10 1 Кесария шаҳрида “Италиялик” деган аскарлар бўлинмасининг юзбошиси Корнилий исмли бир одам бор эди. 2 У бутун хонадони билан Худодан қўрқадиган диёнатли одам эди. У халққа кўп мурувват кўрсатиб, доимо Худога ибодат қилар эди. 3 У кундузи чамаси соат тўққизларда ваҳий кўринишида унинг олдига келган ва уни: “Корнилий!”- деб чақирган Худонинг фариштасини аниқ кўрди. 4 У эса унга нигоҳ ташлади-да, қўрқиб кетиб деди: “Лаббай, Раббий!” Фаришта унга айтди: “Сенинг ибодатинг ва хайр-эҳсонларинг Худонинг ҳузурида ёдга келди. 5 Энди Йаффога одамларни юбориб, Петъёр, деб аталган Шимўнни олдингга чақиртир. 6 У уйи денгиз бўйида бўлган Шимўн исмли кўнчиникида меҳмон бўлиб турибди”. 7 Корнилийга гапирган фаришта кетганидан сўнг, у иккита хизматкорини ва унга содиқ бўлган диёнатли бир аскарни чақирди. 8 Уларга ҳамма нарсани айтиб бериб, уларни Йаффога юборди. 9 Эртаси куни улар йўл юриб шаҳарга яқинлашаётганларида, Петъёр чамаси соат олтиларда ибодат қилиш учун томга чиқди. 10 У оч қолди ва овқат егиси келди. Шу орада овқат тайёрлар эканлар, у транс ҳолатига тушди 11 ва осмоннинг очилганини ҳамда унинг олдига тушаётган қандайдир идишни кўрди. Бу тўрт бурчагидан тугилган катта матодек бўлиб, ерга тушиб келар эди. 12 Унинг ичида ер юзидаги ҳар хил тўрт оёқлилар, ёввойи ҳайвонлар, судралувчилар ҳамда осмон қушлари бор эди. 13 Сўнг унга овоз келди: “Петъёр, тур ва сўйиб егин!” 14 Аммо Петъёр: “Асло, Раббим! Мен ҳеч қачон ҳаром ёки нопок нарса еган эмасман”,- деди. 15 Шунда унга яна овоз келди: “Худо поклаганини сен ҳаром дема!” 16 Бу эса уч марта содир бўлди. Сўнгра идиш яна осмонга кўтарилди. 17 Петъёр кўрган бу ваҳий кўриниши нимани билдиради, деб ўз ўзича эсанкираб турганида, Корнилий юборган одамлар Шимўннинг уйи ҳақида суриштириб, дарвоза олдида тўхтадилар. 18 Улар овозини баландлатиб: “Петъёр, деб аталган Шимўн шу ердами?”- деб сўрадилар. 19 Петъёр бу ваҳий кўриниши ҳақида фикр юритиб турганида, Руҳ унга деди: “Мана, уч киши сени изламоқда. 20 Ўрнингдан туриб, пастга туш ва ҳеч шубҳа қилмасдан, улар билан бирга боргин, чунки уларни Мен юбордим”. 21 Петъёр Корнилий томонидан унинг олдига юборилган одамларнинг олдига тушиб: “Сизлар излаётган одам менман. Нима мақсадда келдингизлар?”- деди. 22 Улар Петъёрга: “Юзбоши Корнилий – Худодан қўрқадиган ва бутун яҳудий халқ орасида яхши ном чиқарган тўғри одам. У муқаддас фаришта орқали сени ўз уйига чақириши ва сўзларингни тинглаши ҳақида буйруқ олди”,- дедилар. 23 Шунда Петъёр уларни ичкарига таклиф қилиб, меҳмон қилди. У эртаси куни туриб, улар билан бирга жўнаб кетди. Йаффодан баъзи биродарлар ҳам унга ҳамроҳ бўлдилар. 24 Кейинги куни улар Кесарияга келдилар. Корнилий эса ўз қариндошлари ва яқин дўстларини чақириб, уларни кутиб турар эди. 25 Петъёр ичкарига кирганида, Корнилий уни қарши олди ва оёқларига йиқилиб сажда қилди. 26 Аммо Петъёр: “Тур, мен ҳам инсонман”,- дея, уни турғизди. 27 Шундай қилиб, Петъёр у билан суҳбатлашиб, уйга кирди ва йиғилган кўпчиликни кўрди. 28 Шунда Петъёр уларга деди: “Бошқа қабилаликка қўшилиш ёки уникига келиш яҳудий учун қонунбузарлик эканлигини биласизлар. Лекин Худо менга ҳеч бир одамни ҳаром ёки нопок, деб атамаслигим кераклигини кўрсатди. 29 Шунинг учун мен чақирилганимда, рад қилмасдан келдим. Энди, нима мақсадда мени чақирдингизлар, деб сўрамоқчиман”. 30 Корнилий эса деди: “Тўрт кун илгари (ҳатто шу соатгача) мен рўза тутаётган эдим, соат тўққизда уйимда ибодат қилаётганимда, тўсатдан порлоқ кийимда бир одам олдимда пайдо бўлди. 31 У деди: “Корнилий! Сенинг ибодатинг эшитилди ва хайр-эҳсонларинг Худонинг ҳузурида ёдга келди. 32 Шунинг учун Йаффога одам юбор, денгиз бўйидаги кўнчи Шимўннинг уйида меҳмон бўлиб турган Петъёр, деб аталган Шимўнни чақиртир. У келиб сенга сўз айтади”. 33 Ўша заҳотиёқ мен сенинг олдингга одамларни юбордим. Сен келиб, яхши иш қилдинг. Энди Худо томонидан сенга буюрилган ҳамма нарсани тинглаш учун биз ҳаммамиз бу ерда Худонинг ҳузурида турибмиз”. 34 Петъёр эса оғиз очиб деди: “Ҳақиқатан ҳам мен англамоқдаманки – Худо юз-хотирчилик қилувчи эмас, 35 лекин ҳар бир халқда Ундан қўрқувчи ва ҳақ иш қилувчи Унга маъқулдир. 36 Худо Исроил ўғилларига Ўз Сўзини юбориб, тинчликни Исо Масиҳ орқали воизлик қилди. У эса ҳамманинг Раббийсидир. 37 Яҳё чўмдирилишни воизлик қилганидан кейин, Галиледан бошлаб бутун Яҳудия юрти бўйлаб содир бўлган воқеаларни сизларнинг ўзларингиз биласизлар. 38 Яъни Худо Нозара шаҳридан бўлган Исони Муқаддас Руҳ ва қудрат билан мойлади. У эса эзгулик қилиб юриб, иблиснинг зулми остида бўлганларнинг ҳаммасини шифолар эди, чунки Худо У билан бирга эди. 39 Биз эса Исонинг Яҳудия юртида ҳамда Йерусалимда қилган барча ишларига ва Уни ёғочга осиб ўлдирилганига гувоҳмиз. 40 Бироқ Худо Уни учинчи куни тирилтирди ва Унга зоҳир бўлиш имконини берди. 41 Лекин Исо бутун халққа эмас, балки Худо томонидан олдиндан танланган бизга, яъни Унинг ўликлардан тирилганидан сўнг У билан еб-ичган гувоҳларга зоҳир бўлди. 42 У Худо томонидан тиригу ўликларнинг Ҳукм қилувчиси этиб тайинланганини ҳамма одамларга гувоҳлик беришни ва воизлик қилишни бизга буюрди. 43 У ҳақида ҳамма пайғамбарлар ҳам гувоҳлик берадиларки, Унга ишонган ҳар бир одам Унинг номидан гуноҳларининг кечирилишини олади”. 44 Петъёр буларни ҳали айтиб турганида, Муқаддас Руҳ сўзни эшитаётганларнинг ҳаммасининг устига тушди. 45 Петъёр билан бирга келган, хатна қилинганлардан бўлган имонлилар Муқаддас Руҳнинг инъоми мажусийларга ҳам қуйилганини кўриб, ҳайратда қолдилар, 46 чунки уларнинг янги тилларда гапириб, Худони улуғлаётганларини эшитар эдилар. Шунда Петъёр деди: 47 “Худди биз каби Муқаддас Руҳни қабул қилганларга сувга чўмдирилишни ким тақиқлар экан?” 48 Шундай қилиб, уларга Исо Масиҳ номидан сувга чўмдирилишни буюрди. Сўнг улар Петъёрдан бир неча кун қолишини илтимос қилдилар.