8 1 Шоул эса Стефаннинг ўлдирилишини маъқуллаган эди. Ўша кунларда Йерусалимдаги Жамоатга қарши жуда қаттиқ қувғин бўлди. Ҳаворийлардан ташқари ҳамма Яҳудия ва Самариянинг ҳар хил жойларига тарқаб кетдилар. 2 Баъзи диёнатли эркаклар Стефанни дафн этиб, у учун катта йиғи қилдилар. 3 Шоул эса Жамоатга қаттиқ азоб берар эди. У уйларга кириб, эркагу аёлларни судраб, олиб бориб, зиндонга ташлар эди. 4 Шу орада тарқалиб кетганлар Хушхабарни воизлик қилиб юришар эди. 5 Шундай қилиб, Филип Самария шаҳрига келиб, уларга Масиҳни воизлик қилди. 6 Халқ эса Филипнинг қилаётган мўъжизаларини эшитиб-кўриб, унинг гапларига якдиллик билан қулоқ солди. 7 Чунки нопок руҳларга чалинган кўп кишилардан нопок руҳлар баланд овоз билан бақириб чиқар эди. Кўп шолу чўлоқлар эса шифоланар эдилар. 8 Шунинг учун у шаҳарда буюк қувонч бор эди. 9 У шаҳарда Шимўн исмли бир киши бор эди. У бу воқеалардан олдин сеҳргарлик қилар, Самария халқини ҳайратга солар ва ўзини буюк бир одам қилиб кўрсатар эди. 10 Каттаю-кичик ҳамма: “Бу Худонинг буюк қудрати”- дея, унга қулоқ солар эди. 11 Шимўн анча вақтдан бери ўзининг сеҳргарлиги билан халқни ҳайратда қолдиргани учун ҳамма унга қулоқ солар эди. 12 Лекин Худонинг Шоҳлиги ва Исо Масиҳнинг номи ҳақида воизлик қилаётган Филипга ишонганларида, кўп эркак ва аёллар чўмдирилдилар. 13 Ўшанда Шимўннинг ўзи ҳам имон келтириб чўмдирилди. У Филипнинг қилаётган ажойиб мўъжизалару аломатларини кўриб, ҳайратга тушиб, ундан ажралмайдиган бўлиб қолди. 14 Йерусалимда бўлган ҳаворийлар эса самарияликлар ҳам Худонинг Сўзини қабул қилганларини эшитганларида, уларнинг олдиларига Петъёр билан Юҳаннони юбордилар. 15 Бундайлар у ерга келгач, самарияликлар Муқаддас Руҳни қабул қилишлари учун ибодат қилдилар, 16 (чунки У ҳали уларнинг ҳеч бирига тушмаган эди, улар фақатгина Раббий Исонинг номидан сувга чўмдирилган эдилар). 17 Кейин ҳаворийлар уларнинг бошига қўлларини қўйишди ва улар Муқаддас Руҳни қабул қилишди. 18 Шимўн эса ҳаворийларнинг қўлларини қўйишлари орқали Муқаддас Руҳ берилганини кўрганида, уларга пул олиб келиб: 19 “Менга ҳам бу ҳокимиятни беринглар, токи мен кимга қўлларимни қўйсам, у Муқаддас Руҳни қабул қиладиган бўлсин!”- деди. 20 Лекин Петъёр унга айтди: “Кумушинг сен билан бирга қўшмозор бўлсин, чунки сен Худонинг инъомини пулга сотиб олишни ўйладинг. 21 Бу нарсада сенинг қуръанг ҳам, улушинг ҳам йўқ, чунки юрагинг Худо олдида тўғри эмас. 22 Энди бу бетавфиқлигинг учун тавба қилиб, Худога ибодат қил, балки юрагингнинг бу нияти кечирилар. 23 Зеро сенинг аччиқ зардага тўлалигингни ва ноҳақликка занжирбандлигингни кўрмоқдаман”. 24 Шимўн эса бунга жавоб бериб: “Сизлар мен учун Раббийга ибодат қилинглар, токи айтганларингизнинг бирортаси ҳам бошимга тушмасин!”- деди. 25 Петъёр билан Юҳанно Раббийнинг Сўзини воизлик қилиб, гувоҳлик берганларидан сўнг Самариянинг кўп қишлоқларига Хушхабарни етказиб, Йерусалимга қайтиб кетдилар. 26 Филипга эса Раббийнинг фариштаси: “Ўрнингдан тур ва жануб томонга, Йерусалимдан Ғазага борадиган саҳро йўлига бор!”- деди. 27 Шунда у ўрнидан туриб, йўлга тушди. Мана, Ҳабашистон маликаси Кандакининг вазири, маликанинг бутун хазинасининг қўриқчиси бўлган, Йерусалимга сажда қилиш учун келган ҳабашистонлик бичилган амалдор 28 ўз юртига қайтиб кетаётган эди. У аравасида ўтириб, Йешайаҳ пайғамбарнинг китобини ўқиётган эди. 29 Шунда Руҳ Филипга: “Унга яқинлашиб, бу аравага ҳамроҳ бўл!”- деди. 30 Филип эса унинг олдига югуриб бориб, Йешайаҳ пайғамбарнинг китобини ўқиётганини эшитиб, унга: “Ўқиётганингни тушуняпсанми?”- деди. 31 У эса: “Менга биров тушунтирмаса, қандай тушуна оламан?”- деб айтиб, Филипдан унинг ёнига чиқиб ўтиришини илтимос қилди. 32 Ёзувдан ўқиётган жойи эса мана бу эди: “Уни қўй каби сўйишга олиб боришди. Қўзи жун қирқувчиси олдида қандай жим турса, У ҳам шундай Ўз оғзини очмади. 33 Унинг камситилишида У ҳақ ҳукмдан маҳрум этилди. Унинг насл-насабини ким эълон қилар экан? Зеро Унинг ҳаёти ер юзидан олиб кетилади”. 34 Бичилган амалдор Филипдан сўраб: “Илтимос, айт-чи, пайғамбар буни ким ҳақида айтяпти? Ўзи ҳақидами ёки бошқа бирор киши ҳақидами?”- деди. 35 Филип эса оғзини очиб, шу Ёзувдан бошлаб унга Исони воизлик қилди. 36 Шу орада, йўлларида давом этиб, улар сув бўйига келдилар. Бичилган амалдор: “Мана сув! Менинг чўмдирилишимга нима тўсқинлик қилади?”- деди. 37 Филип эса унга:“Агар бутун юрагинг билан ишонсанг бўлди”,- деди. У бунга жавобан: “Исо Масиҳ – Худонинг Ўғли эканлигига ишонаман”,- деди 38 ва аравани тўхтатишни буюрди. Уларнинг иккаласи сувга тушишди ва Филип бичилган амалдорни чўмдирди. 39 Улар сувдан чиққанларида, Раббийнинг Руҳи Филипни олиб кетди. Бичилган амалдор уни бошқа кўрмади ва қувониб ўз йўлида давом этди. 40 Филип Азот шаҳрида пайдо бўлиб қолди ва Кесарияга етиб келгунигача йўл бўйлаб барча шаҳарларда Хушхабарни воизлик қилди.