12 1 Ўша пайтда подшоҳ Ҳирод Жамоатдаги баъзиларга ёвузлик қилиш учун қўл кўтарди 2 ва Юҳаннонинг акаси Ёқубни қиличдан ўтказди. 3 Сўнгра бу яҳудийларга ёққанини кўриб, унинг кетидан Петъёрни ҳам қўлга олди. Ўшанда Ачитқисиз нонлар кунлари эди. 4 Ҳирод Петъёрни тутиб, зиндонга қамади ва тўрт карра тўрт нафар аскарга уни қўриқлашни буюрди. Уни Песаҳдан кейин халқ олдига олиб чиқмоқчи эди. 5 Шундай қилиб, Петъёрни зиндонда қўриқлашар эди. Шу орада Жамоат у учун Худога ғайрат билан ибодат қилар эди. 6 Ҳирод уни олиб чиқмоқчи бўлганида, ўша тунда Петъёр икки аскар ўртасида, иккита занжир билан кишанланган ҳолда ухлар эди. 7 Тўсатдан Раббийнинг фариштаси Петъёрнинг ёнида пайдо бўлди ва зиндонни нур ёритди. Фаришта Петъёрнинг биқинига туртиб, уни уйғотди-да: “Тезроқ ўрнингдан тур!”- деди. Унинг қўлларидан занжирлари тушиб кетди. 8 Фаришта унга: “Белбоғингни боғлаб, оёқ кийимингни кий”,- деди. У шундай қилди. Сўнгра унга деди: “Тўнингни кийиб, менинг ортимдан юр”. 9 Петъёр чиқиб, унга эргашди. Бироқ фариштанинг қилаётгани ўнгида бўлаётганини билмай, ваҳий кўряпман, деб ўйлар эди. 10 Биринчи ва иккинчи қоровуллардан ўтиб, шаҳарга олиб борадиган темир дарвозага келдилар. Дарвоза уларга ўз-ўзидан очилди. Улар ташқарига чиқиб, бир кўчадан ўтганларида, фаришта бирданига ундан йироқлашди. 11 Шунда Петъёр ўзига келиб: “Энди ҳақиқатан кўряпманки, Раббий Ўзининг фариштасини юбориб, мени Ҳироднинг қўлидан ҳамда яҳудий халқи кутаётган ҳамма нарсадан халос қилди”,- деди. 12 Буларни англаганида, Марк, деб аталган Юҳаннонинг онаси Мирйамнинг уйига келди. У ерда кўплар йиғилиб, ибодат қилаётган эдилар. 13 Петъёр дарвозани тақиллатганида, Рода исмли хизматкор қиз қулоқ солгани чиқди. 14 Петъёрнинг овозини таниб, у қувонганидан дарвозани ҳам очмай ичкарига югуриб, Петъёр дарвозанинг олдида турганини хабар қилди. 15 Улар эса унга: “Ақлдан озибсан”,- дедилар. Лекин қиз ўз сўзида туриб олди. Шунда улар: “Бу унинг фариштаси”,- дедилар. 16 Шу орада Петъёр тақиллатишни давом эттирди. Улар эса эшикни очиб, уни кўрганларида ҳайрон қолдилар. 17 Петъёр уларга жим бўлишлари учун қўли билан ишора қилиб, Раббий уни зиндондан қандай олиб чиққанини гапириб берди, охирида эса: “Бу ҳақда Ёқуб ва биродарларга хабар қилинглар!”- деди. Сўнг у ердан чиқиб, бошқа жойга кетди. 18 Тонг отгач, Петъёрга нима бўлганини билмай, аскарлар орасида катта ваҳима кўтарилди. 19 Ҳирод эса уни излаб топа олмагач, қоровулларни сўроқ қилиб, уларни ўлдиришни буюрди. Шундан кейин у Яҳудиядан Кесария шаҳрига бориб, ўша ерда қолди. 20 Ҳирод Тир ва Сидўн аҳлидан дарғазаб эди. Улар эса ўзаро келишиб, Ҳироднинг ҳузурига келдилар ва подшоҳнинг сарой нозири Бластни ўз томонларига оғдириб, сулҳ тузишни сўрадилар. Чунки уларнинг вилояти подшоҳнинг вилоятидан озиқланар эди. 21 Белгиланган кунда Ҳирод шоҳона кийимларини кийиб, тахтига ўтирди ва уларга нутқ сўзлар эди. 22 Халқ эса: “Бу одамнинг овози эмас, Худонинг овозидир!”- деб хитоб қилар эди. 23 Раббийнинг фариштаси эса Ҳиродни дарҳол урди, чунки у шарафни Худога бермади. Шундай қилиб, у қуртларга емиш бўлиб, жон берди. 24 Худонинг сўзи эса ўсар ва кўпаяр эди. 25 Барнабо билан Шоул ўз хизматларини бажарганида, Марк, деб аталган Юҳаннони ўзлари билан бирга олиб, Йерусалимдан Антиохияга қайтиб келдилар.