21 1 Шайтон Исроилга қарши кўтарилди ва Довудни исроилликларни ҳисоблаб чиқишга ундади. 2 Шунда Довуд Йўабга ва халқнинг бошлиқларига: “Бориб, Беир-Шебадан Дангача исроилликларни санаб чиқинглар ва менга тақдим этинглар, токи мен уларнинг сонини билайин”,- деди. 3 Йўаб: “Раббий Ўз халқини бор бўлганидан кўра яна юз карра кўпайтирсин. Эй, менинг ҳукмдорим подшоҳ, уларнинг барчаси менинг ҳукмдоримнинг қуллари эмасми? Нима учун менинг ҳукмдорим буни талаб қилмоқда? Бу Исроил айбдор бўлиши учунми?”- деди. 4 Бироқ подшоҳнинг сўзи Йўабдан устун келди. Шунинг учун Йўаб бориб, бутун Исроил бўйлаб юрди ва Йерусалимга келди. 5 Йўаб Довудга халқнинг ҳисобга олинган рўйхатини узатди. Қилич яланғочлайдиган исроилликларнинг барчаси минг-минглаб ва юз минглаб киши бўлиб, қилич яланғочлайдиган яҳудоликлар тўрт юз етмиш минг киши эди. 6 Лекин у уларнинг орасидаги левитларни ва Бенямин авлодини ҳисобламади, чунки Йўабга подшоҳнинг сўзи жирканч эди. 7 Бу иш Худога ёқмади, шунинг учун У Исроилни шикастлади. 8 Довуд Худога: “Мен бу ишни қилиб катта гуноҳ қилдим. Бироқ энди Ўз қулингнинг айбини кечиргин, чунки мен жуда ҳам ақлсизларча йўл тутдим”,- деди. 9 Раббий Довуднинг башоратчиси Гадга сўзлаб деди: 10 “Бориб, Довудга айтгин: Раббий шундай дейди: Мен сенга учта жазони таклиф этмоқдаман, улардан бирини ўзингга танла ва Мен уни юбораман”. 11 Шундай қилиб, Гад Довуднинг олдига келиб, унга деди: “Раббий шундай дейди: Ўзингга булардан бирини танла: 12 ёки уч йил очарчилик бўлади, ёки сен уч ой ёвларинг томонидан таъқиб қилинасан ва душманларингнинг қиличи сенга етиб келади, ёки уч кун Раббийнинг қиличи, ердаги ўлат ва Раббийнинг фариштаси Исроилнинг барча чегараларида қирғин қилади. Шунга кўра қарагин, мени сўз билан Юборганга мен нима, деб жавоб берайин”. 13 Довуд Гадга: “Менинг аҳволим жуда оғир, яхшиси Раббийнинг қўлига тушай, чунки Унинг шафқати жуда ҳам буюкдир, фақатгина мен одамнинг қўлига тушмасам бас”,- деди. 14 Шундай қилиб, Раббий Исроилга ўлат юборди ва етмиш минг исроиллик ҳалок бўлди. 15 Йерусалимни қирғин қилиш учун Худо бу шаҳарга фариштани юборди. У қирғин қила бошлаганида, Раббий кўриб, ушбу кулфатдан ачинди ва қирғин қилувчи фариштага: “Етар, энди қўлингни тушир!”- деди. Ўша вақтда Раббийнинг фариштаси ябуслик Орнаннинг хирмон омборхонасининг ёнида турар эди. 16 Шунда Довуд нигоҳларини кўтариб, Йерусалимга қарата узатилган қўлида яланғочланган қиличи билан ер ва осмон ўртасида турган Раббийнинг фариштасини кўрди. Шунда Довуд ва Исроил оқсоқоллари юз тубан йиқилдилар, улар қанорга ёпинган эдилар. 17 Довуд Худога: “Халқни ҳисоблашни мен буюрган эмасмидим? Мен гуноҳ қилдим, мен ёвузлик қилдим, бироқ бу қўйлар нима қилди? Ё, Раббий Худойим, Сенинг қўлинг менда ва отамнинг хонадони устида бўлсин, аммо Ўз халқинг ҳалок бўлиши учун унда бўлмасин”,- деди. 18 Гад Довудга айтиши учун Раббийнинг фариштаси унга деди: “Довуд келиб, ябуслик Орнаннинг хирмони ёнида Раббийга қурбонгоҳ қурсин”. 19 Довуд Раббийнинг номи билан гапирган Гаднинг сўзи бўйича борди. 20 Орнан ўгирилиб, фариштани кўрди ва унинг тўрт нафар ўғли у билан бирга яшириниб олдилар. Ўша вақтда Орнан буғдой янчаётган эди. 21 Довуд Орнаннинг олдига келди. Орнан қараб, Довудни кўрди ва хирмондан чиқиб, Довудга юзи билан ергача эгилиб таъзим қилди. 22 Шунда Довуд Орнанга: “Менга ушбу хирмон омборхонасининг жойини бергин, мен бу ерда Раббийга қурбонгоҳ қураман. Хирмонни менга тўлиқ нархига бергин, токи халқнинг қирилиши тўхтасин”,- деди. 23 Орнан Довудга: “Уни ўзингизга олинг, менинг ҳукмдорим подшоҳга нима маъқул бўлса, шуни қилсин. Мана, мен тамоман ёндириш қурбонлиги учун ҳўкизларни ҳам, ўтинлик учун янчиш асбобларини ҳам, тақдим нони учун буғдой ҳам бераман. Буларнинг барчасини текин бераман”,- деди. 24 Подшоҳ Довуд Орнанга: “Йўқ, мен сендан уни тўлиқ нархига сотиб олмоқчиман, чунки мен сенинг шахсий нарсаларингни Раббийга келтирмайман ва текинга олинган нарсаларни тамоман ёндириш қурбонлигига келтирмайман”,- деди. 25 Шундай қилиб, Довуд Орнанга жой учун олти юз шеқел олтин берди. 26 Довуд ўша жойда Раббийга қурбонгоҳ қурди ва тамоман ёндириш қурбонликлари ҳамда тинчлик қурбонликларини келтирди. У Раббийни чақирди ва У тамоман ёндириш қурбонлиги қурбонгоҳига осмондан олов юбориб, унга жавоб берди. 27 Раббий фариштага буюрди ва у ўз қиличини ғилофига солиб қўйди. 28 Ўша вақтда, Довуд ябуслик Орнаннинг хирмони олдида Раббий унга жавоб берганини кўрганида, ўша жойда қурбонлик келтирди. 29 Мусо саҳрода қурган Раббийнинг Чодири ва тамоман ёндириш қурбонгоҳи ўша вақтда Гибъўн тепалигида эди. 30 Довуд Худодан сўраш учун у ерга бора олмади, чунки у Раббий фариштасининг қиличидан қўрқиб қолган эди.