1 1 Худонинг иродаси бўйича Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлишга даъват қилинган Повулдан ва биродаримиз Состендан 2 Коринф шаҳридаги Худонинг Жамоатига салом! Исо Масиҳда муқаддасланган ва даъват қилинган муқаддасларга ҳамда Раббимиз Исо Масиҳнинг номини ҳар жойда (бизда ҳам, уларда ҳам) чақираётганларнинг барчасига: 3 Сизларга Отамиз Худо ва Раббий Исо Масиҳдан иноят ҳамда тинчлик бўлсин! 4 Исо Масиҳда сизларга берилган Худонинг инояти учун сизлар ҳақингизда Худойимга ҳамиша миннатдорчилик билдираман. 5 Чунки сизлар Масиҳда ҳамма нарса билан, яъни ҳар қандай сўз ва ҳар қандай билим билан бойитилгансизлар. 6 Шунингдек, Масиҳнинг гувоҳлиги сизларда мустаҳкам ўрнашган эди. 7 Шундай экан, Раббимиз Исо Масиҳнинг зоҳир бўлишини кутаётиб, сизларнинг ҳеч қандай инъомдан камчилигингиз йўқдир. 8 Раббимиз Исо Масиҳнинг кунида бенуқсон бўлишингиз учун У сизларни охиригача мустаҳкам қилади. 9 Сизларни Ўз Ўғли Раббимиз Исо Масиҳ билан мулоқотга чақирган Худо содиқдир. 10 Эй, биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳнинг номидан сизлардан ўтиниб сўрайманки, ҳаммаларингиз бир нарсани гапиринглар. Сизларнинг орангизда бўлинишлар бўлмасин. Аксинча, сизлар бир фикрда ҳамда бир мақсадда бирлашган бўлинглар. 11 Чунки, эй, биродарларим, сизларнинг орангизда баҳс-тортишув борлиги Хлоиснинг хонадонидагилардан менга маълум бўлди. 12 Сизларнинг ҳар бирингиз: “Мен Повулникиман”, “Мен Аполлосникиман”, “Мен Кифаникиман”, “Мен эса Масиҳникиман”, деб гапираётганингизни назарда тутяпман. 13 Ахир нима, Масиҳ бўлинганми? Ахир сизлар учун Повул хочга михланганми? Ёки сизлар Повулнинг исмига чўмдирилганмисизлар? 14 Худодан миннатдорманки, мен сизлардан Крисп ва Гайдан бошқа ҳеч кимни чўмдирмаганман, 15 токи кимдир: “У мени ўз номига чўмдирганди”,- деб айтмасин. 16 Ҳа, мен яна Стефаннинг хонадонини чўмдирганман. Яна бирор кишини чўмдирганманми билмайман. 17 Чунки Масиҳ мени чўмдириш учун эмас, балки Хушхабарни воизлик қилиш учун юборди. Аммо сўз донолигида воизлик қилиш учун эмас, токи Масиҳнинг хочи бекор бўлмасин. 18 Хоч ҳақидаги хабар ҳалок бўлаётганлар учун телбаликдир. Бироқ биз, нажот топаётганлар учун бу хабар Худонинг қудратидир. 19 Чунки ёзилган: “Доноларнинг донолигини барбод қиламан ва ақллиларнинг заковатига барҳам бераман”. 20 Доно қаерда? Уламо қаерда? Бу дунёнинг нотиғи қаерда? Худо бу дунёнинг донолигини телбаликка айлантирмадими? 21 Чунки бу дунё ўз донолиги билан Худонинг донолигида Худони таниб билмаганлиги сабабли, Худо воизлик телбалиги орқали ишонаётганларни қутқаришни маъқул қўрди. 22 Чунки яҳудийлар мўъжизаларни талаб қилмоқдалар, юнонлар эса доноликни изламоқдалар. 23 Биз эса хочга михланган Масиҳни воизлик қилмоқдамиз. Бу яҳудийлар учун васваса, юнонлар учун эса телбаликдир. 24 Бироқ Худо даъват қилган яҳудийлару юнонлар учун Масиҳ – Худонинг қудрати ва Худонинг донолигидир. 25 Чунки Худонинг “ақлсизлиги” инсонларникидан донороқдир ва Худонинг “заифлиги” инсонларникидан кучлироқдир. 26 Эй, биродарлар, сизлар, даъват қилинганлар кимлигингизга бир қаранглар: сизларнинг орангизда инсоний нуқтаи назардан доно бўлганлар кўп эмас, кучли бўлганлар кўп эмас, олижаноб бўлганлар ҳам кўп эмас. 27 Лекин Худо доноларни шарманда қилиш учун бу дунёда ақлсиз бўлганларни танлади. Худо кучлиларни шарманда қилиш учун бу дунёда заиф бўлганларни танлади. 28 Аҳамиятлиларни бекор қилиш учун Худо бу дунёда аҳамиятсиз, камситилган ва обрўсизларни танлади, 29 токи ҳеч бир инсон Худонинг олдида мақтанмасин. 30 Аммо энди сизлар Худо туфайли Исо Масиҳдасизлар. Масиҳ эса биз учун Худодан донолигимиз, ҳақлигимиз, муқаддаслигимиз бўлиб, бизни Худога қайтариш учун тўловимиз бўлди, 31 токи: “Мақтанаётган Раббий билан мақтансин”, деб ёзилганидек бўлсин.