14 1 Севгининг ортидан қувинглар. Руҳий инъомлар, айниқса, пайғамбарчилик қилиш учун рашқ қилинглар. 2 Ким номаълум тилда гапирса, у одамларга эмас, Худога гапиради, чунки уни ҳеч ким тушунмайди. У Руҳ билан сирларни гапиради. 3 Ким пайғамбарчилик қилса, у барпо қилиш, далда бериш ва юпатиш учун одамларга гапиради. 4 Номаълум тилда гапирувчи ўзини барпо қилади, пайғамбарчилик қилувчи эса Жамоатни барпо қилади. 5 Сизларнинг ҳаммангиз номаълум тилларда гапиришингизни хоҳлайман, лекин пайғамбарчилик қилганингиз афзалроқдир. Агар фақатгина тилларда гапирувчи Жамоатни барпо қилиши учун ўша тилларни талқин қилмаса, унда пайғамбарчилик қилувчи номаълум тилларда гапирувчидан буюкроқдир. 6 Энди, биродарлар, агар мен сизларнинг олдингизга келиб, номаълум тилларда гапира бошласам-у, аммо ваҳий ёки билим билан, пайғамбарчилик ёки таълим билан уни сизларга тушунтириб бермасам, унда сизларга қандай фойда келтираман? 7 Ҳатто товуш чиқарадиган жонсиз най ёки чанг фарқли овозлар чиқармаса, най ёки чанг чалинаётганини қандай билиш мумкин? 8 Агар жанг карнайи ноаниқ овоз чиқарса, унда ким жангга тайёрлана бошлайди? 9 Шунга ўхшаб, агар тилингиз билан ҳам тушунмайдиган сўзларни айтсангизлар, одамлар нима деганингизни қандай билиб оладилар? Сизлар ҳавога гапирган бўласизлар. 10 Мана, дунёда қанча ҳар хил сўзлар бор, аммо уларнинг биронтаси ҳам маъносиз эмас. 11 Шунинг учун агар сўзларнинг маъносини тушунмасам, унда мен гапираётган киши учун бегона юртликман ва гапираётган киши ҳам мен учун бегона юртликдир. 12 Худди шундай, сизлар ҳам руҳий инъомлар учун рашк қилаётиб, Жамоатни барпо қилиш учун улар билан бойишга ҳаракат қилинглар. 13 Шунингдек, номаълум тилда гапирувчи талқин қилиш учун ибодат қилсин. 14 Агар мен номаълум тилда ибодат қилсам, руҳим ибодат қилади, онгим эса ҳосилсиз қолади. 15 Унда нима қилсам экан? Руҳим билан ибодат қиламан, онгим билан ҳам ибодат қиламан. Руҳим билан қўшиқ айтаман, онгим билан ҳам қўшиқ айтаман. 16 Хуллас, агар сен руҳинг билан дуо ўқийдиган бўлсанг, ўша ерда турган оддий одам сенинг миннатдорчилигингга қандай қилиб “омин” дейди? У сенинг нима айтаётганингни тушунмайди-ку! 17 Сен яхши миннатдорчилик билдиряпсан, аммо бошқа одам барпо қилинмаяпти. 18 Худойимдан миннатдорманки, мен номаълум тилларда ҳаммаларингиздан кўпроқ гапираман. 19 Жамоатда эса номаълум тилда ўн минг сўз гапиргандан кўра, бошқаларга насиҳат қилиш учун ўз онгим билан бешта сўз айтганим афзалроқдир. 20 Биродарларим, онгингизда болалар каби бўлманглар, ёвузликка нисбатан гўдаклар каби бўлинглар, онгингизда эса вояга етганлар каби бўлинглар. 21 Қонунда ёзилган: “Бошқа тиллар ва бошқа оғизлар билан бу халққа гапираман, лекин ўшанда ҳам Мени тингламайдилар,- дейди Раббий”. 22 Шундай қилиб, номаълум тиллар имонлилар учун эмас, балки имонсизлар учун аломатдир. Пайғамбарчилик эса имонсизлар учун эмас, имонлилар учундир. 23 Агар бутун Жамоат бир ерда тўпланиб, ҳамма номаълум тилларда гапира бошласа ва оддий одамлар ёки имонсизлар у ерга кирса, унда: “Сизлар ақлдан озибсизлар”,- деб айтмайдиларми? 24 Лекин ҳамма пайғамбарчилик қилаётган бўлса, ва имонсиз ёки оддий бир одам кирса, шунда у ҳамма томонидан фош қилинади ва ҳамма томонидан ҳукм қилинади. 25 Шундай қилиб, унинг юрагидаги сирлар ошкора бўлади. У юз тубан йиқилиб, Худога сажда қилиб: “Ҳақиқатан ҳам Худо сизлар билан”,- деб айтади. 26 Шунинг учун, эй, биродарлар, нима қилсак экан? Сизлар тўпланганингизда, ҳар бирингизда бирор қўшиқ борми ёки таълимот, ёки тил борми, ёки ваҳий, ёки бирор талқин қилиш борми – буларнинг ҳаммаси Жамоатни барпо қилиш учун бўлсин. 27 Агар ким номаълум тилда гапирса, унда икки ёки энг кўпи уч киши навбат билан гапирсин, бир киши эса талқин қилсин. 28 Агарда талқин қилувчи бўлмаса, Жамоатда жим туриб, ўзига ва Худога гапирсин. 29 Пайғамбарчилик қилувчилардан ҳам икки ёки уч киши гапирсин, қолганлар эса муҳокама қилсинлар. 30 Агар ўтирганларнинг бошқасига ваҳий келса, унда биринчиси жим турсин. 31 Чунки ҳамма таълим олиши ва юпаниши учун ҳаммангиз бирин-кетин пайғамбарчилик қилишингиз мумкин. 32 Пайғамбарчилик руҳлари эса пайғамбарчилик қилувчиларга бўйсунадилар. 33 Чунки Худо тартибсизлик Худоси эмас, балки тинчлик Худосидир. Муқаддасларнинг ҳамма Жамоатларида тартиб шундайдир. 34 Хотинларингиз Жамоатда жим турсинлар, чунки уларнинг гапиришларига ижозат берилмаган, лекин Қонун айтганидек, итоатда бўлсинлар. 35 Агар улар бирор нарсани ўрганишни хоҳласалар, уйда ўз эрларидан бу ҳақида сўрасинлар, чунки хотинга Жамоатда гапириш уятдир. 36 Ахир Худонинг Сўзи сиздан чиққанми? Ёки ёлғиз сизларга етиб борганми? 37 Агар сизлардан кимдир ўзини пайғамбар ёки руҳий киши, деб ҳисобласа, ўша киши менинг сизларга нималарни ёзаётганимни билиб олсин, чунки бу Раббийнинг амрларидир. 38 Аммо ким буни англамаса, унда англамай қўя қолсин. 39 Шундай қилиб, биродарларим, пайғамбарчилик қилиш учун рашқ қилинглар, номаълум тилларда ҳам гапиришни тақиқламанглар. 40 Ҳамма нарса одоб ва тартиб билан қилинсин.