибодат қилди ва жасадга бурилиб: “Табита, ўрнингдан тур!”- деди. Аёл эса кўзларини очди ва Петъёрни кўриб, ростланиб ўтирди. 41 Петъёр унга қўл узатиб, уни турғизди ва муқаддаслар билан бева аёлларни чақириб, уни тирик ҳолда тақдим этди. 42 Бу воқеа бутун Йаффо бўйлаб маълум бўлди ва кўп одамлар Раббийга имон келтирдилар. 43 Петъёр эса анча кун Йаффода Шимўн исмли бир кўнчининг уйида турди.