13 1 Антиохия шаҳридаги Жамоатда баъзи пайғамбарлар ва муаллимлар бор эди: Барнабо, “Нигер”, деб аталган Симеон, киринеялик Луций, вилоят ҳокими Ҳирод билан бирга тарбияланган Манаен ва Шоул. 2 Улар Худога хизмат қилиб, рўза тутаётганларида, Муқаддас Руҳ уларга: “Менга Барнабо билан Шоулни Мен уларни даъват этган иш учун ажратиб беринглар!”- деди. 3 Шунда улар рўза тутиб, ибодат қилдилар ва уларнинг бошига қўлларини қўйиб, уларни жўнатиб юбордилар. 4 Улар эса Муқаддас Руҳ томонидан юборилиб, Селевкия шаҳрига келдилар ва у ердан Кипрга сузиб кетдилар. 5 Саламис шаҳрига келиб, яҳудийларнинг синагогаларида Худонинг сўзини воизлик қилдилар. Юҳанно ҳам уларнинг хизматида эди. 6 Улар Пафосгача бутун оролни кезиб, у ерда жодугар ва сохта пайғамбар Бар-иешуа исмли бир яҳудийни топдилар. 7 У эса вилоятнинг ҳокими Сергий Повул билан бирга эди. Ҳоким ақлли одам эди. У Барнабо ва Шоулни чақиртириб, Худонинг сўзини тингламоқчи бўлди. 8 Лекин жодугар Элимо (чунки унинг исми шуни билдиради) уларга қаршилик кўрсатиб, проконсулни имондан қайтаришга интилар эди. 9 Шунда Шоул, яъни Повул, Муқаддас Руҳга тўлди-да, унга тикилиб деди: 10 “Эй, барча маккорлик ва айёрликка тўлган иблиснинг ўғли, бор ҳақликнинг душмани! Сен Раббийнинг тўғри йўлларидан адаштиришни бас қиласанми, йўқми? 11 Энди эса, мана, Раббийнинг қўли сенга қаршидир. Сен кўр бўласан ва маълум вақтгача қуёшни кўрмайсан”. Шу заҳоти уни қоронғилик ва зулмат босди. У атрофни пайпаслаб, ўзига етакловчи излар эди. 12 Проконсул бу ҳодисани кўрганида, Раббийнинг таълимотидан ажабланиб, имон келтирди. 13 Повул ва унинг ҳамроҳлари Пафосдан сузиб кетиб, Памфилиядаги Пергия шаҳрига келдилар. Юҳанно эса улардан ажралиб, Йерусалимга қайтди. 14 Улар эса Пергиядан ўтиб кетиб, Писидиядаги Антиохия шаҳрига келдилар. Шаббат куни синагогага кириб ўтирдилар. 15 Қонун ва Пайғамбарларнинг китобларини ўқиганларидан сўнг, синагоганинг жамоабошилари уларга: “Эй, биродарлар, агар халққа насиҳат сўзларингиз бўлса, гапиринглар”,- деб айтгани одам юбордилар. 16 Повул ўрнидан турди ва қўли билан ишора қилиб деди: “Эй, Исроил эркаклари ва Худодан қўрқадиган барча одамлар, тингланглар! 17 Исроил халқининг Худоси бизнинг оталаримизни танлади. Бу халқ Миср ерида истиқомат қилганида, Худо уларни кўтарди ва юксак қўли билан у ердан олиб чиқди. 18 У қарийб қирқ йил давомида саҳрода уларга тоқат қилди. 19 Канъан ерида еттита халқни қириб ташлагач, Худо уларнинг ерларини тақсимлаб, Исроил халқига мерос қилиб берди. 20 Бундан кейин чамаси тўрт юз эллик йил давомида — то Шомуил пайғамбаргача уларга судьяларни берар эди. 21 Сўнг халқ подшоҳ талаб қилди. Худо эса уларга Бенямин қабиласидан Киш ўғли Шоул деган эркакни қирқ йилга подшоҳ қилиб берди. 22 Уни рад этиб, Худо уларга Довудни подшоҳ қилиб кўтарди ва у ҳақида шундай гувоҳлик берди: “Мен юрагимдагидек бир эркакни – Ишай ўғли Довудни топдим. У Менинг барча истакларимни бажо келтиради”. 23 Унинг уруғидан Худо берган ваъдаси бўйича Исроилга Нажоткор Исони кўтарди. 24 Унинг келишидан аввал Яҳё бутун Исроил халқига тавба чўмдирилишини воизлик қилди. 25 Яҳё эса ўз хизмат йўлини тамомлаётганида: “Сизлар мени ким, деб ҳисоблайсизлар-у, мен У эмасман. Лекин мендан кейин Келаётган бор, мен Унинг оёғидаги чориқ ипларини ечишга ҳам муносиб эмасман”,- деган эди. 26 Эй, эркагу биродарлар, Иброҳим авлодидан бўлганлар ва орангиздаги Худодан қўрқадиган барча одамлар! Бу нажот сўзи сизларга юборилган эди. 27 Йерусалимда яшовчилар билан уларнинг бошлиқлари Масиҳни танимадилар ва Уни ўлимга маҳкум қилиб, ҳар шаббат куни ўқилаётган пайғамбарларнинг сўзларини бажо келтирдилар. 28 Улар Ундан ўлимга лойиқ ҳеч қандай айб топа олмасдан, Пилатдан Уни ўлдиришни талаб қилдилар. 29 У ҳақида ёзилганларнинг ҳаммасини бажо келтирганларида, Уни ёғочдан ечиб олиб қабрга қўйдилар. 30 Аммо Худо Масиҳни ўликлардан тирилтирди. 31 У эса анча кун давомида Ўзи билан бирга Галиледан Йерусалимга келганларга зоҳир бўлар эди. Энди улар халқ олдида Унинг гувоҳларидир. 32 Худо оталаримизга берган ваъдасини бизга, яъни уларнинг фарзандларига Исони тирилтириш орқали амалга оширгани ҳақидаги Хушхабарни сизларга айтмоқдамиз. 33 Иккинчи санода ҳам ёзилганидек: “Сен Менинг Ўғлимсан, Мен Сени бугун туғдим”. 34 Худо Масиҳни тирилтиргани ва Унинг чиришга қайтмаслиги ҳақида шундай деган: “Мен Довудга ваъда қилинган баракани сизларга муқаррар бераман”. 35 Шунингдек, бошқа бир оятда ҳам: “Сен Ўз Муқаддасингнинг чиришни кўришига йўл қўймайсан”,- деган. 36 Довуд Худонинг иродаси бўйича ўз авлодида хизмат қилгач, вафот этди ва оталарига қўшилиб, чиришни кўрди. 37 Аммо Худо тирилтирган Исо чиришни кўрмади. 38 Шунинг учун, эй, эркагу биродарлар, шу сизларга маълум бўлсинки, У ҳақи гуноҳларингизнинг кечирилиши эълон қилинмоқда. 39 Сизлар Мусонинг Қонуни орқали оқлана олмаган ҳамма нарсада энди ҳар бир имон келтирган одам Исо орқали оқланади. 40 Шундай қилиб эҳтиёт бўлинглар, токи пайғамбарлар Ёзувида айтилгани бошингизга тушмасин: 41 Эй, нафратланувчилар, қаранглар ва ҳайратланиб, қирилиб кетинглар! Зеро сизларнинг кунларингизда Мен бир иш қиламанки, ўша иш ҳақида сизларга кимдир айтиб берганида эди, сизлар унга ишонмас эдингизлар”. 42 Шундан сўнг Повул билан Барнабо синагогадан чиқиб кетаётганларида, мажусийлар улардан бу сўзларни кейинги шаббат куни яна воизлик қилишларини илтимос қилдилар. 43 Йиғилиш тарқалгандан кейин, кўпчилик яҳудийлар ва художўй прозелитлар Повул ва Барнабонинг ортидан эргашдилар. Улар эса халқ билан суҳбатлашиб, доимо Худонинг иноятида бўлишларига уларни ундар эдилар. 44 Кейинги шаббат куни қарийб бутун шаҳар Худонинг сўзини эшитиш учун йиғилди. 45 Лекин яҳудийлар бундай оломонни кўрганларида, ҳасадга тўлишди. Шунинг учун қаршилик кўрсатиб ва ҳақорат қилиб, Повулнинг айтаётганларини инкор қилар эдилар. 46 Шунда Повул билан Барнабо дадиллик билан дедилар: “Худонинг сўзи биринчи навбатда сизларга воизлик қилиниши керак эди. Бироқ сизлар уни рад этиб, ўзларингизни абадий ҳаётга нолойиқ қилганингиз учун биз мажусийларга буриламиз. 47 Чунки Раббий бизга шундай амр берган: “Мен Сени мажусийларга нур қилиб қўйдим, токи Сен ер ҳудудларигача нажот бўлгин”. 48 Мажусийлар буни эшитиб қувонар ва Раббийнинг сўзини улуғлар эдилар. Шундай қилиб, абадий ҳаётга тайинланганларнинг ҳаммаси имон келтирдилар. 49 Раббийнинг сўзи бутун юрт бўйлаб тарқалар эди. 50 Яҳудийлар эса художўй ва мўътабар аёлларни ҳамда шаҳарнинг бошлиқларини қўзғатиб, Повул ва Барнабога қарши қувғин кўтардилар ва уларни ўз ҳудудларидан қувиб чиқардилар. 51 Лекин улар оёқларининг чангини уларга қоқиб, Икониум шаҳрига кетдилар. 52 Шогирдлар эса қувонч ва Муқаддас Руҳга тўлиб-тошар эдилар.