18 1 Шундан сўнг Довуд пелиштликларни тор-мор келтириб, уларни бўйсундирди. У Гатни ҳамда унга тегишли шаҳарларни пелиштликларнинг қўлидан тортиб олди. 2 У мўабликларни ҳам тор-мор келтирди ва мўабликлар Довудга товон тўлайдиган унинг қуллари бўлдилар. 3 Зўбаҳ подшоҳи Ҳадарезер ўз ҳокимиятини Фурот дарёси бўйида ўрнатиш учун кетаётганида, Довуд уни Ҳаматда тор-мор келтирди. 4 Довуд ундан мингта жанговар аравани, етти минг нафар отлиқ ва йигирма минг нафар пиёдани олди. Довуд барча араваларнинг отларининг пайини кесиб, улардан фақат юзтасини қолдирди. 5 Дамашқдаги сурияликлар ёрдам бериш учун Зўбаҳ подшоҳи Ҳададезернинг олдига келганларида, Довуд йигирма икки минг нафар сурияликни қириб ташлади. 6 Сўнг Довуд Дамашқнинг Суриясига қўриқчи қўшинни қўйди ва сурияликлар Довудга товон тўлаб, унинг қулларига айландилар. Довуд қаерга бормасин, ҳамма ерда Раббий унга ёрдам берар эди. 7 Довуд Ҳадарезернинг қулларида бўлган олтин қалқонларни олиб, уларни Йерусалимга олиб келди. 8 Довуд Ҳададезернинг шаҳарлари Тибҳаф ва Кундан ҳам жуда кўп мисларни олиб келди. Сулаймон улардан мис денгиз, устунлар ва мис идишлар ясади. 9 Ҳаматнинг подшоҳи Фой эса Зўбаҳ подшоҳи Ҳадарезернинг бутун қўшинини Довуд қириб ташлаганини эшитганида, 10 ўз ўғли Ҳадорамни Довуднинг олдига, уни қутлашга юборди. Довуд Ҳадарезер билан жанг қилиб, уни қириб ташлагани учун Фой миннадорчилик билдирмоқчи эди, чунки Фой Ҳадарезер билан урушиб турар эди. У Ҳадорам билан бирга ҳар хил олтин, кумуш ва мис идишлар юборди. 11 Подшоҳ Довуд барча халқлардан: эдўмликлардан, мўабликлардан, аммўнликлардан, пелиштликлардан, амолеқликлардан олган кумуш ва олтинлари билан бирга буларни ҳам Раббийга бағишлади. 12 Боз устига, Зеруйаҳнинг ўғли Абишай Туз водийсида ўн саккиз мингта эдўмликни қириб ташлади. 13 У Эдўмда қўриқчи қўшинни қўйди ва барча эдўмликлар Довуднинг қулларига айландилар. Довуд қаерга бормасин, ҳамма ерда Раббий унга ёрдам берар эди. 14 Шундай қилиб, Довуд бутун Исроил устидан ҳукмронлик қилар ва ўзининг бутун халқи устидан ҳукмни ҳамда ҳақиқатни амалга оширар эди. 15 Зеруйаҳнинг ўғли Йўаб лашкарбоши, Аҳилуднинг ўғли Йеҳошафат эса тарихчи эди. 16 Аҳитубнинг ўғли Садок ва Абиатарнинг ўғли Абумалек руҳонийлар эдилар, Шавша эса котиб эди. 17 Йеҳойаданинг ўғли Бенайаҳ қерайтиликлар ва пелетликларнинг устидан бошлиқ эди, Довуднинг ўғиллари эса подшоҳнинг қошида биринчилар эдилар.