3 1 Ўзимизни яна тавсия этишни бошлаймизми? Наҳотки баъзиларга керак бўлганидай, бизга сизлар учун биз ҳақимиздаги тавсиянома мактублари керак бўлса, ёки сизлардан биз учун тавсиянома керак бўлса? 2 Сизлар – бизнинг юракларимизда ёзилган, ҳамма одамлар томонидан ўқилаётган ва танилаётган бизнинг мактубимизсизлар. 3 Сизлар бизнинг хизматимиз орқали ёзилган Масиҳнинг мактуби эканлигингизни ўзларингизда кўрсатмоқдасизлар. Бу мактуб сиёҳ билан эмас, балки барҳаёт Худонинг Руҳи билан ёзилган ҳамда тош лавҳаларида эмас, балки юракнинг этдан бўлган лавҳаларида ёзилгандир. 4 Биз Худога нисбатан шундай ишончга Масиҳ орқали эгамиз. 5 Бироқ бу нарса ўзимиздан экан, деб ўз ўзимизча ўйлашга қодир бўлмаганмиз, аксинча бизнинг қодирлигимиз Худодандир. 6 У бизни Янги Аҳднинг (ҳарфнинг эмас, балки Руҳнинг) хизматкорлари бўлишга қодир қилди, чунки ҳарф ўлдиради, Руҳ эса ҳаёт бахш этади. 7 Агар тош лавҳаларига ўйилган ҳарфларда солинган ўлимга хизмат шунчалик шуҳратли бўлиб, Исроил ўғиллари Мусонинг чеҳрасидаги ўткинчи шуҳрат туфайли унинг юзига қарай олмаган бўлсалар, 8 унда Руҳнинг хизмати янада кўпроқ шуҳратда бўлиши керак эмасми? 9 Агар ҳукм қилиниш хизмати шуҳрат бўлса, унда боз устига оқланиш хизмати шуҳратга тўлиб тошади. 10 Бу беҳад шуҳрат сабабли у шуҳратли бўлган энди шуҳратли эмасдир. 11 Агар ўткинчиси шуҳрат орқали келган бўлса, унда мангу қоладигани нақадар кўпроқ шуҳратдадир. 12 Шундай умидга эга бўлиб, биз буюк жасорат билан ҳаракат қилмоқдамиз. 13 Мусо эса бошқача қилган эди. У Исроил ўғиллари ўткинчининг тугаганини кўрмасликлари учун ўз юзини парда билан ёпган эди. 14 Бироқ уларнинг онглари кўр эди, зеро Эски Аҳдни ўқишда худди ўша парда бугунга қадар олиб ташланмай қоляпти, чунки у фақат Масиҳда олиб ташланади. 15 То бугунга қадар Мусонинг китоби ўқилаётганда, уларнинг юракларини парда ёпиб турибди. 16 Бироқ Раббийга мурожаат қилганларида, бу парда йўқ қилинади. 17 Раббий – Руҳдир. Раббийнинг Руҳи қаерда бўлса, у ерда озодлик бор. 18 Бизнинг ҳаммамиз эса очиқ юзимиз билан кўзгуга қараганимиздек, Раббийнинг шуҳратига қараб турибмиз ва Раббийнинг Руҳи орқали шуҳратдан шуҳратга, худди шундай тасвирга ўзгармоқдамиз.