11 1 Яҳудияда бўлган ҳаворийлар ва биродарлар эса мажусийлар ҳам Худонинг сўзини қабул қилганларини эшитдилар. 2 Шунинг учун Петъёр Йерусалимга келганида, хатна қилинганлар унга таъна қилиб: 3 “Сен хатна қилинмаган одамларнинг олдиларига боргансан ва улар билан бирга еб-ичгансан!”- дедилар. 4 Петъёр эса бошидан бошлаб, уларга ҳаммасини бирма-бир сўзлаб бериб деди: 5 “Мен Йаффо шаҳрида ибодат қилаётган эдим ва транс ҳолатига тушиб, бир ваҳий кўрдим: мана, осмондан тўрт бурчагидан туширилаётган катта матодек қандайдир идиш тушар эди ва менга тушиб келди. 6 Мен ичига назар солдим ва диққат билан қараб, ер юзининг тўрт оёқлиларини, ёввойи ҳайвонларини, судралувчиларини ҳамда осмон қушларини кўрдим. 7 Сўнгра менга: “Петъёр, тур ва сўйиб егин”, - деган овозни эшитдим. 8 Мен эса: “Асло, Раббий, менинг оғзимга ҳеч қачон ҳаром ёки нопок нарса кирган эмас”,- дедим. 9 Лекин овоз осмондан иккинчи маротаба менга жавобан деди: “Худо поклаганини сен ҳаром дема”. 10 Бу эса уч марта бўлди, сўнгра ҳаммаси осмонга кўтарилди. 11 Мана, ўша заҳоти Кесариядан менга юборилган учта одам мен турган уйнинг олдида ҳозир бўлдилар. 12 Руҳ эса менга ҳеч шубҳаланмай улар билан бирга боришимни айтди. Мана, бу олтита биродар ҳам менга ҳамроҳ бўлдилар. Шундай қилиб, биз ўша одамнинг уйига кирдик. 13 У эса ўз уйида тикка турган фариштани қандай кўрганини бизга баён этди. Фаришта унга: “Йаффога одамлар юбор, Петъёр, деб аталган Шимўнни чақиртир. 14 Унинг сенга айтадиган сўзлари билан ўзинг ҳамда бутун хонадонинг нажот топасизлар”,- деб айтган экан. 15 Мен гапира бошлаганимда эса, Муқаддас Руҳ бошида бизнинг устимизга тушганидай, уларнинг ҳам устларига тушди. 16 Ўшанда мен Раббийнинг: “Яҳё одамларни сувга чўмдирган, сизлар эса Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар”,- деган сўзини эсладим. 17 Шундай қилиб, агар Худо бизга, Исо Масиҳга имон келтирганларга инъомни берганидек, уларга ҳам худди ўшани берган бўлса, мен кимманки, Худога тўсқинлик қила олсам?” 18 Буларни эшитиб, улар тинчланиб: “Демак Худо мажусийларга ҳам ҳаёт учун тавба қилишни ато этибди”,- деб Худони улуғладилар. 19 Шу орада Стефаннинг ўлдирилишидан кейин бўлган қувғиндан сўнг тарқалиб кетган биродарлар Худонинг сўзини яҳудийлардан бошқа ҳеч кимга воизлик қилмай, Финикия, Кипр ва Антиоҳиягача етиб бордилар. 20 Улардан баъзилари кипрлик ва киринеяликлар эдилар. Улар Антиохия шаҳрига келиб, юнонларга гапириб, Раббий Исони воизлик қилар эдилар. 21 Раббийнинг қўли улар билан бирга эди. Шунда буюк кўпчилик имон келтириб, Раббийга ўгирилишди. 22 Булар ҳақидаги хабар Йерусалимдаги Жамоатга етиб борди, шунда улар Антиохияга боришни Барнабога топширдилар. 23 Барнабо у ерга келгач, Худонинг иноятини кўриб, қувонди. У ҳаммани чин юракдан Раббийни маҳкам тутишга даъват этди. 24 Чунки у Муқаддас Руҳга ҳамда имонга тўлган, яхши одам эди ва халқнинг кўпчилиги Раббийга қўшилди. 25 Сўнг Барнабо Шоулни қидириш учун Тарс шаҳрига борди ва уни топиб, Антиохияга олиб келди. 26 Шундай қилиб, улар бир йил давомида Жамоат билан йиғилиб, кўп одамларга таълим бердилар. Антиохияда Исонинг шогирдлари биринчи марта масиҳийлар, деб аталдилар. 27 Ўша кунларда Йерусалимдан Антиохияга баъзи пайғамбарлар келдилар. 28 Улардан бири Агаб исмли пайғамбар туриб, бутун оламда қаттиқ очарчилик бўлишини Руҳ билан башорат қилди. Бу воқеа эса император Клавдийнинг даврида содир бўлди. 29 Шунда шогирдларнинг ҳар бири ўз имконияти бўйича Яҳудияда яшаётган биродарларга ёрдам юборишга келишдилар. 30 Шуни амалга ошириб, буларни Барнабо ва Шоул орқали Йерусалимдаги жамоабошиларга юбордилар.