7 1 Олий руҳоний Стефандан: “Бу шундайми?”- деб сўради. 2 Лекин у жавобан деди: “Эй, эркаклару биродарлар ва оталар, тингланглар! Отамиз Иброҳим Харран шаҳрида истиқомат қилишидан олдин Месопотамияда шуҳрат Худоси унга зоҳир бўлиб, 3 унга: Ўз ерингдан, қариндошларинг орасидан чиқиб, Мен сенга кўрсатадиган ерга бор,- деб айтган эди. 4 Шунда у қалдийларнинг еридан чиқиб, Харранда истиқомат қилган эди. Отаси ўлганидан кейин эса Худо уни сизлар ҳозир яшаётган мана шу ерга кўчирди. 5 Бу ерда унга оёқ қўядиган бирор жойни мерос қилиб бермади. Бироқ у ҳали фарзандсиз бўлганида, Худо бу ерни унга ва унинг зурриётига мулк қилиб беришини ваъда қилди. 6 Худо унга шуни билдирган эдики: унинг зурриёти бегона ерга кўчиб келади ва тўрт юз йил давомида қулликда жабр тортади. 7 Лекин Мен, - деди Худо, - уларни қул қилиб олган халқни ҳукм қиламан. Бундан кейин улар у ердан чиқиб, мана шу ерда Менга хизмат қиладилар. 8 Сўнг Худо Иброҳимга хатна ахдини берди. У эса Исҳоқни туғиб, уни саккиз кунлигида хатна қилди. Исҳоқдан Ёқуб туғилди. Ёқубдан эса ўн икки қабиламизнинг оталари туғилдилар. 9 Оталар ҳасад қилиб, Юсуфни Мисрга сотдилар. Аммо Худо у билан бирга эди 10 ва уни ҳамма қайғуларидан халос қилиб, Миср подшоҳи фиръавннинг олдида унга илтифоту донолик берди. Фиръавн уни Миср давлати ва ўзининг бутун саройи устидан ҳоким қилиб қўйди. 11 Ўша пайтда бутун Миср ва Канъан ерларига қаҳатчилик ва буюк қайғу келди. Оталаримиз озиқ-овқат топа олмас эдилар. 12 Ёқуб эса Мисрда буғдой борлигини эшитиб, биринчи марта у ерга оталаримизни юборди. 13 Улар иккинчи марта борганларида, Юсуф акаларига ўзини маълум қилди. Шундай қилиб, Юсуфнинг авлоди фиръавнга маълум бўлди. 14 Юсуф эса акаларини юбориб, отаси Ёқубни ва етмиш беш жон бўлган бутун қариндошларини чақиртириб олди. 15 Ёқуб Мисрга кўчиб ўтди. Ўша ерда унинг ўзи ҳам, оталаримиз ҳам вафот этдилар. 16 Уларнинг жасадлари эса Шехемга келтирилиб, Иброҳим шехемлик Ҳамўрнинг ўғилларидан кумуш пулга сотиб олган қабрда дафн этилдилар. 17 Аммо Худо Иброҳимга қасам ичиб берган ваъдани бажо келтириш вақти яқинлашганида, шу халқ Мисрда ўсиб кўпаяётган эди. 18 Ўша пайтда Мисрда Юсуфни танимаган бошқа бир подшоҳ кўтарилди. 19 У авлодимизга қарши маккорлик билан муомала қилар эди. У оталаримизга зулм қилиб, уларнинг гўдаклари тирик қолмасликлари учун уларни ташлашга мажбур қилар эди. 20 Шу вақтда Мусо туғилди ва у Худонинг кўзида жуда гўзал эди. У уч ой давомида отасининг уйида боқилди. 21 Лекин у ташлаб юборилганида, фиръавннинг қизи уни олиб, ўз ўғли каби тарбиялаб ўстирди. 22 Мусо мисрликларнинг ҳамма донолигига ўргатилган бўлиб, ўз сўзларида ва ишларида кучли эди. 23 У қирқ ёшга тўлганида, унинг юрагига ўз биродарлари, Исроил ўғилларини кўриш нияти келди. 24 Ноҳақ азобланаётган бир одамни кўриб, уни ҳимоя қилди ва мисрликни ўлдириб, у учун қасос олди. 25 Худо унинг қўли орқали уларга нажот беради, деб биродарлари тушунишини у ўйлаган эди. Аммо улар тушунмадилар. 26 Эртаси куни улардан баъзилари уришаётганларида, у келиб уларни ярашишга кўндириб: Сизлар – биродарсизлар-ку! Нима учун бир-бирингизга озор беряпсизлар?- деди. 27 Бироқ ўз яқинига озор бераётган одам Мусони итариб ташлаб, унга: Ким сени устимиздан бошлиқ ва қози қилиб қўйди? 28 Кеча мисрликни ўлдирганингдай, мени ҳам ўлдирмоқчи эмасмисан?- деди. 29 Ўшанда Мусо бу сўзлардан қочиб кетди ва Мидиён ерида мусофир бўлиб юрди. У ерда ундан икки ўғил туғилди. 30 Қирқ йил ўтганидан сўнг, Синай тоғининг саҳросида фаришта унга ёнаётган бутанинг оловида зоҳир бўлди. 31 Мусо буни кўриб, шу кўринишдан ҳайрон бўлди. У қараш учун яқинлашганида, унга Раббийнинг овози келди: 32 Мен сенинг оталарингнинг Худосиман — Иброҳим, Исҳоқ, ва Ёқубнинг Худосиман. Мусо эса титраб, қарашга ҳам журъат этмас эди. 33 Сўнг Раббий унга деди: Оёғингдан пойафзални ечиб қўй, чунки сен турган жой – муқаддас ердир. 34 Мен Мисрдаги халқимнинг қийналишини кўрдим ва уларнинг оҳ-ноласини эшитдим. Уларни халос қилиш учун тушиб келдим. Энди бор, Мен сени Мисрга юбораман. 35 Одамлар: Сени ким бошлиқ ва қози қилиб қўйди?- деб рад этган ана шу Мусони Худо бутада зоҳир бўлган фаришта орқали бошлиқ ва халоскор қилиб юборди. 36 Мусо уларни олиб чиқиб, Миср ерида, Қизил денгизда ҳамда қирқ йил давомида саҳрода аломату мўъжизалар яратиб юрди. 37 Ўша Мусо Исроил ўғилларига: Раббий сизларнинг Худойингиз биродарларингиз орасидан сизларга мен каби бир Пайғамбарни кўтаради, Унга қулоқ солинглар,- деди. 38 Ўша Мусо Синай тоғида унга гапирган фаришта билан ҳамда оталаримиз билан саҳродаги жамоатда бўлган эди. У бизга бериш учун тирик сўзларни қабул қилган эди. 39 Оталаримиз эса унга бўйсунишни истамай, уни рад қилдилар ва ўз юракларини Миср томонга ўгирдилар. 40 Улар Аҳарўнга: Бизга олдимизда борадиган худоларни ясаб бер, чунки бизни Миср еридан олиб чиққан Мусога нима бўлганини билмаймиз,- дедилар. 41 Ўша кунларда бир бузоқни ясаб, улар бутга қурбонлик келтирдилар ва ўз қўлларининг иши олдида шодландилар. 42 Худо эса улардан юз ўгириб, уларни осмон қўшинига сиғинишга топшириб қўйди. Пайғамбарларнинг китобида ёзилганидек: Ҳой, Исроилнинг хонадони! Қирқ йил давомида саҳрода бўлганингизда, Менга сўйилган ҳайвонлар ва қурбонликлар келтирган эдингизми? 43 Сизлар Молекнинг чодирини ҳамда худойингиз Ремтаннинг юлдузини кўтариб олдингизлар ва уларга сажда қилиш учун уларнинг тасвирларини ясадингизлар. Мен эса сизларни Бобилдан ҳам нарига кўчириб юбораман. 44 Саҳрода оталаримизнинг Гувоҳлик Чодири бор эди. Бу Чодир Мусога Гапирганнинг буюрганидек, у кўрган тасвир бўйича ясалган эди. 45 Оталаримиз эса Иешуа билан бирга ўша Чодирни Худо оталаримизнинг ҳузуридан қувган халқларнинг ерига олиб кирдилар. Довуднинг кунларига қадар шундай эди. 46 Довуд эса Худонинг олдида иноят топди. У: Ёқубнинг Худосига истиқоматгоҳ топа олай, деб ибодат қилган эди. 47 Аммо Сулаймон Худога уй қурди. 48 Лекин Тангри Таоло қўл билан ясалган маъбадларда яшамайди. Зеро пайғамбар айтганидек: 49 Осмон – Менинг тахтим, ер эса – оёғимнинг супачасидир, сизлар Менга қандай уй қурасизлар?- дейди Раббий,- Менинг ором топишим учун қандай жой бор экан? 50 Буларнинг барчасини Менинг қўлим яратган эмасми? 51 Эй, бўйин эгмас одамлар! Эй, юраги ва қулоқлари хатна қилинмаганлар! Оталарингиз каби сизлар ҳам ҳамиша Муқаддас Руҳга қаршилик қиласизлар. 52 Сизларнинг оталарингиз пайғамбарлардан қайси бирини қувғин қилмаган эдилар? Улар Ҳақнинг келишини башорат қилганларни ҳам ўлдирган эдилар. Сизлар эса энди Ўшанинг хоинлари ва қотиллари бўлдингизлар. 53 Сизлар фаришталарнинг йўл-йўриғи билан Қонунни қабул қилиб, уни сақламадингизлар!” 54 Синедрион аъзолари бу сўзларни эшитганларида, юракларида ғазабдан портлашиб, Стефанга қарши тишларини ғижирлата бошладилар. 55 Стефан эса Муқаддас Руҳга тўлиб, осмонга қараб, Худонинг шуҳратини ва Худонинг ўнг томонида турган Исони кўриб, шундай деди: 56 “Мана, мен очилган осмонни ва Худонинг ўнг томонида турган Инсон Ўғлини кўрмоқдаман!” 57 Улар эса қулоқларини бекитиб, баланд овозда бақириб, яқдиллик билан Стефаннинг устига ёпирилди. 58 Уни шаҳардан ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қила бошладилар. Гувоҳлар эса Шоул исмли бир йигитнинг оёқлари олдига ўз кийимларини қўйдилар. 59 Стефанни тошбўрон қилаётганларида, у ибодат қилиб: “Ё, Раббий Исо, руҳимни қабул қилгин!”- деди. 60 Сўнгра тиз чўкиб, баланд овоз билан хитоб қилди: “Ё, Раббий, бу гуноҳни уларга қўйма!” Шуни айтгач, у кўз юмди.